БУХОРХУДОТЛАР САРОЙИ

 Бухорхудотлар VI-VIII асрларда Бухорони идора қилган сулола ҳисобланади.  Мамлакатининг майдони ҳозирги Бухоро вилоятининг Бухоро, Когон, Ромитан, Жондор ва Қоракўл ҳудудларининг каттагина қисмини эгаллаган. Бухорхудот ҳукмдорлардан Коно мамлакатда биринчи бўлиб ўзининг тасвири ва унинг остига “Бухоро ҳокими” деган ёзув зарб қилинган кумуш тангалар чиқарган.

          Бухоро азалдан мўъжизалар шаҳри, дея эътироф этилиб, у дунё мўъжизаси, ҳайрат маскани сингари номлар билан аталган. Бу бежизга эмас, албатта. Шаҳарнинг қадимий шаҳар қўрғонлари жозибадорлиги, ғаройиблиги ҳамда инсониятнинг бемисл ақл-заковати билан бунёд этилган қасру саройлару ўзига хос меъморий ечимга эга.

Сайёҳу олимлар, меъмору тадқиқотчиларнинг диққат марказида бўлиб келаётган ана шундай шаҳарлардан бири Бухоро вилоятидаги жойлашган Варахша шаҳридир. Манбааларда шаҳар Фарахший, Афразший, деб юритилган. Мозийнинг обод манзилгоҳи Варахша шаҳри тўғрисида Бухоро тарихчиси Наршахийнинг “Тарихи Бухоро”  асари қимматли маълумот беради: Варахша подшоҳлар турадиган жой бўлиб, мустаҳкам қасрга эга бўлган. Унда обод бир қаср бўлган, гўзалликда уни намуна қилиб кўрсатар эдилар. Уни Бухорхудот бино қилган бўлиб, қурилганига минг йилдан ортиқроқ вақт ўтган.

Бухородан кўра қадимийроқ тарихга эга Варахша ундан 40 км шимоли-ғарбда, Дашти Урганжи  кўлининг қадимги Ражфандун воҳасида жойлашган. Варахша вайроналарининг умумий ҳудуди 9 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, баландлиги 10-20 метрли катта тепалик шаклида сақланиб қолган.

Буюк ипак йўли ёқасида жойлашганлиги сабаб, шаҳарга савдо карвонлари келиб турган. Манбааларда келтирилишича, ҳар 15 кунда Варахшада бир кун давом этадиган Наврўзи Кашоварзон (бозор сайили) – деҳқонлар янги йили нишонланган.

Бухорхудот ҳукмдорлари саналган Хотун подшо, Бидун, Тағшода ва унинг ўғли Қутайба, Бунёд ҳамда Хунукхудот даврларида шаҳар янада обод этилган. Варахша қалъасининг ўн бир жойида кузатув миноралари бўлиб, доимий соқчилик назорати йўлга қўйилган. Шаҳардаги бинолар ичида ҳукмдор саройи алоҳида ажралиб турган.  Қасрдаги хоналар деворлари алоҳида-алоҳида нақшинкор безаклар билан зийнатланган. Саройнинг машҳур Қизил хонасида Фил минган шаҳзода, чокарларнинг қоплонлар билан олишуви, қанотли туя  шаклидаги олтин тахтда ўтирган ҳукмдор тасвирланган бўлса, Кўк хонада катта тахтдаги баҳайбат ҳўкиз, уруш худоси ва қурбонлик қилиш саҳнаси тасвирланган. Бу бундан уч минг йиллар илгари заминимизда меъморчилик, тасвирий ва амалий санъат юксак даражада тараққий топганлигидан далолат беради.

4- бухорхудот1

Варахша саройидан топилган нодир монументал санъат асарлари, бўртма ганчкор суратлар ва бошқа муҳим ашёвий буюмлар музейларимиз тўридан жой олган бўлиб, аждодлардан авлодларга уларнинг буюк қудратини намоён этиб туради.

Ҳозирги кунда Варахша харобаларида археологик қазишма ишлари, илмий тадқиқот амаллари олиб борилмоқда. Ўзбек давлатчилиги илдизлари янада чуқурроқ ўрганилмоқда.

Варахша шаҳридан топилаётган моддий ва маънавий буюмлар хақлимизнинг илғор бунёдкор салоҳиятини яна бир карра бутун дунёга намоён этиб, жаҳон  тарихининг зарҳал саҳифаларида  умрбоқий муҳрланиши,  шубҳасиз.

Шавкат БОБОЖОНОВ