Ҳунар
Бола дунёсини ўйинчоқларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Болаларни соғлом фикрли қилиб тарбиялаш уларни мурғак калбига, айниқса, анъана ва қадриятларимизга нисбатан ҳурмат туйғусини шакллантиришда ўз қўлларимиз билан ясаган ўйинчоқларнинг аҳамияти беқиёсдир. Миллий ўйинчоқлар қўғирчоқсоз уста ва ҳунармандларнинг қалб қўри, меҳнат маҳсули сифатида юзага келади. Улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар табиий хом ашё-лой, тери, ёғоч, газламалардан тайёрланганлиги боис, экологик жиҳатдан тоза ва хавфсиз ҳисобланади.
Мустақиллик боис, миллий қадриятларимиздан бўлган кулолчилик санъатини ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилди.
Уста кулол ўз амалий ишини санъат даражасига етиши учун бор маҳоратини ишга солиб, ижодий ёндошган ҳолда меҳнат қилиши керак. Ана шунда у ясаган маҳсулот харидор эътиборини жалб эта олади. Табиий лойдан қўл меҳнати асосида юксак маҳорат, нозик дид ва меҳр билан тайёрланган эртак каҳрамонлари, кулиб турган юзларида ўзбекона лутф уфурган, ўзбегимнинг сулув қизлари, нуроний бобо ва фариштадай буви сиймоси тасвирланган ўйинчоқ ҳайкалчалар нафақат ўзбегимнинг, балки хорижий сайёҳларни ҳам беэътибор қолдирмайди.
Лойдан ясалган ўйинчоқларни азалдан халқимиз уй тўридаги жовонлар ёки меробларга териб қўйишган.
Мен ҳам амалий санъатнинг бу ноёб турини тайёрлашга жуда қизиқаман. Айни дамда бу санъатни мукаммал ўрганиш, унинг нозик сирларини билиш учун уста кулол Нозим Раҳмоновга шогирд тушганман. Ўйинчоқ ҳайкалчалар ясаётганимда, аввало, унинг ҳамма нарсага иштиёқ билан қарайдиган болаларнинг ва харидорларнинг қизиқиши ва ҳиссиётига эътибор бераман. Алоҳида эътибор, бадиий маҳорат билан яратилган ўйинчоқ ҳайкалчалар болаларга эстетик дид, гўзалликка меҳр, қарияларни қадрлаш туйғуларини тарбиялайди. Мен халқ амалий санъати намуналари бўлган ғоят нафис ва бежирим бўлган ўйинчоқларни кулолчилик маҳсулотларидан ясашнинг сир-асрорларинини ўрганиб, ўзим ҳам уста кулол бўлиб Когон туманимизда “Когон кулолчилик” мактабини яратишини мақсад қилганман. Мақсадим – йўлдошим бўлса, дейман.
Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА,
вилоят ҳокими стипендианти.