Жаҳонгашта Афанди Яна Бухорога қайтди!!!

Бухоро деганда кўз ўнгимизда қадимий, кўҳна қадамжолар билан бирга Хўжа Насриддиннинг қиёфаси гавдаланади. Биз бухороликлар Афандининг юртида у билан бирга яшасакда, бирга кулишсакда, уни соғинамиз. Жаноби Афандининг номини асрларга муҳрлашни кўзлаб, “Насриддин Афанди кунлари”ни бир неча йилдан буён нишонлаб келардик. Бироқ, дунё аҳолисини панага кўчирган пандемия сабаб байраму сайллар оммавий тарзда ўтказилмай қолди. Ниҳоят, касалликлар камайиб, вирус ҳам ортга чекингач юртимиз бағрига яна тўй-тантаналар қайтди. 1 апрель – кулги ва мутойиба куни муносабати билан Бухоро шаҳрида “Насриддин афанди кунлари” бўлиб ўтади.
Бухорода зўр карвон,
Ҳазиллари хиромон,
Афандию дорбозлар,
Халқни этади шодон.

Халқ оғзаки ижоди қаҳрамонлари саналган Насриддин Афанди, Мулла Мушфиқий, Ёртиқулоқ каби донишмандларнинг зукколик, ҳозиржавоблик фазилатларини тарғиб қилиш, сайёҳларга Бухоронинг туризм йўналишидаги имкониятларини намойиш этиш орқали халқлар ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган қувноқ фестиваль тонг саҳардан кечга қадар давом этади.
Насриддин Афанди…У Бухоро қаҳрамони, у халқнинг ижоди, у латифаларда энг биринчи тилга олинадиган ҳажвий характер. Афандижоннинг қачон, қаерда яшаб ўтганлиги ёки ҳақиқатан ҳам мавжуд бўлганлиги ҳақида бирор бир манбада келтирилмаган. Бироқ, тарихчилар қўлёзмаси ва йилномаларида Афандининг келиб чиқиши турлича берилган. Шунинг учун ҳам баъзида ёши катталардан сўрасак, “Тўқима образ-да. Халқ яратган”,-деб қўйишади. Тарихчиларнинг сўзларига қулоқ тутиб кўрганда эса бири Афандини Бухорода туғилган деса, бошқаси аслида уни хитойлик бўлган дейди. Қизиқ, нимага асосланиб турли гўшаларни унинг Ватани деб кўрсатишган? Аммо буларнинг барчаси кўпгина мамлакатларда унинг шарафига ёдгорлик ўрнатилишига халақит бермайди. Ахир, у ҳажвий қаҳрамон сифатида кўпгина юртларнинг халқ оғзаки ижодида учрайди. Масалан, Ўрта Осиё, Яқин Шарқ, Хитой, Кавказорти ва Болқонда тарқалган латифалар, ривоятлар ва эртакларида Насриддин Афанди ёки «Хўжа Насриддин» номи XIII асрдан бери тилга олинади. Латифаларда энг олди қаҳрамон бўлган Афанди образи ҳажвий йўл билан инсонларни гоҳида ҳушёрликка чақирса, гоҳида софдилликка даъват этади. Ҳақгўйлик, топқирлик, одиллик ва тантилиги билан ўсмирларга ўрнак бўла олади. Бу ҳозирги кунда саводсизлик ва бачканаликни тарғиб қилаётган айрим “юлдуз”га айланган ёшларнинг қисқа видеолари томошасидан кўра анча кўп тарбиявий жиҳатга эга қаҳрамон.
Ҳурматли Афанди сингари саёҳатчию дунёни кезган инсон топилмаса керак оламда. У ўз эшагини миниб бутун жаҳонни айланиб чиққан ва инсонлар юзида бир умр кулгу улашишдан чарчамайди. Шунка кўра нафақат ўзбек, усмонли турк, озарбайжон, қозоқ, туркман, қирғиз, қорақалпоқ, татар, бошқирд, уйғур ва бошқа туркий халқлар, балки форс, тожик, юнон, араб, болгар, серб ва бошқа туркий бўлмаган халқларда ҳам яшовчану курашчан қаҳрамон ҳисобланади.
Муҳтарам Насриддин Афанди насрий асарнинг энг сара ва адабиётнинг ўлмас қаҳрамони сифати соғга ҳам, беморга ҳам бирдек маъқул ва манзур бўлган. Ҳамиша ва ҳар доим Хўжа Насриддиннинг кулгулари, самимияти биз билан яшасин!

Зулфизар Мавлонова,
“Buxoro yoshlari” газетаси мухбири.