ҒАРИБ ҒОЯЛАР КУШАНДАСИ

Мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг ҳуқуқий билим ва маданиятини юксалтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган. Шу маънода фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнида ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш масалаларига ҳам алоҳида аҳамият қаратилган.

Фуқаролик жамиятининг тараққиёти ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараси кўп жиҳатдан ёшларнинг ҳуқуқий маданияти даражасига боғлиқ. Бугунги кунда ёшларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда, фуқаролик жамияти шакллантиришда ёшларнинг ўрни ва ролини кучайтириш мақсадида  мамлакатимизда 40дан зиёд қонун хужжатлари қабул қилиниб, ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланган.

Биргина мамлакатимизда  1991 йилнинг 20 ноябрда қабул қилинган “Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонун ёшларнинг ҳуқуқий ҳамда маънавий камол топиши учун шарт-шароит яратиб беришда муҳим йўл очиб берган бўлса, 2014 йилнинг 6 февралида қабул қилинган “Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарор ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни янада кучайтириш, ёш иқтидорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар ҳам ёшларнинг ҳуқуқий билимларини кенгайтиришга хизмат қилди.

Бу борада вилоятимизда амалга оширилаётган ишлар ҳам диққатга молик.

Айтиш жоизки, бунда бир қатор давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаол иштирок этиб келмоқда. Биргина “Камолот” ёшлар ижтимой ҳаракати Бухоро вилояти Кенгаши томонидан 2015 йилнинг хозирги даврига қадар ёшларнинг ҳуқуқий-сиёсий маданиятини янада кучайтириш мақсадида 1112 та семенар-тренинг, “давра суҳбатлари”, конференциялар ва очиқ мулоқотлар ўтказилган.

Бундан ташқари, вилоятимизда ёшлар йўналишида Хотин-қизлар қўмитаси, Республика маънавият-тарғибот маркази вилоят бўлими, “Ёшлар келажаги”, “Авлодлар-истиқболи” нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ҳам самарали ишлар йўлга қўйилган.

Эътибор қаратиш лозим бўлган яна бир жиҳат шундаки, давлат ва нодавлат ташкилотлар томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий, сиёсий, ахлоқий саводхонлигини кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишларга ёшлар эътиборини жалб қилиш муҳим. Чунки ёшлар орасида ўзига берилган имкониятлардан фойдаланмайдиган, жамиятда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга беэътибор, ҳуқуқий, сиёсий ва маънавий кўникмалари саёз бўлган йигит-қизлар ҳам йўқ эмас. Бу эса, албатта, бугун масъул ташкилотларимиз томонидан амалга оширилаётган ишларнинг тўлақонли самара бермаётганидан, давлат дастурлари чора-тадбирлар режаларининг айримлари хўжакўрсинга бажарилаётганидан далолат беради. Ёшлар масалаларига панжа ортидан ёки эътиборсиз қараш, маънавий бўшлиқни ҳосил қилиши ҳеч гап эмас. Маънавий бўшлиқ эса жамиятнинг энг ожиз томони. Қайсики, бузғунчи кайфиятдаги шахслар, экстремистик оқимлар, халқаро майдонда ривожланаётган давлатларнинг айнан ана шу бўшлиғини ўзининг жирканч мақсади билан тўлдириш учун изғиб юрибди. “Ўзбекистон ислом ҳаракати”, “Ислом шом ироқ давлати”, “Ҳизбут таҳрир” “Мусулмон биродарлари”, “Нурчилар”, “Марказий Осиё мужжоҳидлар жамияти”, “Алъ-Қоида” “Ваҳобийлар”, “Толибонлар” ҳаракати каби экстремистик, террорчи гуруҳлар тўдасига ҳудудимиз ёшларининг ҳам тушиб қолмаслиги учун уларнинг сиёсий ва маънавий кўникмаларини янада ошириш, мустаҳкамлаш учун ёшлар ташкилоти собитқадам ҳаракатда бўлиши, уларнинг бўш вақтларини маънавий-маърифий, ҳуқуқий-сиёсий, соғломлаштириш ишлари каби ижтимоий тадбирларни юқори савияда ташкил этиш билан тўлдириши лозим. Зеро, ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол ёшлар ҳеч қачон ёт ва ғариб ғоялар таъсирига тушиб қолишмайди. Ва албатта, ҳамжиҳатлик билан қилинган маънавий тарғибот ҳаракатлари ғариб ғоялар кушандаси бўлиб хизмат қилади.

 

Жасур АҲМЕДОВ,

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг

қилиш мустақил институти Бухоро вилояти ҳудудий

бўлинмаси катта мутахассиси.