Китоб ўқиш – инсонга нафақат, руҳий, балки унинг саломатлигига ҳам ўз ижобий таъсири мавжудлигини намоён эта олади. Хўш, мутолаанинг афзалликлари бор, демоқчимисиз?
Мутолаа асабни тинчлантиради, уйқусизликдан қутулишга ёрдам беради. У қалбни юмшатади. Ғазабни босади. Бағрикенгликка чорлайди. Ҳатто, тушкунликка қарши курашишда ҳам китоб ўқишнинг самарали аҳамиятини англайсиз.
Айтиш жоизки, китоб ўқийдиган инсонлар ҳаётда фаол бўлишади. Мунтазам ҳаракатда бўлиш эса ўз-ўзидан саломатликни мустаҳкамлайди.
Биз, тиббиёт масканимизга шифо излаб келган беморларни кўрикдан ўтказгач, ҳатто, уларнинг қандай китоб ўқиётганларига ҳам қизиқдик. Улар орасида қарийб, ўн йиллардан буён “китоб ўқишга вақт ажратмаганман” деганлари ҳам учради. Сўнг уларга турли китобларни ўқишни тавсия қилдик. Тавсиямизга амал қилишди. Ҳатто, йиллаб оғриб юрган беморлар кейинги гал тиббий кўрикка келишганда, анча тетиклашганини айтишди. Тўғри, китоб дори-дармону нина билан даволовчи восита эмас. Аммо у руҳиятни тозалайди, ғаму ташвишдан, ортиқча ўйлардан тозалайди. Шу боис, инсон жисмонан ҳам соғломлашиб бораверади. Унутмаслик керакки, китоб ўқимай қўйиш инсондаги камтаринлик, олижаноблик ва бағрикенглик каби гўзал тушунчаларни ўзи англамаган ҳолда аста-секин емира бошлайди.
Хулоса шуки, китоб – инсон умрини нурафшон қилади, руҳиятини тозалаб, жисмоний саломатлигини оширади.
Баҳодир Хўжақулов,
Бухоро шаҳридаги 3-Оилавий поликлиника жарроҳи.
🔺@by_gazetasi