Бухорода “Абу Али ибн Сино ва Covid-2019” мавзусида ХI Халқаро Ибн Сино ўқишлари илмий-амалий анжумани ўтказилди. Анжуманда Қозоғистон, Қирғизистон, Германия, Исроил, Ҳиндистон, Эрон, Хитой, Россия, Туркия, Франция, Озарбайжон каби қатор давлатлардан таниқли олимлар ташриф буюрди.
Анжуманнинг биринчи кунида Бухорога ташриф буюрган меҳмонларнинг Абу Али ибн Сино номидаги мемориал-музейига саёҳати уюштирилди.
– Абу Али ибн Сино мероси эзгуликка, ер юзидаги барча инсонларнинг саломатлигига хизмат қилаётган экан, демак, у умумбашар фарзанди, буюк сиймодир. Анжуманга келган хорижлик меҳмонлар ҳам улуғ олим туғилган Афшона қишлоғида бўлишганидан бениҳоя хурсанд. Улар музейни томоша қилиб, ўзбек халқининг Ибн Сино хотирасига бўлган меҳр-муҳаббатини, унинг меросини кўз қорачиғидек асраб-авайлашини кўриб, таҳсинлар айтишди,- деди Ибн Сино жамоат фонди бошқаруви раиси Нозимхон Маҳмудов.
Анжуман доирасида Ибн Сино жамоат фонди ва Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти ўртасида ҳамкорлик меморандумм имзоланди.
Ёшлар марказининг мажлислар залида “ХI-Ибн Сино ўқишлари” бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистонда юқумли бўлмаган касалликларга қарши профилактика чоралари ва хавф омиллари муҳокама қилинди. Шунингдек, Германия, Ҳиндистон, Исроил, Бирлашган Араб Амирликлари ва Туркиядан келган халқаро илмий гуруҳ аъзолари томонидан “Абу Али ибн Сино қўлёзмаларидан замонавий тиббиёт амалиётига” мавзусида маҳорат дарси ўтказилди.
Германиялик тиббиёт фанлари доктори, профессорлар Муҳаммад Адам ҳамда Амина Атхер, ҳиндистонлик Абдур Рауф, Бангладешдан ташриф буюрган профессор Жаннат Оракатул, шунингдек, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти кафедра мудири Мирза Ғофур Охунов ва бошқалар тадбир дастурига мувофиқ ўтказилган ўндан ортиқ учрашув, илмий-услубий анжуман ва маҳорат дарслари иштирокчиларда илиқ таассурот қолдирди.
– Марказий Осиё халқлари маданиятини Ўрта аср шароитида дунё маданиятининг олдинги қаторига олиб чиққан буюк мутафаккирлардан бири Абу Али ибн Сино, маълумки, Европада Авиценна номи билан машҳур. Ўткир зеҳни, такрорланмас истеъдоди билан илм-фанни чуқур ўрганишга, ўзининг фалсафий ақл назарияси билан дунёни ҳайратда қолдирган буюк даҳо туғилиб ўсган бебаҳо тупроқни зиёрат айламак биз учун ҳам шараф, ҳам қувончдир, -деди германиялик тиббиёт фанлари доктори, профессор Муҳаммад Адам.
Анжуман материаллари “ХI-Халқаро Авиценна ўқишлари” илмий мақолаларининг махсус тўпламида нашр этиладиган бўлди.
Лайло Ҳайитова
🔺@by_gazetasi