ёхуд Вобкентдаги 10 йилдан ортиқ вақтдан буён 9 минг аҳолига хизмат кўрсатиб келаётган таъмирталаб тиббиёт пункти ҳақидa
Вобкент туманидаги “Пахтакор” оилавий шифокорлик пунктида тумандаги Қўқин, Рохкент ҳамда Гулистон маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи аҳолига биринчи тиббий хизмат кўрсатилади. Мазкур уч маҳаллада жами 7 та қишлоқ мавжуд бўлиб, 8735 нафар аҳолиси бор. “Таъмирталаб, деворлари нураб, сувоқлари кўчиб кетган ушбу тиббиёт муассасаси манзили яшаш уйимиздан анча олисда бўлгани учун кунлик муолажаларни тўлиқ олиш мақсадида кун-узун қолиб кетамиз. Бироқ, зах ва совуқ хоналар саломатлигимизни тиклашимизда баттар ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди”,-дейилади мурожаатда.
Ҳолат билан яқиндан танишиш мақсадида “Пахтакор” оилавий шифокорлик пунктида бўлдик. Маълумотга кўра, бино 1979 йилда “колхоз” меҳмонхонаси сифатида тикланган. 2007 йилдан эса тиббиётга маскани сифатида мослаштирилган. Ташқи томондан бир қарашда салобат тўкиб турган бино ички қисми ачинарли аҳволда, маънан эскирган. Шундоқ кираверишда жойлашган “Ижтимоий дорихона”ни таъминловчи электр симлари чатишиб кетган, хавфсизлиги таъминланмаган. Бошқа хоналар ҳам совуқ. Деворларининг сувоқлари нураб, тўкилишни бошлаган. Паст даражадаги иқлимга қарамай, иссиқлик тизими ишга туширилмаган. Бинода нам ва зах ҳиди баланд. Умумий шифокор амалиёти бўлими ҳам ачинарли аҳволда. Кейинги хоналардан бирида яроқсиз жовонларда “босиб” қўйилган ва нам тортган тиббий ҳужжатлаи ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
Тиббиёт муассасаси биноси эскириб, хизматини қилиб бўлган. Бироқ бино сизот сувлари ариғи яқинига жойлашгани боис ҳам таъмирлаш ишлари фойдасиз бўлиб қолмоқда”,-дейди Шуҳрат Ражабов.
Эътиборимизни “Ҳамширалар хонаси” ўзига жалб этди. Ўн бешга яқин ҳамширалар ўтирган хона совуқ, сувоқлари кўчган, деворлари тўкилиб кетган. Ҳолат бўйича улар билан раҳбарларисиз суҳбатда бўлар эканмиз, ҳамширалар ўз шахсларини очиқлантиришни исташмади.
– Ёриқ ва “ямалган” поллар намликни яна ҳам “таъминлаб” турганини кўриб турибсиз. Шу аҳволда ишлашга мажбурмиз. Гоҳида бир кунда уч марта муолажа олиши лозим бўлган беморлар билан кечки соат 21 ларга қолиб кетишимизга ҳам тўғри келади. Бундай пайтда ўз соғлигимиз учун ҳам қайғурамиз”,-дейди ҳамширалардан бири.
Улар орасида 8-9 йилдан буён ушбу поликликникада фаолият юритиб келаётганлар кўп. Лекин аҳвол ўзгармаган.
– Начора, биз оддий ҳамшира бўлсак. Кўниб ишлашга мажбурмиз”,-дейди кейинги ҳамшира.
Ҳамшираларга кўра, бинонинг ички қисмларини таъмирлаш ишлари ойлик маошлардан йиғиш орқали ҳам амалга ошириб келинган.
– Пул йиғишларга эътирозимиз йўқ. Ҳар доиммас, аммо ора-сира йиғишамиз. Чунки, ишхона ҳам иккинчи уйимиз. Мачитга ҳам ташлаймиз-ку, шу пулни! Бироқ, кун-узун шу ерда ўтирганимиздан кейин чўнтагимиздан сарфлашмас, таъмирлаш ишларининг бесамар кетаётгани биз учун ачинарли”,-дейди яна бир ҳамшира.
Ҳамширалар суҳбат давомида ишончсизлик билан ўзларининг қатъий эътирозларини билдиришди. “Ҳар йили камида икки-уч марта туман мутасаддилари келиб, аҳволни ўрганишади. Суратларга олишади. Таъмирлаш ишлари бўйича ваъдалар бериб кетишади. Аммо, қандайдир сабаблар билан яна кўринмай кетишади”,-дейишди.
Зах ва нам тортган оилавий шифокорлик пункти хоналари ҳолатини бир-бир кузатар эканмиз, “бундай шароитда ишлаш ўзингиз учун ҳам ноқулайлик туғдирмайдими?”-деган саволимизга бош шифокор Нафиса Ҳамроева: “Тўғри, ноқулай. Аммо мен асли туман туғруқхонасида ишлардим, бу ерга эса яшаш уйим яқинлиги учун келганман”,-деб қолди қўққис. Жавобдан бош шифокор гўёки кечагина ишга келган маъно англашилади. Афсуски, Нафиса Ҳамроеванинг тиббиёт муассасасида ўн йилдан ортиқ вақтдан буён бош шифокор сифатида ишлаб келаётгани маълум бўлди.
Бош шифокорнинг билдиришича, тиббиёт ходимлари ойлик маошларидан йиғиш эвазига ҳам оилавий шифокорлик пункти биноси ички қисми таъмирлаш ишлари амалга оширилган.
– Ўн йилдан бери фаолиятим давомида аҳолига самарали хизмат кўрсатиш учун турли мутасадди ташкилотларга бир неча маротаба мурожаат қилганман. Лекин натижасиз қолиб кетган. Бир неча марта тиббиёт ходимлари ҳисобидан ўз кучимиз билан ҳам таъмирлаганмиз. Тиббиёт бирлашмаси томонидан маблағлар ажратилган. Ушбу маблағлар эвазига бинонинг том қисми, эшик-деразалар, эски раковина ва қувурлар алмаштирилди. Ҳожатхона таъмирланди. Ҳам у (бирлашма, демоқчи), ҳам бу (тиббиёт ходимлари ойлик маошлари, демоқчи) томон маблағларидан фойдаланилди, уч-тўрт йил олдинроқ,-дея ўз сўзини чалғитишга уринди бош шифокор.
Бош шифокор айтмоқчи, “янгиланган” раковиналар аллақачон хизматини ўтаб бўлган, қувурлар носоз. Ҳожатхона ва ювиниш хоналарининг нечоғли “таъмирланган”ини эса суратлар изоҳлаб турибди.
– Тиббиёт ходимлари ойлик маошларидан таъмирлаш ишлари олиб боришга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Мазкур оилавий шифокорлик пунктида уч нафар олий маълумотли шифокор ва йигирма нафарга яқин тиббиёт ходимлари хизмат кўрсатади. 2019 йилда бинонинг том қисмини янгилаш учун 70 миллион сўм маблағ сарфланди. 2020 йилда эса ички қисми косметик таъмири учун туман тиббиёт бирлашмаси маблағлари ҳисобидан 2 маротаба 20 миллион сўмдан, яъни 40 миллион сўм маблағ ажратилди. Вобкент туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли “Пахтакор” оилавий шифокорлик пункти биносини Ўзбекистон республикаси Вазирлар маҳкамасининг 2021 йил 22 апрелдаги “2021-2023 йилларда Бухоро вилоятининг Вобкент туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 234-сонли қарори асосида 2023 йил Республика бюджет маблағлари ҳисобидан 1,2 млрд сўм маблағ эвазига реконструкция қилиш кўзда тутилган,-деди Шуҳрат Ражабов.
Ушбу масала юзасидан Вобкент тумани ҳокими Фарҳод Умаров билан суҳбатда бўлди. Туман ҳокими бундай шароитдаги оилавий шифокорлик пунктлари туманда бир нечта эканини билдирди. Унга кўра, Воши, Янгикент, Чўрикалон оилавий шифокорлик пунктлари биноси хом ғиштдан қурилгани боис, уларни янгидан тикланишга эҳтиёж мавжуд.
– Туман тиббиёт бирлашмаси жами 18 та даволаш-профилактика муассасаларидан иборат. Жорий йилда туман марказий касалхонаси маҳаллий бюджет ҳисобидан 396 миллион сўм маблағ ҳисобига ҳушёрхона биноси қуриб, фойдаланишга топширилди. Салкам 1,5 миллиард сўм эвазига марказлашган кислород станция ишга туширилди. Шоҳнигор, Тераклик, Найман оилавий шифохона пунктлари тўлиқ қайта таъмирланди. Айни пайтда Пахтакор оилавий шифохона пунктидан ташқари, Ўзбакон, Гулистон, Пушмон тиббий хизмат уйлари бинолари ҳам оғриқли нуқтамиз бўлиб турибди. Бари жорий таъмирланишга келиб қолган. Уларни босқичма-босқич тўлиқ қайта тиклаш ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган,-деди Фарҳод Умаров.
Лайло Ҳайитова
🔺@by_gazetasi