ИНТЕРНЕТ-КЛУБЛАРДА  “ЖАНГУ-ЖАДАЛ” БИЛАН БАНД ЁШЛАР

Биласанми, дўстим, янги-янги технологиялар кундалик ҳаётимизга тобора шиддат билан кириб келаётган ҳозирги кунда кўпчиликнинг, айниқса, ёшларнинг дунёқараши ўзгариб бормоқда. Бунинг фойда тарафлари бисёр, албатта. Масалан, жаҳоннинг илғор мамлакатларида боғча, мактаб болалари дунёқарашини, фикрини кенгайтириш мақсадида махсус компьютер дастурлари, қизиқарли виртуал ўйинлар ишлаб чиқариб, улардан унумли фойдаланишмоқда. Бундан ташқари, сен ана шундай дастурлар ёрдамида хоҳлаган тилни ўрганишининг, тарих ва маданият дунёсидан хабардор бўлишинг мумкин. Ғарбда, ҳатто, қамоқдаги маҳбуслар ҳам интернет тармоғи орқали бирор бир ўқув юртига имтиҳон топшириб, ўқиб диплом олишлари мумкин. Эҳ-ҳе, ишқилиб, компютер ва интернет имкониятлари ҳақида кўп гапириш мумкин. Аммо ҳар нарсанинг фойда ва зарари бўлганидек, компьютер, қолаверса, интернет ҳам бундан мустасно эмас.

Ушбу мақола эскирган, сийқаси чиққандек туюлар, аммо, қўл телефонларда интернетдан фойдаланиш муаммоси йўқлиги етмагандек, интернет-клубларнинг ҳам ёмғирдан кейин чиқаётган қўзиқориндек кўпайиб бораётгани ҳайратланарли.

Айниқса, ўсмир болаларининг қарийб 70 % бўш вақтини асосан, ана шундай ўйингоҳларда ўтказади. Қизиқ, ўқувчининг диққатини жалб қилаётган, китобга, ўқишга бўлган қизиқишидан-да олийроқ ҳурматга сазовор бўлаётган “Интернет-клуб” даги жангу-жадал ўйинлар ўзи нима, у ерда тенгдошларимиз нима билан шуғулланишади, бунга ота-оналар қандай қарашади? Қани, бу ҳақда уларнинг ўзларидан сўрайлик-чи…

Фирдавс ўқувчи:

-Мен географияга қизиқаман. Ушбу соҳага доир олган билимларим билан чекланиб қолишни хоҳламайман. Ўз билим даражамни кенгайтиришда, қизиққан мутахассислигимга оид маълумотлар тўплашда интернет катта хизмат қилади. Менимча, интернет инсон тафаккурини ўстиришда яна бир омилдир.

Абдуқодир, интернет-кафеда ишлайди:

– Асосан болалар ўйин ўйнагани келишади. Доимий мижозларимиз 3-7 синф ўқувчилари. Битта 5- синф боласи келиб, ҳатто соат 23:00 гача ўтирди. Бир куни қизиқиб, пулни қаердан оласан, десам, дадамларнинг чўнтагидан “ухлатаман”, ўзлари ҳам берадилар, дейди. Ота-онаси кечгача бозорда савдо қилишганидан кейин, кунини шу ерда ўтказади-да.

Гулбаҳор опа, сотувчи:

– Менга қолса, турли компьютер ва интернет хоналарини ёпиб ташларди. Маҳалламизда шундай жой бор. Ўша ерда туну-кун болалар ўйин ўйнашади, ё ҳар хил маза-бемаза кинолар кўришади. Ўғлим ҳам ҳар доим овқатланишга берилган пулни ишлатмай, қўлидаги телефони етмагандек, интернет кафега совуради. Деярли, ҳар куни ишдан келиб, ўғлимни ўша ердан “судраб келаман”. Бу туришда ўқишни ҳам унутиб юборадиганга ўхшайди.

Зиёдулла, талаба:

– Мен ҳар кунги янгиликларни, дунёнинг турли бурчагида юз бераётган табиий офат ва фалокатларни билишга, уларнинг сабабларини ўрганишга қизиқаман ва шу мақсадда интернет клубга келиб, интернетдан унумли фойдаланаман. Қўл телефондан фойдалангандан кўра, арзонроқ.

Ботир, ўқувчи:

– Зериксам, шу ерга келаман. Бирор бир дарс ёқмаса, болалар билан “қуённи расмини чизиб”, компьютерхонага келамиз. Уч соатларча “Соnter Strike” ўйнаймиз. Она тили ўқитувчимиз Саттор ака, ҳатто, ўша ергача бизни қидириб келади. “Майли, шунисига ҳам шукур, кўчада санғиб юрмайсанларку”, деб вазифа бериб кетади.

Карим, талаба:

– Яқин дўстим ҳозир Туркияда ўқияпти. Интернет кафега кириб, у билан электрон почта орқали тез тез хат ёзишиб турамиз. Баъзан бирор чатда орқали ҳам боғланамиз.

Ёдгор ака, 5та интернет кафе очган:

– Ука, тўғрисини айтсам, ўзим интернет энди ўрганяпман. Очган компьютер хоналаримнинг ҳаммасини жиянларимга топшириб қўйганман. Интернету компьютерларга пул тўладиму, қолганини ўзларинг эплаб олларинг, дедим. Ҳар куни пулини ўзлари олиб келиб беришади, фойдаси ёмон эмас. Бўш вақтим бўлганда, кино кўриб ўтираман. Тавба, асосий мижоз чурвақалар экан, булардан фойда қилишга одам бироз уяларкан…

Равшан, ўқувчи:

– Мусиқа тинглашни жуда ёқтираман. Баъзан ҳадеб насиҳат тинглаш одамнинг руҳиятини тушкунликка солади. Ана шундай дамларда киши завқ бағишлайдиган нарсаларни қидиради. Мен ана шундай нарсани Интернет кафедан топганман. Бу клуб мен учун ҳордиқ чиқариш масканидир.

Жамол, талаба:

– Нима иш билан интернет-клубга кирдиму, донг қолдим. Йиллар, замонлар ўзгариб, қўл телефонда барча имкониятлар пайдо бўлганига қарамай, интернет клубларга бориб, яна шовқин-сурон билан “жангу жадал” ўйнаётганларни кўриб, ҳайратда қолдим. Ўзим қатори ёш-яланглар бақириб-чақирган, қий-чув… Интернет – бу наркотик, сигаретадек гап. Бир марта адашиб келиб қолса, тамом жангавор ўйинлари, фантастик фильларини кўнгил қурғур яна қўмсайди.

Мазкур мавзуда ўқитувчи-педагог фикри билан қизиқиб, уни таҳририятимизга таклиф этдик.

Муҳиба ҲУСЕНОВА, ўқитувчи:

– Ҳозирги замонда турли уяли қўл телефонлари, компьютер, Интернет каби тушунчалар болалар онгини эгаллаб олмоқда. Улардан оқилона, меъёрида фойдаланиш яхши, албатта. Тиббий томондан эса балоғат ёшидаги ва жинсий ривожланиш давридаги ўғилу қизларга компьютер қаршисида кўп ўтириш ўта зиёндир. Чунки бунинг оқибатида инсон организми нотўғри ёки жуда суст ривожланади. Бола психикаси бузилади, у тез толиқувчан бўлиб қолади ва бу албатта, унинг ўқишига салбий таъсир кўрсатади. Умуман олганда, ёш болалар компьютер қаршисида бир кунда узоғи билан 20-30 дақиқа ўтиришлари керак. Шунингдек, бола дарслардан ва китоб мутолаасидан йироқлашади ва бу ўз навбатида бу унинг дунёқарашида бўшлиқ пайдо бўлишига сабаб бўлади.

🔺@by_gazetasi