Ҳар бир киши эрталабдан фақат эзгу ниятлар билан кўчага чиқади. Хонадон аҳли бир-бирларига чин дилдан “ой бориб, омон келиш”ни тилаб қолади.
Бироқ айни вақтда кунда бир қанча автоҳалокатга гувоҳ бўляпмиз. Бундай кўнгилсиз воқелик ортида не-не уқубатлару йўқотишлар, не-не асаббузарликлару дилхираликлар, не-не аламлару қалбни ўртаб юборадиган пушаймонликлар бор. Буларни тасаввур этиш қийин эмас. Авваллари кунора бир кўзимиз тушадиган йўл-транспорт ҳодисаларига бугун кунига камида икки-уч марта шоҳид бўламиз. Булар ҳаммаси йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик оқибатидир. Зеро, “Йўл ҳаракати қоидалари” бузиш учун берилмаган.
Ромитанлик Рауф Садиров ҳам ана шундай йўл қоидаларига риоя қилмай, транспорт воситаси ҳаракати ёки ундан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш жиноятини содир қилган. Спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда автомашинани бошқариб, Бухоро шаҳридаги “Газли шоҳ” кўчаси ҳудудидан ўтувчи А-380 йўлидан “Шербуддин” тўйхонаси томонидан “Карвон” бозор чорраҳаси йўналиши бўйлаб ҳаракатланган. Ва ўзидан олдинда у билан бир йўналишда ҳаракатланиб бораётган Иззат Қодиров бошқарувидаги “Спарк”нинг орқа томонига зарб билан урилган. Оқибатда автомашинанинг олд ўриндиғида ўриндиғида бўлган йўловчи Муҳсин Жобиров ўта оғир тан жароҳати олган. Автомашинага ҳам жиддий зарар етказган.
Суд ўз ҳатти-ҳаракати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 266-моддасининг 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилган Рауф Садировнинг мастлик ҳолатида жиноятини оғирлаштирувчи ҳолатлар, деб ҳисоблайди.
Статистикага кўра, дунёдаги энг жиддий қоидабузарликлар тезликни ошириш, маст ҳолатда ҳайдаш, қизил чироқдан ўтиш ҳисобланади. Бу ҳуқуқбузарликлар учун дунёнинг деярли барча мамлакатларида энг катта жарималар белгиланган. Белгиланган тезликдан ошиб кетиш бахтсиз ҳодисаларнинг 40 фоизигача сабаб бўларкан.
Эҳтиёт бўлинг, ўзингизни ва оилангизни асранг!
Акмал Жабборов,
Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди судьяси.
@by_gazetasi