МАТБУОТ ТАРҚАТУВЧИ ДЎКОНЛАРИ ХИЗМАТИ ҚАНДАЙ?

Ҳар ишнинг ўзига яраша машаққати бўлгани сингари газетачиликнинг заҳматини ҳам шу соҳанинг вакили бўлмасдан туриб, англаш осон эмас экан.
Рўзномани ўқишга яроқли ҳолга келтириб, уни долзарб мавзудаги саҳифалар билан бойитиш – газета жамоасидан катта масъулиятни талаб қилади. Ҳар бир сўз устида соатлаб баҳслашишади баъзан. Газетхонлар томонидан келган шеър ва ҳикоялар устида ишлашнинг ўзи бир машаққат. Бироқ, ижоди газетага босилиб чиққан ҳавасманднинг: “Ўзи мен шеъримни қайси газетага берганман, шеърим чиқдими?”-деган сўрови ҳам ижодий ходимларнинг ҳафсаласини пир қилади. Энг қизиғи:
– Шеърим босилиб чиққан газетани қандай топсам бўлади? Илтимос, менга ўша газетанинг сонидан етказинг,-деган мурожаaт билан камида тўрт ойлардан сўнг йўқлаб қолишади.
Ёки:
– Шеъримнинг сарлавҳаси эсимда йўқ эди-да, исм-фамилиямдан кўриб топиб берсангиз-чи? Ҳужжатларим учун жуда зарур. Иложи бўлса, телеграммдан зудлик билан расмга олиб жўнатинг,- дейишади хижолатсизлик билан, етмагандек буйруқнамо. Шунда ҳам ёш ижодкорнинг кўнглини ранжитишни истамай:
– Майли, ҳали ёш-да, чиққан шеърини расмга олиб жўнатинглар,-дейди бош муҳарриримиз кулимсираб.
Европа давлатларида ҳали-ҳануз газеталарнинг ўрни юқори. “Тонгни бир финжон чой ва газетасиз тасаввур этолмайман”,- дейди таниқли миллионерлар. Газетасиз бошланган кунни европаликлар, ҳатто, кун сифатида ҳисоблашмас экан. Чунки газетанинг ўрнини ҳеч қандай матоҳ эгаллай олмайди. Бу айни ҳақиқат!
Бизда эса кўча-куйда онда-сонда учраб қоладиган матбуот тарқатувчи дўконларининг кўпчилиги аллақачон ёпилиб бўлган ёки бошқа мақсадларга йўналтирилган.
Беш-олти ойча илгари содир бўлган воқеани эсласам, ҳалиям таъбимни хира бўлади. Балки, бу мақолани ёзишимга ҳам шу ҳодиса сабаб бўлгандир. Вобкент тумани марказидаги асосий йўлнинг бир четидан ўтиб борар эканман, орқадан кимдир исмим билан чақирди. Мактабдаги адабиёт ўқитувчим экан, кўриб, севиниб кетдим. Бир-биримиз билан бағирлашиб кўришдик, мактаб пайтларини ҳам ёдга олдик.
-Ўқишни ҳам тугатай, деб қолибсан, нималар билан бандсан?
Таҳририятга ишга кирганимни айтдим. Устозим менга ҳавас кўзи билан боқди. Газетчилик қийин ва масъулиятни талаб этишини тушунтирган бўлди. Биз шундоқ матбуот тарқатувчи дўкони олдида суҳбатлашиб турганимиз учун ҳам кўнглимдаги кечинмаларни яширолмадим.
– Устоз, эсингиздами, биринчи марта шеърим эълон қилинган газетани шу ердан сотиб олган эдик. Юринг, шу сонда ёзган мақоламни сизга кўрсатаман,- деб устозимни қўярга-қўймай олиб бордим.
Узоқдан қараганда, пайқаш қийин бўлмаслиги учун дўконнинг ойнасига “Гумма, сомса, хот-дог, софе, cоcа-cола бор!”- деб ёзилган ёзувни кўриб, ҳайратда қолдим. Чиқмаган жондан умид,-деб дўконнинг кичкина дарчасига бошимни суқдим. Пишириқлар пиширилаверилганиданми, ёғнинг ачимсиқ ҳиди гупиллаб димоғимга урилди.
– Нима керак гумма оласизми? Иссиққина сомса бор,- дея ёғли қўлларини этагига арта бошлади дўкон эгаси. Эндигина пиширилиб, ёғи ўзига урмаслиги учун уюиб қўйилган гуммалар тагидаги газетани кўриб ич-ичимдан зил кетди.
***Р/S: Бу воқеага, чамаси, ярим йилча бўлиб қолди. Кеча яна бир иш билан шу ёққа йўлим тушиб қолди. Бугун эса ақлимни танигандан бери бор бўлган кичкинагина матбуот тарқатувчи дўконидан нишон ҳам йўқ. Олиб ташлашибди. Унинг ўрнида янги қурилиш ишлари бошланиб кетган. Шу икки энлик жойни ҳам босма нашрлар учун ажратишни исташмапти-да. Ҳартугул, босма нашрлар сотувигамас, кўпроқ пишириқлар пишириб сотишга хизмат қилганидан кейин… нима ҳам дердик?!
(Мавзуга қайтамиз)Раҳима Атоева, “BYO” мухбири.