ОЧДАН ЎЛГАН КАШФИЁТЧИ

XIX асрнинг охирларида германиялик Паул Шульц исмли қассоб иш қидириб Америкага боради. Узоқ вақт ўз касби бўйича иш тополмай, хуноб бўлиб юрганида, газетадаги бир эълон эътиборини тортади.

«Чикаго шаҳридаги катта кушхонада бўш иш ўрни бор» дейилган эди унда. Шульцнинг бахти кулгандай бўлди. Мана энди ўз севган ҳунари билан машғул бўлиши мумкин, лекин ҳаёт кечириш жуда оғир, маошга яшаш қийин…

Шульц Чикагодаги ўша катта кушхонада анча вақт ишлади. У ерда ҳар куни минглаб ҳайвонлар сўйилар, уларнинг аччиқ ичакларидан айрим қисмларини мусиқа асбоблари учун тор ясайдиган усталар олиб кетишар, қолгани ҳандаққа улоқтирилар, итларга бериларди. Жуда оз маошга ишлайдиган Шульц ҳар куни ана шу аччиқ ичакдан бир қулочини олиб кетар, ижарага олган харобгина кулбасида шуни қовуриб ёки сувда қайнатиб еб, қорин тўйдирарди. Ҳар куни бир хил нарса еявериш жонига теккан Шульц бир оқшом ўзи олиб келган ичакнинг ичига озроқ қийма солиб, ҳасип тайёрлаб кўрган эди, бинойидек емак бўлди. Шу бўлди-ю, Шульц айни таом устида тажрибалар олиб бора бошлади: қиймага янчилган пиёз, саримсоқ қўшди; ҳасипни қалампирмунчоқ, лавр япроғи солинган қайнатмаларга солиб пишириб кўрди; қиймасини мол гўштидан, қўй гўштидан, чўчқа гўштидан тайёрлаб кўрди; ҳар хил зираворлар солинган қиймани аччиқ ичакка қуйиб, калта-калта қилиб боғлаб, буғда пишириб кўрди. Натижа ажойиб! У ўзи ижод қилган ҳасипни «сосиска» деб номлади. Тажрибалар давомида у сосисканинг жуда хушхўр, картиллама хилини кашф қилди ва унга она шаҳри Франкфурт номини берди.

Минг афсуски, Шульц дунё таомномасига яна бир янги емак турини қўшган кашфиётчи бўлганини ҳам англамади; ушбу кашфиётининг сирини ҳеч кимга айтмаслиги кераклигига ҳам ақли етмади. Ким кўринса, ўшанга майда хушхўр колбасачалар тайёрлаш йўл-йўриқларини оғзаки айтиб юраверди, ҳатто айрим қизиқувчиларга сосискаларни тайёрлаш услубининг энг майда жиҳатларигача кўрсатиб ҳам берди. Натижада, баъзи бир корчалонлар унинг кашфиётини сурбетларча ўзлаштириб, сосиска тайёрлаш технологиясига патент ҳам олдилар. Шульц кашф қилган сосискалар одамларнинг оғзига шу қадар ёқдики, патент эгалари Чикаго, Сан Франциско, Вашингтон, Нью-Йорк ва бошқа шаҳарларда кўплаб сосискахоналар очиб, қисқа фурсатларда янада бойиб кетдилар.

Бечора Шульц қариб, кучдан қолгач, кушхонадан ҳайдалди. У бирорта сосискахонага ишга жойлашиш умидида анча вақт сарсон юрди. Содда кашфиётчини «эртага келинг», «индинга келинг» деган ваъдалар билан алдар эдилар. Йўқчилик туфайли кўча дайдисига айланиб қолган Шульц серҳашам сосискахоналардан бирининг остонасида очликдан жон берди…

Паул Шульцнинг «Франфуркт сосискалари» эса севимли таом сифатида юз йилдан зиёд вақт давомида жаҳоннинг турли мамлакатлари емакхоналарининг таомномасидан тушмай келмоқда.