Курсдошим билан университетдан чиқиб, автобусни кутишга тоқатимиз етмай, такси тўхтатдик.
Ёши каттароқ, сочларига оқ оралаган амаки “Карвон бозоригача қадар ўн минг сўм берамиз”, деганимизга жавобан “кўринишларингдан зиёли инсонга ўхшайсизлар-у, зиғирдаккина ақл деган нарса йўқ экан” дея қизишиб кетди.
– Қанча узоқ масофа эканлигини биласанларми, нақ 20 километр. Ҳар бир километри учун 500 сўмдан тушяпти. Ўзи сендайларда инсоф йўқ. Порахўрлар ҳам, каззоблар ҳам сендайлардан чиқади…
Иккаламиз ҳам бир муддат довдираб қолдик. Кейин ортиқча гапириш бефойдалигини билиб турсам-да, гаплари куракка турмайдиган бўлса ҳам босиқлик билан гап бошладим:
– Узр, амаки! Сизнинг вақтингизни олиб, билмасдан тўхтатдик. Майли, биз айтган нархга кўнадиган таксичи учраса, кетармиз,- нарироққа қараб юра бошладик иккаламиз.
Машинани орқага бироз силжитган амаки аввалгидан-да, таҳликалироқ қилиб бақирди:
– Ҳа, мана, доим айтаман. Замон “сен бўлмасанг, санамжон” бўлиб кетди. Биламан, мен олиб бормасам ҳам нон тилаб, кўчага чиққан бирор қўй табиати сенларни олиб боради. Ўтирларинг, майли, садақаям керак!
Aгар ўтирмасак, ҳали бери маш-маша тугамаслигини билиб, истар-истамай, машинага чиқдик.
– Ҳар кун ризқ талабида кўчага чиқаман. Aҳволни биласанларми? 6-7 миллион етмайди рўзғорга. Невараларнинг “каша”си, “памперс”и, еб-ичиш ғамидан ташқари, хилма-хилдори-укол олишга ҳам мажбур бўламан. Сенлар эса лаллаясан. Индамайсанлар. Ҳаққингни талаб қилишни билмайсанлар.
Суҳбатнинг шу жойида курсдошим билан бир-биримизга қарабқўйдик.
– Қанча нафақа оласиз? – энсаб қотиб сўрадим мен.
– Уч миллион атрофида. Урвоқ бўладими? – хўмрайди амаки. – 26 йил ишлаганман.
Бўғзимга нимадир тиқилди. Биз, ёшларга шукрона ҳақида насиҳат қиладиган ёшдаги амакининг оз бўлса-да, шукри йўқлигига ачиндим. Ўтган йилда миллиардлаб пули бўлса-да, жонини асраб қололмаган, вирус, деган кўз илғамас бало домида вафот этганлардан, наҳотки, хулоса чиқариб бўлмаса?! Бу қандай кайфиятки, олиб турган нафасининг қадригаетмаса?!
Барча кузатувчилар қатори аксар ҳолларда, бўш қолдик, дегунча ижтимоий тармоқларни кузатамиз. Aммо, дилимизни хуфтон қиладиган хабарлар кет-кетмалигини кўриб, кайфиятимиз тушиб кетади. “Aдолат йўқ” бақириб, видео қўяди бири. “Суриш керак!” ҳаётда хатолари сабаб орттирган негативларини ҳаммага сингдирмоқчи бўлади бирови. Бир қарасанг, уй-жой ундириш мақсадида ёлғон-яшиқ видеоларни эълон қилган аёллар, “оғзидан боди кириб, шодди чиқаётган” эркаклар… Хуллас, аксар хабарлар “негатив” Позитивлик йўқ. Айрим одамларда шукроналик кайфияти етишмайди.
Aтрофингизга қаранг, мартабада, илмда, тадбиркорликда юксалаётган одамларнинг аксариятида ҳаётидан, мавжудлигидан қониқиш туйғуси борлигини кўрасиз. Улар ҳаётдан мамнуният ҳис қиладилар. Соғ эканликлари, юраклари уриб тургани учун шукрона келтирадилар. Бундай инсонлардакўролмаслик, ўзгаларни муҳокама қилиш учун вақтлари, энг муҳими, хоҳишлари бўлмайди. Ҳаётидан мамнун одамлар эртанги режаларини тунда хаёлан тузиб, тонгда шижоат билан уйғонадилар. Энг оғир вазиятларда ҳам (улар учун тирикликнинг ўзи буюклик) яхшиликка умид қилиб, маҳзун бўлмайдилар. Мен ҳалолликни касб қилган инсонлар хусусида гапиряпман. Чунки қинғир йўл билан юксалаётганларнинг “умр”лари қисқалигини бот-бот хабарларда ўқиб турибмиз.
Замондошим, ичингиздаги ҳаётингиздан норозилик довулларига кучингиз етмаса, бу бошқаларда ҳам шу кайфиятни юқтириш кераклигини англатмайди. Ҳаётда баланд-пастларни кўрган бўлсангиз, бир хулосага дуч келасиз: “Ҳеч бир нарса инсонни шукроначалик хотиржам ва бахтли қилмайди!”
***
Шу хаёллар билан “Карвонбозори”дан ул-бул харид қилиб, яна таксида уйга қайтдик. Ҳарқалай, бу галги таксичи иймонли экан…
Ситора Шамсиддинова,
БухДУ, Адабиётшунослик йўналиши битирувчи магистранти.