Гапиришга уят, аммо… КЎЧАЛАРДАГИ ҲОЖАТХОНА ВА ТАҲОРАТХОНАЛАР ҚАЙ АҲВОЛДА?

Аччиқ бўлса ҳам очиқ ҳақиқатларни айтадиган давр келди. Маиший турмушимиздаги нуқсонлардан энди кўз юмиб бўлмайди.

Айниқса, гигиена, ҳовли-ҳожат масалаларида камчиликларимиз кўп. Баъзилар «Ёзилмаган шу мавзу қолганди», дея истеҳзо қилишлари мумкин. Лекин бугун бизлар учун кераксиз мавзунинг ўзи йўқ, чунки тараққиётга юз тутаётган ҳар бир жамият кишиси фаҳм-фаросати, маиший дид ва гигиеник тушунчаларини ҳам юксалтириб бориши шарт.

Бир куни, узоқ йиллар одамлар орасида соғлом турмуш тарғиботи билан шуғулланган кекса шифокор-олимимиз билан ҳамсуҳбат бўлиб қолдик. У киши айни масаладаги муаммоларимиз хусусида ҳаётий мисоллар келтириб, куюниб сўзладилар:

— Бир сафарим чоғида Россия ўрмонлари ҳудуди йўлидан машинада ўтиб борардик. Ҳайдовчига бирор ерда, аниқроғи, ҳожатхона бор жойда тўхтатишни илтимос қилгандик, йўл четидаги оппоқ қилиб бўялган, кичикроқ бир бино олдида машинани тўхтатди. Бу ер ҳожатхона ва душхона экан. Ёнгинасидаги дарахтга видеокузатув мосламаси ўрнатиб қўйилибди. Ичкари чиннидай тоза, кафеллар ярақлайди. «Қизиқ одам йўқ жойда ҳам шунақа ҳожатхона, иссиқ ва совуқ сув… Бемалол таҳорат олса ҳам бўлади-я» дея ажабландик, ҳавасимиз келди.

Нимага шаъма қилаётганимни англагандирсиз? Гап туманларимиз, қишлоқларимиздаги ҳаммом, ҳожатхоналар аҳволи ҳақида кетяпти.

Бир куни денг, вилоятларимиздан биридаги қишлоққа боришга тўғри келди. Ёнимизда хорижлик мутахассис – меҳмонимиз ҳам бор. Роса ўрик пишган пайт. Айтилган бир хонадонга кириб бордик. Мезбон меҳмондорчиликни жойига қўйди, тўкин дастурхон устида ажойиб суҳбатлар бўлди. Меҳмонимизнинг ўзбекона қадриятларга, меҳмондўстлигимизга ҳаваси келди, мева ва полиз маҳсулотлари гуркираб ётган томорқаларни ҳайрат билан кузатди. Кейин биздан ошхона, ҳаммом, ҳожатхона қаерда жойлашганини сўраб қолди-ку… Ноилож, таништирдик. Ошхона деб — ялангликка қурилган иккита ўчоқни кўрсатдик. Ҳаммом ўрнига ариқда оқаётган сувни кўрсатдик. Ҳожатхонани-ку, гапирмай қўя қолай, амаллаб пана қилиб қўйилган жой экан, меҳмон аранг кириб чиқди. Ҳожатхонанинг шундоққина ёнида қантак ўрик ғарқ пишиб ётибди, ҳовли эгасининг ўғли ҳафсала билан ўрик териб, молхонасининг лойсувоқ томига олиб чиқиб қуритаётган экан. Меҳмон бироз аввал дастурхонга қўйилган ўрикни мақтаб-мақтаб еганди… Кўнгли ағдарилиб кетганини сездик, лекин, маданиятли одам эмасми, бизга сездирмади. Унинг олдида шунақа мулзам бўлдикки, қўяверасиз…

Олимимизнинг куюнганларича бор. Шаҳарларимизда-ку барча қулайликларга эга бўлган ҳожатхона ва таҳоратхоналар ишлаб турибди. Аммо туман марказларига, қишлоқларга борсангиз, аҳвол бутунлай бошқача. Тўғри, у ерларда ҳам худди шаҳарлардагидек муҳташам қилиб қурилган тўйхоналар, ресторанлар, ошхоналар, кўнгилочар ўйингоҳлар бор ва жумладан, санитария талабларига мутлақо жавоб бермайдиган ҳожатхоналар ҳам. Аксарият кўп қаватли уйлар ҳудудидаги умумий ҳожатхоналар жуда аянчли аҳволда. Далалар, экинзорлар ҳудудидаги санузеллар ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади.

Баъзи умумтаълим мактабларининг санузеллари гигиеник талабларга мутлақо жавоб бермайди (ўқувчилар ҳожатхонага киришнинг иложи йўқлигидан йўлакларни ифлослантиришга мажбур бўлишади).

Катта магистрал йўллар ёқаларида умумий овқатланиш шохобчалари савлат тўкиб турибди. Кабобпазу сомсапазларнинг қўли-қўлига тегмайди. Лекин ҳожатхона, таҳоратхона, қўл ювиш жойлари ҳақида гапиришга уяласиз. Чунки ҳаммаси қаровсиз…

Бир пайтлар шаҳардан қишлоққа тушган келинчак: «Бу уйда ҳаммом йўқ экан. Ҳожатхона ҳам бир аҳволда, эшик ўрнига чипта қоп тўсилган. Шароит яратмагунларингча ота уйимда яшайман», дея аразлаб кетиб қолганида, маҳалла аҳли уни беодобликда айблаган эди. Аслида, келин уларни боодобликка ўргатмоқчи бўлган – буни англаган англайди.

* * *

Болалик чоғларимда онам туғилиб ўсган уйга тез-тез бориб турардим. Бобом Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, кўпни кўрган, тақводор инсонлардан бири эдилар. Камтарона ҳаёт кечирсалар-да озодаликка, покликка тўла амал қилиб яшаганлар. Бобом ҳовлида эркаклар учун алоҳида, аёллар учун алоҳида ҳожатхона, таҳоратхона қурдиргандилар, панароқ жойдаги бостирма тагида ҳамиша иккита ерўчоқ ва қозон турарди. Аёллар ўша ерда сув иситиб кир ювишар, кирларни ёйиш учун алоҳида жойга дор тортилганди. Эркаклар у томонга умуман ўтишмасди.

Бу ҳовлида аёллар овозларини баландлатиб гапиришмаган, ҳатто юрганларида оёқ кийимларининг товушини билинтиришмаган. Хуллас, у уйда шундай қатъий тартиб ўрнатилган, шундай қулай шароит яратилган эдики, аёлларнинг ахлоқ-одоблари, маиший турмушлари, гигиеник тушунчалари ҳавас қиладиган даражада бўлган. Биргина менинг бобом эмас, бошқа одамлар ҳам уйларида айни шароитларни яратиб қўйишган эди.

Хўш, бугун нега ота-боболаримизнинг оқилона тадбирларини ўз оиламизда қўллай олмаяпмиз? Ахир оилада шаклланган гигиеник тарбия жамият ҳаётига ижобий таъсир кўрсатади. Туман ва қишлоқларимизда яшовчи одамларнинг ҳам ҳожатхона, таҳоратхона, ювиниш хонаси ҳақида замонавий тасаввурга эга бўладиган вақтлари келмадимикин?!

Моҳларойим ТЎХТАСИНОВА✍️

“Buxoro yoshlari” gazetasi