СЎКИНИШ – “КРУТОЙЛИК” БЕЛГИСИМИ?

Шунақа!

      Илм-фан ва технология жадал ривожланаётган бир пайтда янгиликлар билан бир қаторда тилимизга турли хил  сўзларнинг ҳам кириб келмоқда.  Ҳар куни ўқиш ҳамда ишга йўл олиб, жамоат транспортларига чиққан кишиларнинг телефонда суҳбатлашиб, ҳақоратли сўзларни ишлатиши дилни хира қилади. Ҳозирги кунга келиб, катталарда болаларга юққан бундай суҳбат турини кўпчилик эшитиб, танбеҳ ҳам бермай, эътиборсизлик билан ўтиб кетаётгани эса янада ачинарли ҳол. Cўкинишнинг  кундан-кун нафақат йигитлар, шунингдек,  қизлар орасида ҳам  авж олаётгани кишини ваҳимага солади. Олий таълим  даргоҳларида айрим ўқувчи – ёшларнинг сўкинишга “крутойлик” белгиси сифатида қараётгани эса вазиятнинг нечоғли чукур эканини исботлаб турибди.  Ахир келажакда ўқитувчи ё мураббий, муҳандис ё шифокор бўлиб етушувчи бундай қадрларнинг ўсиб келаётган ёш авлодга таълим ё тарбия бериши даргумон эмасми?

Ҳар  қандай миллатнинг урф-одати, тарихи ва маданияти унинг тили билан изоҳланиши барчага маълум. Ота-боболаримизнинг “Тилга эътибор – миллатга эътибор”, дея айтганлари ҳам бежиз эмас. Гўзал сўзларнинг тилда жаранглаши фақат атрофдагиларнинг кўнглини эмас, ўзимизнинг ҳам дилимизни ёритади. Хунук  сўзлар эса аста-секин киши ички дунёсининг қоронғулашиб, маънавиятининг йўқолиб боришига олиб келади. Негаки сўкиниш, уятли сўзлар ишлатиш маънавиятсиз жангарилар орасида пайдо бўлгани барчага аён. Хўш, энди айтинг-чи, етук алломалари, буюк тарихи билан дунёга машҳур юрт фарзандларига бундай суҳбат тури ярашармикан?!

Алишер Навоий бобомиз таъкидлаганларидек, сўз – энг қимматбаҳо дур. Чиройли хулқига мос чиройли байтлари билан дунё аҳлини ҳайратда қолдирган Увайсийу Нодира, Бобуру Кодирийлар авлоди сифатида ўз аждодларимизга мос авлод бўлиб, ана шу нодир гавҳар-тилни поклигича келгуси авлодларга етказиш бурчимиз. Келинг, ушбу бурчимизни унутмасдан, тилимизнинг янада гўзаллашишига ҳисса қўшайлик!

 Рушана НАБИЕВА,

“БЁ” жамоатчи мухбири.