–Ҳой, бу нима қилганинг, қизалоғим? – деди Мукаррама ая эрта тонгдан меҳмонхона тўридаги равоққа шам ёққанча икки кафтини бир-бирига қовуштириб олиб, елка-бошига рўмолни рўдаподек ўраб, нималардир, деб пичирлаётган 7 яшар Мадинабонуга кўзи тушиб қолиб. Аксига олиб, қизалоқ рўмолнинг бир учини очиқ бели атрофига етар-етмас қилиб қадаб олган.
– Мен оиламиздагилар учун тинчлик-хотиржамлик сўраяпман. “Сенга ошиқман”да шунақа қилишади-ку! – кўзчаларини пирпиратди Мадинабону.
Мукаррама аянинг юраги “шувв” этиб кетди. “Айтувдим-а, шу онаси тушмагурга шунақа бўлмағур, бачкана сериалларни кўрма, деб” деган кечинма ўтди. Ва неварасига яқинлашиб, унинг бошидан рўмолни секин олди.
– Яқинларинг учун яхши ниятлар қилишни ўрганибсан, барака топ. Лекин манави шам, рўдаподек рўмол сену менга эмас, болам. Қара, рўмолни ўрабсану кўйлакчангни киймабсан, бу бизда уят саналади, жоним болам.
Очиғи, ойнаи жаҳон орқали намойиш этилаётган бачкана сериаллар, ҳатто, ёш, вояга етмаган болалар онгу шуурига ҳам кириб улгурди. Бугунги боладан нима қилаётганлиги сўралса бас, ундан: “Фалон сериалда шунақа қилишади-ку!” деган жавобни оласиз. Бола кўрган нарсасини таҳлил қилиб ўтирмай, шундайлигича қабул қилаверади. Сериал қаҳрамонларига ўхшагиси келиб қолади.
Шу ўринда айбни асосан, оналардан излаш керак. Улар бемаъни сериаллар кўришга шу қадар берилиб кетишдики, ҳатто, эндигина тили чиқаётган болаларини ҳам ўз сафларига қўшишганини сезиб-сезишмади.
Оналарнинг фарзандларини кўздан қочиришни истамай, кўпинча тутуруқсиз севги можароларидан иборат сериалларни бирга томоша қилаверишлари тариқасида ҳали вояга етмаган боланинг онги билимга эмас, севги қиссаларига ёки бошқа иллатларга тўлиб бормоқда. Бу ўз навбатида болани ахлоқан айнишга олиб келиши ҳам ҳеч гап эмас. Энг ташвишли жиҳат, сериалларнинг ёт маданияти тарғиботчиси ҳам бўлиши мумкинлигидир.
Ҳаётий мисол. Маълумки, Жанубий Американинг менталитетимизга мутлақо тўғри келмайдиган сериалларидан безиб, Шарққа мурожаат қилиб кўрдик. Лекин аҳвол яхшиланмади. Корейс сериалларида тарбиясизлигу бевафоликнинг севги, деб аталиши, қизларнинг ҳам ичиб-чекиб юришларини-ку, оқлаб бўлмайди. Арзимас сабаб билан янгигина турмуши бузилиб, уйига қайтган қўшнимизнинг қизи орадан кўп ўтмай, кунора ичиб-чекиб келадиган одат чиқарди. Жаҳлдор ота-она бу ҳолни билдириб қўйган бечора маҳалла оқсоқолини эл-улус олдида беобрў қилишди. Ишга участка нозири аралашганда ёш келинчак тап тортмай: “Мана, сериалларда корейс қизлар бемалол ичиб юришибди. Бизнинг улардан қаеримиз кам. Ман замонавий қизман, ўз истаганимча яшашга ҳақлиман”, -деди.
-Ҳаммасига сериаллар таъсири бор, -дейди бир дўстим, – жиянларимнинг ҳаммаси бир қарич бўйи билан сериал кўради, мана оқибати. Ҳатто, ўз болаларимни ҳам огоҳлантиришдан безиб кетганман. Ёшим қирқдан ўтган. Лекин телевизорда йигит қизнинг қўлидан ушласа, хижолат бўлиб, бошқа каналга оламан ёки ўрнимдан туриб кетаман. Ҳозирги болалар эса охиригача кўради…
Ўзга менталитетга оид сериалларнинг ўтиб тушган жойи улар ҳатто, эндигина туғилган болалар тақдирига ҳам чизги солмоқда. Жорий йилнинг 10 август санасида дунёга келган қашқадарёлик чақалоқнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасида исми шарифининг Лутфуллаева Ишани Жаҳонгир қизи, дея қайд этилгани мавжуд барча ахборот тармоқлари орқали тарқатиб юборилди. Бу, албатта, оғриқли жиҳат. Аслида, ҳар бир ота-она фарзанди дунёга келгач, унга энг аввало, чиройли исм қўйиш бурчи эканлигини унутмаслиги даркор. Болани на динимиз, на шариатимизга мос келмаган исм билан аташ, таъбир жоиз бўлса, фарзанд келажаги ва тақдирига масъулиятсизлик билан қараш билан баробар. Исм шундай бўлиши керакки, у ёшлигида ҳам, кексалигида ҳам кишиларга манзур бўлсин. Яна бир хусусияти шуки, ҳар қандай исм эгасининг табиатига таъсир қилади. “Сенга ошиқман” ҳинд сериали бош қаҳрамони Ишанининг ҳаёт йўли ва аччиқ қисматига эса ҳеч бир қиз орзуманд эмас.
Бугун ўзимизнинг миллий сериалларимизда ҳам аввалгиларидан фарқли ўлароқ, ютуқ, ўсиш бор. Тарбиявий аҳамиятга молик, мукаммал сериаллар ошмоқда. Актёр ва актрисалар танлашда талабчанлик кучаяётган, қаҳрамонларнинг адабий тил меъёрларига алоҳида эътибор қаратилаётган, сериаллар мавзуси фақатгина хотин-қизлар ҳаёти билан боғлиқ бўлмай, инсон иродаси, мардонаворлиги, олижаноблигига йўналтирилаётган экан, айтиш мумкинки, ўзбек сериаллари бугун янги босқичда. Бу жараённи асло сусайтирмаслик, билъакс жонлантириш, кучайтириш зарур. Токи, томошабин хорижникидан кўра, ўзимизнинг сериалларни севиб томоша қилишсин. Бу нафақат, ёшлар, болалар, балки жамият тақдирига ҳам дахлдордир.