ЭРТА ТУРМУШ – ТАҚДИРГА МУШТ

– Ҳали қизимиз ёш, бола-ку, онаси, ақлингни еганмисан?! – Муроджон ҳафсаласи пир бўлиб хотинига ўшқирди.

– Қанақа бола?! Ўн бешни тўлдирди. Худога шукур, тетик, бақувват, соғлигиям жойида! Ана, қўшни гузардаги Матлубахон, ўзи мендан икки ёш кичик бўлсаям қизини узатганига бир йил бўляпти! Туппа-тузук, норғулдай ўғил туғиб берди! – чеҳрасини буриштириб сўзлади Нигорахон.

Турмуш ўртоғининг қаршилиги, қизининг раъйига қарамай, Нигорахон келган совчиларга розилик берди-қўйди. Тагли-тугли, топармон-тутармон оилага келин бўлиб тушган навниҳол қизнинг янги оила урфига кўникиши қийин бўлди. Ҳар сонияда “ишни кўзини билмаслиги”ни юзига солаверадиган қайнона силтовларидан оғринди. Буям етмагандек, дастурхон бошида ҳам тортиниб-суртиниб ўтириши, тўйиб тановвул қилмаслиги унинг тинкасини қуритди. Аксига олиб, ҳомиладор бўлиб қолгани келинчак аҳволини баттарлаштирди. Организмнинг оналикка тайёр бўлмагани боисми, ҳали юзларида болалик акси уфуриб турган келинчак фарзанди дунёга келгач, хасталикка дучор бўлди. Касалманд она-болани ота уйига жўнатишди. Икки йилдирки, ота-она, қариндош-уруғ онабола камқонлигини даволатиш учун овора…

Ҳамиша ибратомуз ҳикматлар яратиб, қалбларга эзгулик уруғини сочишга ўрганган халқимиз тилида бугун баён этилаётган “Эрта турмуш – тақдирга мушт” ибораси ҳам бежизга эмас. Соғлом турмуш тарзини яратиш долзарб масала бўлиб турган айни дамда фарзандлари келажагига бефарқ қарайдиган ота-оналар учун яна қандай сабоқ бўлиши керак, дея ўйлаб қоласан, киши.

Гарчи, ўтган йилга нисбатан жорий йилда Бухоро вилоятида эрта турмушга чиқиш ҳолатлари 6 нафардан 3 нафарга камайган бўлса-да, 15-16 ёшли қизлар тақдири учун бу ҳам кўп. Ваҳоланки, ҳар бир рақам ортида умр, ҳаёт йўли, деган буюк неъмат ётади. Шунингдек, 17 ёшлилар ўртасида турмуш қуриш ҳолатларининг Бухоро шаҳри, Бухоро, Қоровулбозор ва Когон туманларида кўпроқ кўзга ташланиши, айнан шу манзилларда хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла, ёшлар ташкилоти ҳамда коллеж-лицей ўқув муассасалари мутасадди ходимларининг ўз фаолиятларига янада жиддийроқ ёндошувлари лозимлигини англатади.

– Бугун вилоятимизда қизларни эрта турмушга беришнинг салбий оқибатлари ҳақида маҳаллаларда, мактаб, коллеж-лицейларда доимий равишда тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Шунга қарамасдан, юзага келаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Бу каби муаммолар, энг аввало, оилаларга кириб бориш, уй бекалари билан соғлом турмуш тарзи тушунчасининг назарий негизлари борасида суҳбатлар уюштириш шартлигини кўрсатмоқда. Мазкур жараёнда бўлажак уй бекалари, қизларимиз билим ва малакага эга бўлишлари муҳим. Чунки ҳали жисмонан ва маънан турмушга тайёр бўлмаган қиз турмушга чиқиб, ҳам оила ишларида, ҳам ҳомиладорлик ҳолатларида қийинчиликка дуч келиши мумкин. Бундай пайтда келинчаклар катталар маслаҳатига жуда муҳтож бўлишади. Демак, қизларни турмушга узатишда ота-оналар ҳам психологик, ҳуқуқий, тиббий, ижтимоий, диний ва маърифий, мафкуравий жиҳатдан билимларга эга бўлишлари керак. Шу маънода соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Бу каби тизимли ишлар эса, албатта, ўз самарасини кўрсатади, -дейди вилоят ҳокими ўрибосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулфия Тўйева.

Дарҳақиқат, соғлом турмуш тарзига ва билимига эга бўлиш маънавий юксакликдир. Маънавий юксак инсоннинг турмуш тарзи ҳам соғлом бўлади. Соғлом турмуш тарзининг асосий негизи эса бу – оила, маҳалла ва ўз ўрнида ёшлар ташкилотидир.

 

Айтиш жоизки,  соғлом турмуш тарзи камол топмаган хонадонлардаги маънавий бўшлиқ кўпинча қизлар, яъни ёш келинчаклар тақдирига соя солади. Ҳали 16 ёшга кириб-кирмаган, никоҳ ёшига етмаган келинчакни “ёшлигидан эгиб оламан” мақсадида тўй-томоша қилиб олиб, улар ҳаётини турли кўнгилсизликларга дуч этаётган оилалар ҳам йўқ эмас. Тўғри, меҳнат, уй-рўзғор юмушларини бажариш келинчаклар бурчи. Бироқ, ёшгина келинчакдан тобелик ва итоаткорлик талаб этиб,  жисмоний ҳаракатга жалб этавериш, уни руҳан емиради. Шунингдек, ота-оналарнинг хоҳиш-истаги билан эрта турмуш қурган ёшлар ўртасида жанжал ва келишмовчиликлар етарлича. Уларнинг оила олдидаги бурч ва вазифасини англай олмасликлари, жинсий ҳаётга ҳам тайёр эмасликлари оқибатида ажралишлар кўпаймоқда. Жорий йилда ажралишлар сони вилоятда ўтган йилнинг ҳозирги даврига нисбатан 782 тадан 72 тага ошганлиги фикримизни исботлайди.

 

Аҳоли орасида эрта турмуш қурган, аммо юридик жиҳатдан уларнинг никоҳлари қонуний расмийлаштирилмаган оилалар бор. Ўзбошимчалик, қонуний никоҳсиз оила қуришларнинг олдини олиш борасида “Камолот” ЁИҲ  вилоят Кенгаши ҳамда вилоят Адлия бошқармаси томонидан ўтказилаётган тадқиқотлар ва сўровлар давомида ёш оила қурган йигит-қизларнинг кўпчилиги ўз ихтиёрлари билан эмас, балки ота-оналарининг хоҳиш-истаклари билан турмуш қуришгани аниқланди.

эрта тттт

Сўров натижаларига кўра, ёш оилалар ўртасида ажралишларнинг кўпаяётганига биринчи сабаб юқорида таъкидланганидек, оилавий-маънавий билим ва кўникманинг сустлиги бўлса, иккинчи сабаб, айнан ўша қизларнинг маълумоти даражасининг ҳам етарли эмаслигида кўринади. Уларнинг аксарияти, яъни 57, 6 фоизи ўрта махсус маълумотга эга бўлиб, улар орасида ўрта умумтаълим мактаби савияси билан  қолганлар ҳам йўқ эмас. Бу ўз-ўзидан оилада ноқобил муҳитнинг давом этиши ёки шаклланишига йўл очмай қўймайди.

 

Шунга кўра, юқорида таъкидланганидек, оилаларга кириб бориб, ота-она ва фарзандлар қалби ва шуурини соғлом турмуш тарзини белгиловчи психологик, тиббий, ижтимоий, ҳуқуқий, диний ва маърифий билимлар билан маънан бойитиш, улар ўртасида маслаҳат ва тарғибот ишларини кучайтириш энг муҳим масаладир. Зеро, оила саводхонлигини англамай туриб,  соғлом ва тўкис турмуш тарзига эришиш мушкул.

Лайло ҲАЙИТОВА