Бухорода маданиятли солиқ тўловчилар ўз бурчини қонун туркисисиз бажармайдиган фуқароларга ўрнак бўлмоқдалар(ФОТО)

Мол-мулк ва ер солиқларини тўлаш муддати яқинлашмоқда. Бухорода бу борада жисмоний шахсларга мол-мулк ва ер солиқларини тўлашга кўмаклашиш ва уларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, вилоят давлат солиқ хизмати органлари, тижорат банклари, туман ва шаҳар почта алоқа хизмати, маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда жамоатчилик вакилларидан иборат ишчи гуруҳи жойларда уйма-уй юриб, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 272- ва 287-моддаларига асосан эгалигида солиқ солинадиган мол-мулки ва ер участкалари бўлган жисмоний шахслар ҳамда деҳқон хўжаликлари жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқлари тўловчилари ҳисобланиши кенг тушунтирилмоқда. Қолаверса, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ҳамда улардан олинадиган ер солиғини ҳисоблаб бериб, фуқароларга ушбу тўловларни сайёр кассалар орқали тўлаш имкониятини яратмоқдалар.

Бухоро шаҳридаги 34-сонли “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғинида 1450 га яқин хонадон бор. Тақдим қилинган маълумотларга кўра, уларнинг 1123 таси мол-мулк ва ер солиқларини тўловчилар ҳисобланади.

 

Куни-кеча ишчи гуруҳи ушбу маҳаллада бўлиб, фуқароларга жисмоний шахслардан ундириладиган мол-мулк ва ер солиғини ҳисоблаш, ундириш ва ушбу солиқ турлари бўйича бериладиган имтиёзлар ҳамда жорий йилдан бошлаб бу борада солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар кенг тушунтирилди.

Эътиборлиси, олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида мазкур маҳалланинг маданиятли солиқ тўловчилари мол-мулк ва ер солиқларининг охирги муддати – 15 октябрни кутмай, ҳисобланган солиқ тўловларини шу куннинг ўзида “Турон банк” ва “Почта хизмати”нинг шаҳар бўлимлари томонидан ташкил этилган сайёр кассалар орқали тўлаб қўйдилар.

Таъкидлаш лозимки, мол-мулк ва ер солиқларини ундиришнинг бундай тизими аҳолининг ватқ йўқотиб давлат солиқ инспекциялари ёки банк кассаларига бориш ва у ерда навбат кутиш каби ортиқча уринишларининг олдини олишга хизмат қилмоқда.

Ҳудуддаги 53-сонли “Махмуд Таробий” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам ишчи гуруҳининг чақириғини эшитган аҳоли мол-мулк ва ер солиқларини тўлашда фаоллик кўрсатдилар десак муболаға бўлмайди. Эътиборлиси, бу ишда ёши улуғ отахону-онахонлар ёшларга ибрат бўлиб, уларни ўз бурчларини бажариб қўйишга даъват қилдилар.

Ишчи гуруҳининг Бухоро шаҳридаги 3000 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган “Мутал Бурхонов” маҳалла фуқаролар йиғинидаги тарғибот иши ҳам самарали бўлди.

Тадбир давомида иштирокчилар аҳолига уй-жойлари, квартиралари, дала ҳовлилари, гаражлари ва бошқа иморатлари, шунингдек мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида ер участкаларига эга бўлган жисмоний шахслар мол-мулк ва ер солиқларини солиқларни тўлашлари кераклиги тушунтирилди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкин, бугун Бухоро вилоятида 120 минг нафарга яқин солиқ тўловчи жисмоний шахс бор. Жорий йилда Солиқ кодексининг 272- ва 287-моддаларига асосан эгалигида солиқ солинадиган мол-мулки ва ер участкалари бўлган мазкур жисмоний шахслар ҳамда деҳқон хўжаликларидан қарииб 108 миллиард сўмлик мол-мулк  ва ер солиқлари ундирилиши кўзда тутилмоқда.

Аммо, кези келганда айтиб ўтиш жоизки, маданиятли солиқ тўловчилар қаторида ўз бурчини қонун туркисисиз бажармайдиган фуқаролар ҳам йўқ эмас. Афсуски, ўтган йили вилоятда солиқ мажбуриятини ўз муддатида бажармагани учун 8200 нафарга яқин ана шундай солиқ тўловчиларнинг қарииб 2 ярим миллиард сўмлик солиқ қарзи суд орқали ундирилишига тўғри келган.

Ишчи гуруҳи жойларда аҳоли билан учрашувларда ўз вақтида тўланмаган солиқ тўловларига Солиқ кодексининг 120-моддасига  асосан 2019 йил 1 январдан бошлаб солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш муддатларини бузганлик учун ундириладиган пеня миқдори 0,033 фоиздан 0,045 фоизга оширилганини  ҳам алоҳида тушунтириб ўтмоқда.

Бухоро шаҳар  давлат  солиқ  инспекцияси тадбир давомида Бош прокуратура ҳузуридаги мажбурий ижро бюросининг шаҳар бўлими билан ҳамкорликда солиқ қарзини бир неча йиллардан буён тўлашни пайсалга солиб келаётган жисмоний шахсларнинг солиқ қарздорликларини тугатишга ҳам эътибор қаратмоқдалар.

Таъкидлаш жоиз, ҳар бир ҳудуддан ундирилган солиқлар фақат ўша ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожига, аҳолининг ижтимоий ҳимоясига сарфланади.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда барча солиқ муносабатларини элек­трон усулда, ижтимоий тармоқлардаги мобиль иловалар орқали ҳам амалга ошириш имкони мавжуд.

Б.Файзиев,

Бухоро вилояти ДСБ

Жамоатчилик билан алоқалар ва

ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи.