Сув–ҳаёт манбайи

Сув шундай минерал моддаки, у ер юзидаги барча организмлар (ўсимлик ва ҳайвонлар) тириклигини, яшашини таъминлайди. У барча ўсимлик ва ҳайвонлар ҳужайралари, тўқималари таркибида бўлиб, улардаги мураккаб кимёвий реаксиялар, яъни модда алмашинуви жараёни сув иштирокида ўтади. Одам танасининг 60–80% сув ташкил этади. Агар тирик организм 10–20% сув йўқотса, у нобуд бўлади. Мутахассисларнинг фикрича, келгусида металл захиралари тугаб қолса, унинг ўрнига пластмасадан тайёрланган материаллар ишлатилади, ҳайвон ва ўсимлик маҳсулотларидан олинадиган озиқа моддалар етишмаса, унинг ўрнига синтетик моддалардан тайёрланган озиқа моддалар истеъмол қилинади, ҳатто ҳаво ўрнида ҳам газлар аралашмаси ишлатилиши мумкин, аммо ҳеч қачон сувнинг функциясини бошқа бирон модда бажара олмайди. Сув тугамайдиган ресурслар қаторига кириб, унинг айланма ҳаракати натижасида сув захиралари тикланиб туради.

Кишилар сувнинг аҳамиятини билиб, қадимдан дарё ёки кўл бўйида уйлар, шаҳарлар қуруб яшаганлар, кўчманчи халқлар доимо сув бор жойни излаганлар.Кишилар дам олиш учун доимо сув бўлган жойларга интиладилар.Сувда чўмилиб туриш киши саломатлигини сақлашда ва чиниқишда энг асосий воситадир. Немис олими Г.Либман айтганидек, “Бизнинг сайёрамизда кишиларнинг саломат қолишлари учун техниканинг мўжизалари эмас, балки тоза, ичиш учун яроқли сув етарли бўлиши керак”.

Агар биз дунё харитасига назар ташласак, еримизнинг тўртдан уч қисмини океан, денгиз, кўл ва дарёлар эгаллаганини кўрамиз. Денгиз ва океан сувлари шўр бўлиб, ичиш ва суғориш ишларига ярамайди.Истеъмол қилишга ярайдиган тоза сув миқдори жуда оз. Гидросферадаги умумий сув ҳажмининг атиги 2% га яқинини чучук сув ташкил этади.

Аҳолининг чучук сувга бўлган талабини қондириш учун кўпгина мамлакатлар ерости сувидан фойдаланмоқдалар.Масалан, Дания, Австрия 100%, Голландия 70–80%, Германия 40% эҳтиёжини ерости суви ҳисобига қондиради. АҚШ нинг кўп штатларида ерости сувлари қуриб қолган. Бунинг сабаби жойларда аҳоли сони ва саноат тармоқларининг кўпайиши ва ерости сувининг кўп олинаверишидир.

Кейинги йилларда шаҳрларнинг сувга бўлган талаби 10 мартадан ошди, яъни замонавий шаҳар аҳолиси (бир киши ҳисобига) сутксига 300–500 литр сув сарфлайди, ҳолбуки ҳар бир киши учун суткасига 25 литр сув зарур. Ривожланган мамлакатларда ҳар бир киши бир йилда ўз эҳтиёжи учун 1,5–2 млн литр сув сарфласа, ривожланаётган мамлакатларда эса бу қиймат 20–30 минг литрни ташкил қилади.

Маълумки, ҳозирги кунда дунё бўйича 240 млн гектар ер суғорилиб, деҳқончилик қилинади. Шунинг учун ҳам сувни энг кўп талаб қиладиган катта истеъмолчиси қишлоқ хўжалиги ҳисобланади. Дунё бўйича 1 гектар шоли етиштириш учун 12–30 млн литр сув керак, 1 тонна пахта етиштириш учун 10 минг литр сув зарур. Ўзбекистонда 2,8 млн гектар суғориладиган ер мавжуд, яъни республикамизнинг сувга бўлган эҳтиёжи каттадир.

Саноатда, айниқса, кимё корхоналарида тоза сув кўп миқдорда ишлатилади. Масалан, 1 тонна шарак ишлаб чиқариш учун эса 100 тонна чучук сув зарур. Кўнгина жойларда, айниқса, Осиё ва Африка қитъаларида жойлашган мамлакатларда сув жуда танқис. Масалан, Анголада бир литр ичимлик сувининг қиймати 120 литр бензинга тенг. Баъзи мамлакатлар, масалан, Малта давлатининг атрофи денгиз суви билан ўралган бўлса ҳам ичимлик сувини бошқа мамлакатлардан сотиб олиб келиб ўз халқини таъминлайди. Келгусида чучук сув экспорти ва импорти янада кучаяди. Мамлакатимизнинг баъзи жойларида ичимлик суви жуда танқис. Масалан, бир кунда бир кишига ўртача 15 литр сув зарур бўлса, Орол яқинидаги Мўйноқ аҳолисига бир кунд бундан бир неча марта кам ичимлик суви тўғри келади. Республикамизнинг 80 фоиз аҳолиси тоза сув билан таъминланган. Республикамиздаги мавжуд сувнинг 90,2% суғоришда, 6,1% хўжалик-ичимлик учун, 2,2% саноат учун, 1,5% балиқ хўжалигига сарфланади.

Сув нафақат тириклик, балки даромад манбайи ҳамдир. Сув етарли бўлган жойларнинг табиати гўзал, халқлари иқтисодий жиҳатдан бой бўлади.

Ферузбек САЙФУЛЛАЕВ,

Бухоро вилояти Когон шаҳри