Организмда кальций етишмаслиги қандай оқибатларга олиб келади?

Барчага маълумки, инсон организмида кальций моддасининг етишмаслиги кўплаб касалликларга сабаб бўлади. Қуйида кальций моддаси билан боғлиқ айрим фактлар келтирилади.

Кальций макроэлементи организмда асосан суяклар ва тишда кўп бўлади. Унинг ионлари қон ивишида иштирок этади ҳамда ҳужайра ичида кечадиган турли жараёнлар, гормонлар секрецияси, мушак­лар қисқариши ва шу каби ҳолатларда бу модда муҳим аҳамиятга эга. Унинг етишмовчилиги организмда турли нохушликларни келтириб чиқаради. Кальций етишмовчилигининг илк белгилари кўзга ташланиши биланоқ унинг ўрнини тўлдириш хусусида жиддий ўйлаш керак.

Касаллик аломатлари

Дастлаб кальций етишмовчилиги одамнинг асаб тизимига салбий таъсир кўрсатади. Тез-тез асабийлашиш, хавотир ва асабларнинг таранг тортиши шундан дарак беради. Ушбу модданинг етишмовчилигини беморнинг ташқи қиёфасига диққат билан қараб ҳам билиш мумкин. Яъни, одамнинг сочлари ўз жилосини йўқотиб, хира тортади. Улар синувчан бўлиб қолади. Шунингдек, сочлар тез-тез тўкилади. Айниқса, тирноқлар ҳолати жиддий ёмонлашади. Баъзан кучли чарчоқ ва бўшашиб кетиш ҳолати ҳам организмда кальций моддаси етишмовчилиги билан боғлиқ. Секин ўсаётган тирноқларда оқ доғлар пайдо бўлади. Яна тишларнинг оқ эмали шикастланиб, кариес ривожланишига ҳам кальций етишмовчилиги сабаб бўлади. Бундан ташқари мушаклар тортишиб қолиши, тунда беихтиёр оёқ мушакларидаги титрашлар, шунингдек, унинг қотиб қолишига ҳам юқорида номи тилга олинган модданинг етишмаслигини сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. Ичнинг тез-тез қотиши, спастик қабзият ривожланишига ҳамда ичакларнинг тортишиб, оғришига кальций танқислиги туртки бўлади.

Кальцийнинг ўрнини қандай тўлдириш мумкин?

Кальций етишмовчилигини беморлар витамин ва минераллар комплексини истеъмол қилиш орқали бартараф этиши мумкин. Бироқ, бу дори воситалари комплексини шифокор тавсия этишини унутманг. Ўзбилармонлик билан даволаниш фақат организмга зарар келтириб, оғир оқибатларга олиб келади. Аммо, ҳар қандай дори воситаларини истеъмол қилиш сифатли, тўйимли ҳамда оқилона овқатланишнинг ўрнини босолмайди. Шу сабабли кальций етишмовчилигини даволашда барча омилларни эътиборга олиш зарур. Биринчи навбатда кальций моддасининг яхши ўзлаштирилишига эътибор қаратиш керак. Бунинг учун организмга Д витамини зарур. Чунки, катталар ва болалар учун шифокор томонидан витаминлар тавсия этилишида бу ҳолат асосий шарт ҳисобланади.

Доимий равишда сунъий кальций дори воситаларини истеъмол қилиш вена қон томирларида тиқилма ҳосил қилади. Айниқса, бу варикоз хасталиги (вена қон томирлари кенгайиши) билан оғриган беморлар учун хавфли. Шу сабабли организмда кальций моддаси етишмовчилигини табиий маҳсулотлар билан тўлдириш зарур. Тўғри овқатланиш кўпгина касалликлар, шу жумладан, кальций етишмовчилигининг ҳам олдини олади.

Ҳар кунлик таомномада сут ва унинг маҳсулотлари (творог, йогурт, кефир, пишлоқ, қатиқ, сузма) бўлиши шарт. Айниқса, гипокальцемия (кальций етишмаслиги) касаллигига мойил бўлган эмизикли ва ҳомиладор аёллар, болалар, кексалар, шунинг­дек, климакс (менопауза) даврини бошидан кечираётган хотин-қизларга юқорида номлари тилга олинган маҳсулотларни тез-тез истеъмол қилиш тавсия этилади. Яна денгиз маҳсулотларида ҳам кўп миқдорда кальций моддаси мавжуд. Бундан ташқари бу маҳсулотлар таркибида Д витамини ва фосфор мўл. Бу дармондорилар эса суякларни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Ўсимлик маҳсулотлари бўлмиш карам, салат барги, сельдерей, петрушка кўкати, кунжут уруғи, ёнғоқлар таркибида ҳам кальций моддаси кўп учрайди.

Катталар учун кальцийнинг бир кеча-кундузлик зарурий миқдори 0, 8-1, 1 грамм, 7 ёшгача бўлган болаларга эса 1 грамм, ўсмирларга 1, 5-2 грамм­гача ушбу макроэлементни истеъмол қилиш зарур бўлади. Катталар организмида кальций танқислигини 150 грамм қаттиқ пишлоқ ва 1 литр сут билан қондириш мумкин.

Табиий маҳсулотлардаги кальцийнинг ортиқчаси организм учун зарарли эмас. Аммо сунъий кальций моддасининг ортиқчаси бунинг акси ҳисобланади. Чунки, табиий озиқ-овқат маҳсулотлари таркибидаги бу макроэлемент сунъийси каби организмда йиғилиб қолмайди. Балки вужуд томонидан яхшигина ўзлаштирилади ва кераксизи танадан ташқарига чиқарилиб юборилади.

Бироқ, айрим ширин газли маҳсулотлар, масалан, “кока-кола” ва шўр озиқ-овқат маҳсулотлари таркибидаги натрий хлорид кальций моддасининг пешоб билан организмдан чиқиб кетишига сабаб бўлади.

Д витаминининг организм томонидан кальций моддасини ўзлаштиришидаги аҳамияти

Д дармондориси организмда 30-40 фоиз кальций моддаси сўрилишига ижобий таъсир этади. Канаданинг остеопороз бўйича ассоциацияси катталар учун 400 ХБгача (халқаро бирлик – рус тилида МЕ деб номланади) кексаларга эса 400 ХБдан 800 ХБгача ушбу витаминни истеъмол қилиш тавсия этилади. Бу дармондорининг организм томонидан энг осон ўзлаштириш йўли – бу қуёшли кунларда тоза ҳавода ола-чалпоқ соя жойларда сайр этишдир. Чунки, қуёшнинг ультрабинафша нурлари таъсири остида организмда Д витамини ҳосил бўлади. Фақат кундузи 1100ва кечки соат 1700 дан кейин очиқ ҳавода сайр этиш тавсия этилади. Жазирама иссиқ кунларда эса ўзингизни ва фарзандларингизни офтоб уришидан асранг.

Таркибида Д дармондориси мўл бўлган маҳсулотлар

Бу витамин етишмовчилиги болаларда рахит хасталигининг ривожланишига ва катталарда остеопороз (суяклар мўртлиги)га сабаб бўлади.

Д дармондориси табиий ҳолда организмда йиғилиб қолмайди. Мабодо сунъий дори воситасини нотўғри қўллаб, унинг дозаси ошириб юборилса, ички аъзоларда туз йиғилиши, қонда холестерин миқдорининг ошиб кетиши ҳамда меъда фаолиятининг жиддий бузилишига сабаб бўлади. Ушбу дармондори ўсимлик ёғларида, ачитқи (хамиртуруш), жигар, буйрак, тухум, сарёғ, айниқса, ёғли балиқ турлари ҳамда икра (увилдириқ)да мўл бўлади.

Бу витамин организмда кальций ва фосфор алмашинувини бошқаради. Суякларнинг шаклланишида иштирок этади. Қалқонсимон без ва қалқонсимон без олди безлари ҳамда жинсий безлар фаолиятига ижобий таъсир этади. Шунингдек, асаб тизими, юрак фаолияти меъёрда ишлаши учун Д дармондориси муҳим ўрин тутади. Милклар мус­таҳкамлиги ҳам шу дармондорига боғлиқ

Манба:To’g’ri.uz интернет нашри