БЕЗГАК КАСАЛЛИГИДАН САҚЛАНИНГ!

Безгак ўткир юқумли трансмиссив паразитар касаллик  бўлиб,у аҳоли ўртасида  ваража номи билан маълум. Бу касалликнинг манбаи асосан безгак билан оғриган бемор ҳисобланади.

2018 йилда Республикамиз “Безгакдан холи Давлат”мақомидаги Сертификатга эга бўлган бўлса-да қўшни давлатларда бу касаллик бўйича вазиятнинг мураккаблиги  унинг четдан кириб келиш хавфини кучайтирмоқда.

Касаллик соғлом одамга безгак чивинларининг чақиши оқибатида юқади. Баъзи ҳолларда безгак билан оғриган кишиларнинг текширувдан ўтказилмаган қонини соғлом фуқароларга қуйиш оқибатида ҳам бу касаллик келиб чиқиши эҳтимолдан холи эмас.

Безгак беморларда холсизлик, дармонсизлик, баданнинг увушиши ва қалтираши билан кечади. Орадан 2-3 соат ўтгач, бемор ҳарорати 40 даражагача кўтарилиб, томир уриши тезлашади. Кейинчалик танадаги ҳарорат кескин пасайиб, кишини совуқ тер босади. Безгакнинг шаклига кўра касаллик хуружи беморда  хар 48 ёки 72 соатда такрорланиб туриши кузатилади. Касаллик жараёнида беморнинг жигари ва талоғи катталашади, камқонлик кузатилади.

Беморнинг қони лаборатория усули билан текширилгандагина касалликка аниқ ташхис қўйиш мумкин. У қанчалик эрта аниқланиб даволанса, бемор шунчалик тез шифо топади.

Айтиш жоизки, вилоятимизда бу касалликка қарши муайян ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, сув ҳавзалари ва шолипоялар, хонадонларда пашшасига қарши препаратлар билан ишлов бериляпти. Бу тадбирларга санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимлари ходимлари жалб этилган.

Бундан ташқари, кераксиз сув ҳавзалари, кўлмакларни қуритиш, ҳовуз ҳамда йирик сиғимли идишлардаги сувни тоза сувга тез-тез алмаштириб туриш, ғўза, шолипоя ва бошқа экин майдонларини суғоришда санитария-гидротехник ва агротехник меъёрларга амал қилиш муҳимдир.

Айтиш лозимки, тана ҳарорати ошиши билан кечадиган касаллик ҳолатларида дарҳол тиббиёт ходимларига мурожаат этиш лозим. Зарур текширувдан ўтиб, керакли муолажани олиш талаб қилинади. Ана шунда хар қандай касалликнинг одамлар ўртасида тарқалиб кетишига йўл қўйилмайди.

Мўмина Саидова,

Санэпидқўмнинг Бухоро вилоят бошқармаси паразитология бўлими ва лаборатория  мудири.