Ўзолмаган отга узанги баҳона ёхуд етакка муҳтож етакчилар

  • Алло, ассалому алайкум, Суҳробжон билан гаплашяпманми?

Лаббай, ассалому алайкум, шундай!

Қаердасиз? (ўзимизни таништиргач)

Чўлдаман!

Нима қилаяпсиз?-сўрадик ҳайрон қолиб.

– Ариларни орқасидан келганман! – (дуд-дуд-дуд…) – дея телефон тугмасини босиб қўйди.

Ана, холос! Шофиркон туманидаги 4-умумий ўрта таълим мактаби бошланғич ташкилоти етакчиси Суҳроб Жўраевни қулфлоғлик эшиги олдида анча кутишлардан сўнг у билан телефон орқали боғлангач, олган жавобимиз шу бўлди.

Суриштирувчимизча, ёшлар етакчисининг отаси тадбиркор. Чўл ҳудудида асаларичилик билан шуғулланади. Ўғил эса тез-тез отасига кўмакка бориб туради. Шу боис, етакчини мактабда учратиш бироз мушкул. Айни иш қизғин соатларда етакчининг “арилар орқасидан” юришини қандай изоҳлаш мумкин?!

Мазкур мактабда 1497 нафар ўқувчи таҳсил олади. Мактаб замон талабларига мос жиҳозланган. Ўқувчи-ёшларнинг таълим олиши учун юқори даражада шарт-шароитларнинг яратилгани, вилоятда намунали мактаб кўрсаткичига эга бўлишида  мактаб жамоасининг бир тану бир жон эканлигини шундоқ англаш қийин эмас.

Бироқ, бошланғич ташкилот етакчиси учун ҳам барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилганига қарамай, ёшлар етакчисининг зиммасидаги вазифаларни ҳам мактаб жамоаси бажармоқда. Ёшлар етакчиси  Суҳроб Жўраев 2017 йилда ҳудудий комиссия тавсияси билан меҳнат фаолиятини бошлаган. Бажарилган ишлари бўйича ҳужжатларни юритмаган. Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши томонидан ҳам жуда кўп бор огоҳлантирилишига қарамай,  фаолияти юзасидан бирор марта маълумотлар тақдим этмаган.

220 нафарга яқин ўқувчи-ёшларга мослаштирилган мактаб қошида яна 120 ўринли икки қаватли қўшимча бино тикланмоқда. Таъмирталаб янги мактабнинг спорт зали ҳам ачинарли аҳволда. Жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб, мактаб директори рухсати билан спортзал қурилиш ташкилоти ишчи-ходимларига ётоқ учун фойдаланишга берилган. Теннис столидан овқатланиш столи, матлардан эса тўшак  сифатида фойдаланишаётгани, етмагандек, овқатнинг ҳам спортзал ичида электр ўчоқ-қозонда тайёрланаётгани ғоятда ачинарли. Янги қурилиш кечаётган мактабга тез-тез қатнаб турган туман халқ таълими бўлими вакилларининг ҳам бундай ҳолатдан хабарсизлиги кишини ўйлантиради.

Апрель ойида ҳам ҳаво совуқ эди. Айни ўша ойларда ҳам мактабда ўқув-жараёнлари кечаётгани боис, қурилиш ташкилоти ишчи-ходимларини мактаб ҳовлисига ёки бирорта синфга жойлаштириш имкони бўлмади. Жисмоний тарбия машғулотларини эса спортзалнинг бўш томонида ўтказиб турганмиз,-дея важ кўрсатди мактаб директори Шерали Камолов,-аммо, мактабнинг бош корпуси 2014 йилда қуриб, фойдаланишга топширилган бўлишига қарамай, спорт инвентарлари ҳали тўлиқ етказиб берилмаган.

Мактаб директорининг айтишига қараганда, “ҳалиям йўлда”ги спорт инвентарлари яхшиям етиб келмаган, деган хулосага келдик. Ваҳоланки, бор инвентерлардан бошқа мақсадларда фойдаланилаётгани диққатни оширади.

Янги мактабнинг бугунги ачинарли аҳволи, айрим ишчи-ходимлар ҳамда ёшлар  етакчисининг ҳам зиммасига юкланган вазифага лоқайдлигини мактаб директорининг ўзи томонидан фаолиятга панжа ортидан қаралгани меваси сифатида кузатиш мумкин.

Худди шунингдек ҳолат тумандаги 45-умумий ўрта таълим мактаби ёшлар етакчиси Истам Арабовни ҳам иш соатларида, чамаси, икки соатдан ортиқ кутишимизга, ҳатто, мактаб маъмурияти томонидан унинг хонадонигача излаб борилишига қарамай, учрата олмадик. Ёшлар иттифоқи туман Кенгашида эса етакчининг қачон ҳудудий комиссия тавсияси билан фаолият бошлагани ҳамда  4 дона 3х4 суратидан бошқа ҳеч қандай манбааси йўқ. Фаолияти давомида бефарқликка, эътиборсизликка йўл қўйган.

Ажаблантиргани, 45-умумий ўрта таълим мактаби туманда энг кўзга кўринган, 2014 йилда янгидан қуриб, фойдаланишга топширилган бўлишига қарамай, бугун яна таъмирга муҳтож. Синфхоналар янги жиҳозлар билан таъминланмаган. Ўқувчилар эски ва ручка билан қириб ташланган, кераксиз  ёзувлар билан “безанган” парталардан фойдаланади.

Кейинги манзилимиз тумандаги “Тезгузар” маҳалласи ҳудудида жойлашган 6-умумий ўрта таълим мактаби бўлди.  Бошланғич ташкилот етакчиси учун шарт-шароит яратилган.  Бироқ, етакчи томонидан бажарилган ишлари юзасидан юритилган меъёрий ҳужжатлар чала ва пала-партиш.

– Биз мактабнинг маънавият ишлари бўйича директор ўринбосари билан ўзаро келишиб ишлаймиз. Ҳужжат юритишда бироз нўноқлигимни тан оламан. Шу боис, мен ишларни амалий бажарсам, у иш ҳужжатларини юритади,-дея амалдаги ишларини қўл телефонида туширилган суратлар орқали изоҳлашга киришди ёшлар етакчиси Дилором Ғаффорова.

Ўзининг айтишича,  у фаолиятига оид иш ҳужжатларини бир неча маротаба туман марказидаги техник хизмат кўрсатиш шахобчаларидан 400-500 минг сўм  маблағи эвазига тайёрлаб олган.

–  Етакчи хонаси зарур техник воситалар билан жиҳозланган. Ҳамкорликда фаолиятни йўлга қўйганмиз. Аммо бу “Сен у ишни, мен бу ишни қиламан”, -деган ноўрин тарздаги “келишиб” ишлаш деган маънони англатмайди.  Етакчи учун алоҳида компьютер, принтер ажратилган. Фақат етакчи ўз ҳужжатларини рангли тасвирларда тайёрлашни истаб, ўз маблағидан фойдаланган бўлиши мумкин,-деди директор ўринбосари.

Бир қатор  ёшлар етакчилари фаолиятига қизиқар эканмиз, улар билан бир қатор амалий семинар-тренинглар, учрашув ва ўқувлар ўтказилган бўлишига қарамай, кўпчилигида назарий билим ва фаолиятга оид меъёрий ҳужжатларни юритишда кўникма етарли эмаслиги кузатилди. Шу нуқтаи назардан, бошланғич ташкилот етакчилари билан доимий равишда ўқувлар ва семинар-тренинглар ўтказиб турилиши мақсадга мувофиқдир.

Тумандаги 33-умумий ўрта таълим мактаби 360 ўринли. Таъмирга муҳтож. Деворларининг сувоқлари кўчган. Эшик-деразалар ромларидан чиққан. Поллари эса мактабнинг ўз кучи билан “ямоқ”ланган. Синфхоналар таълим стандартларига мутлақо жавоб бермайди.

На фаоллар зали, на тадбирлар ўтказадиган хона бор. Танлову тадбирлар қишда мактаб фаеси ёки синфхоналарда ўтказилади. Қишда кўмир ва ўтин печларидан фойдаланилади. Қозонхона ҳам иш фаолиятида эмас. Унинг йирик трубаларидан бири чириш ва емирилиш оқибатида йиқилган. Ачинарлиси, узоқ йиллардан буён авария ҳолатидаги спорт залидан фойдаланиш тўхтатилган. Етмагандек мавжуд, аммо шароитсиз стадионнинг ҳам каттагина қисмида бундан уч йил илгари ҳудуд испектори ва унинг оиласи учун уй-хонадон барпо этилган.

Мактаб директори Муҳаммад Аминовнинг билдиришича, аксар пайтларда инспектор нозири ва унинг оиласи томонидан жисмоний тарбия дарслари ёки дарслардан кейинги бўш вақтларида ўқувчи-ёшларнинг стадионда тўп суриши таъқиқлагани ҳолатлари кузатилган. Бу ўз-ўзидан кўнгилхираликларни келтириб чиқарган. Бироқ, билимгоҳ таълим стандартларига тўла жавоб бермаса-да, ўқувчи-ёшларнинг илмга, спортга интилиши, қизиқиши юқори. Ёзги таътил бўлишига қарамай, қишлоқ болалари мактаб стадионига чиниқишга келишган. Янги, замонавий мактабда таҳсил олиш, кенг имкониятли спорт залларида машғулотлар билан шуғулланиш орзумандидаги болалар билан суҳбатлашдик.

Турли тадбир ва танловларда бошқа мактабларга борганимизда улардаги шарт-шароит ва имкониятларга ҳавас қиламиз,-дейишди болалар.

Ёшлар етакчиси Ойсулув Ҳусенованинг имконият юзасидан яратилган шарт-шароитда ҳам ўз фаолиятига ҳам амалий, ҳам назарий жиҳатдан ғайрат ва ташаббус билан ёндошаётгани қувонарли.

Шофиркон туманида 56 та умумий ўрта таълим мактаби мавжуд бўлиб, қатор мактаблар ва бошланғич ташкилотлар фаолиятида ечимини кутаётган муаммолар мавжуд. Айтиш жоизки, 12-, 13-, 16- умумий ўрта таълим мактаби бошланғич ташкилоти етакчилари ўз вазифасини тўла бажара олмаяпти. Ташкил этилган тўгараклар тасдиқланган иш режа асосида етарли даражада натижа кўрсатмаяпти. Яқинда уларнинг фаолиятига амалий кўмак бериш учун борганимизда,  айни иш соатларида ўрнида бўлмаслиги, иш натижадорлиги йўқлиги ғоятда ачинарли ҳолат. Худди шунингдек, 17-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчи-ёшларининг стол тенниси машғулотларига ўзлари тайёрлаб келган қўлбола ракеткалардан фойдаланишаётганига мактаб директорининг ҳам, етакчининг ҳам бефарқлигини қандай тушуниш мумкин? Иттифоқ ҳаётида ўқувчи-ёшларнинг камчилик ва муаммоларини биладиган, ёшлар ташкилотининг мақсад ва вазифаларини теран англайдиган етакчилар лозим. Зеро,  кўпсонли ёшларнинг тақдири ёшлар етакчиларига боғлиқ бўлади,-деди ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ташкилий кадрлар бўлими мудири Муроджон Аминов.

Демак, ёшлар ташкилоти олдида ўз ечимини кутаётган муаммолар талай. Олдинда бажариладиган ишлар кўп. Ёшлар етакчиларининг кўпчилигида ўзини тутиш ва бошқариш, масъуллик маданияти муаммоси долзарблигича қолмоқда.

– Яратиб берилган шароит ва имкониятларга қарамай,  улар орасида зиммасидаги вазифага эътиборсиз, лоқайд қараётганлар ҳам йўқ эмас. Пешкў туманидаги 23-, Вобкент туманидаги 35-умумий ўрта таълим мактаби ҳамда Вобкент Қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежи бошланғич ташкилот етакчилари фаолиятига шундай уруғ бериш мумкин. Олот туманидаги 5-умумий ўрта таълим мактаби ёшлар етакчиси томонидан ўқувчилар билан бир қатор амалий ишлар олиб борилган бўлса-да, меъёрий ҳужжатларни юритишда бир қатор камчиликларга йўл қўйилган. Бироқ, ўз вазифасига масъулият ва садоқат билан ёндошадиган ёшлар етакчилари ҳам талайгина. Жумладан, Шофиркон туманидаги 1- ва 44-умумий ўрта таълим мактаби, Когон туманидаги 4- умумий ўрта таълим мактаби, Олот туманидаги 1- умумий ўрта таълим мактаби, Ромитан туманидаги 7-умумий ўрта таълим мактаби, Вобкентдаги 6- умумий ўрта таълим мактабларини яққол мисол сифатида кўрсатиш мумкин,-деди ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши бошланғич ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими мудири Шерзод Нарзуллоев.

Унинг таъкидлашича, ёшлар етакчиларига меъёрий ҳужжатларини юритиш ҳамда ёшлар билан ишлашда уларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича семинар-тренинглар ташкил қилинади, бу орқали амалий кўмак бериб борилади.

Лайло Ҳайитова