Гап ҳар бир шахснинг зиммасига юклатилган қонуний вазифаси ва бурчлари ижроси ҳақида бормоқда. Халқ ўртасида оммалашиб кетган ушбу ибора ва тушунчага изоҳ беришга ҳожат бўлмаса керак.
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг йил якунларига бағишланган йиғилишдаги маърузасида барча даражадаги раҳбарлар ишига холисона баҳо берилди, ҳамма нарса ўз номи билан айтилиб, ҳақли савол, танқид ва муллоҳазалар ўртага ташланди. Яширмаслик керак, бунда айтилган гарларнинг кўпи халқ дилидаги гаплардир. Ахир раҳбарлар қандай ишлаши, вазифасига нечоҳлик масъулият билан ёндашиши – буларнинг барчасига оддий одамлар баҳо беради.
– Эскича ишлашга ҳеч биримизнинг ҳақимиз йўқ. Бугун замон шиддат билан ўзгармоқда унинг талаби, олдимизга қўяётган вазифалари тобора ортиб бормоқда. дейди Президентимиз,- эскича яшаш тарзи билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди… Эскича яшашга энди ҳеч биримизнинг ҳақимиз йўқ. Мана шундай мураккаб шароитда “сен менга тегма, мен сенга тегмайман” деган кайфият билан ишлашнинг вақти ўтди… Ҳар ким ўз аравасини ўзи тортиши даркор. Акс ҳолда, унинг бири икки бўлмайди. Жамиятда ўз ўрнини топа олмайди.
Энди мавзуга яқин бир мисол келтирайлик. Келинг, иккита исталган ўқув юртини солиштириб кўрайлик. Бирида иситиш тизими ишлайди, бирида – йўқ. Бирининг ҳовлиси ҳавас қилгули, иккинчисиники ташландиқ аҳволда. Бирида ўқувчилар бир хилда чиройли кийиниб келади, иккинчисида бу иш ўқувчининг ўзига ташлаб қўйилган. Ўқитувчиларнинг кийинишида ҳам шундай фарқ бор. Ёшлар ташкилотида ҳам: бирида фаоллик баланд, иш кўрсаткичи юқори, бирида, деярли, самарасиз. Бу ҳолат барчамизга таниш. Энди буларнинг сабаби ҳақида фикр юритайлик. Тўғри, иситиш тизими катта маблағ талаб этади.
Аммо муассаса раҳбари, аввало, ускуналарнинг шу ҳолга тушмаслик чораларини кўриши, кўп йиллик фаолияти давомида бу пулни йилдан-йилга жамғариши ёки бюджет ҳисобидан шакллантириши мумкинмиди? Қишнинг ҳозирги совуқ кунларида айрим ўқув муассасаларига бориб кўринг, антиқа ҳолнинг устидан чиқасиз: эшик, дераза тирқишидан елвизак ўтади. Дераза ойналари синган. Хўш, ана шу ишлар учун ҳам “юқоридан” кўмак керакми? Хўжалик мудирининг тайёр кўмирни қишлоқдошларига “ҳадя” этганини томоша қилиб тургандан кўра, директор эшик-деразаларни таъмирлашда ўзида ҳафсала топса, муаммолар урчимайди.
Ўқувчилар интизоми, одоби, кийиниши билан ҳар куни шуғулланиш лозим. Минг афсуски, раҳбар буни ўринбосари ёки бўлим бошлиғига топширган. Бу кайфият, табиийки, иш жараёнига таъсир этади. Давоматнинг пастлиги ўқувчи кайфиятига, раҳбарнинг мажлисма-мажлис юриши ўқитувчи масъулиятига ва ҳоказо. Натижада охирги пайтларда ўқитувчининг очиқ дарс ўтиши қаҳрамонликка тенглаштирилди-қўйилди. Ахир бу исталган пайтда амалга оширилиши зарур бўлган услуб-ку! Ёшлар ташкилоти фаолиятида ҳам шундай кўринишларни дан кузатиш мумкин: ижтимоий, маданий тадбирларни ўтказишда ўтган йилгиларни қолиплаш, такрорийликдан фойдаланиш ҳолатлари йўқ эмас. Ёшлар ижтимоий хизматлари марказларидаги техник воситаларнинг эскирганлиги, мавжуд тўгаракларга қатнашни истаган йигит-қизлар учун шарт-шароит, имкониятларнинг йўқлиги эътибордан холи эмас.
Ёки айрим идора, ташкилот ва муассасалар бинолари олди кўп сонли ёшлар, шунингдек, ўқитувчи ва ходимлар томонидан ҳашар йўли билан тозаланади. Савол туғилади: ўша ҳудуднинг аҳолиси қаерда, ўша ҳудуд раҳбарлари-чи?! Нега ўз аравасини ўзлари тортишмайди?! Маблағи етарли бўлиб, йил бошида таъмирлаш тугул, ҳатто, биносининг олд қисмини тозалашни режалаштирмаган директорга “раҳм”и келади кишининг. Мабодо, тадбир ўтказиладиган бўлса, нима учун мактаб ёки қайсидир ўқув муассасаси бошқа идоралар ҳудудини ҳашар йўли билан тозалаши керак?
Бу иллатларнинг асосий сабаби жамоа билан ишлай олмаслик, режаларни пухта ишлаб чиқмаслик ва раҳбарлик салоҳиятига эга эмаслик.
Ҳа, “аравани тортиш” ибораси катта аҳамиятга эга. Бу оилада ҳам муҳим ўрин тутади. Китоб, газета ўқимаган, телевизор кўрмаган, улфатчиликдан бўшамайдиган ота-она фарзанд тарбиясини тўғри йўлга қўя олмайди. Яна ўша гап: унинг фарзандлари тарбияси билан маҳалла ва бошқа идоралар шуғулланади. Қиссадан ҳисса шуки, ўз аравасини тортолмаганлар доимо кимнингдир олдида мулзам, қарздор бўлиў яшайди, бири икки бўлмайди.
Аравасини ўзи тортган, ҳеч бўлмаганда тортишга ҳаракат қилган кам бўлмайди.