Сенинг тенгдошларинг
Ҳунардан келса бойлик, турмуш бўлар чиройли, деган ҳикматни ўзи учун шиор билган ёш ҳунарманд Нилуфар Йўлдошева ютуқ ва муваффақиятлари билан тенгдошлари қалбида ҳавас уйғотиб келмоқда.
Когон туман Қишлоқ хўжалик ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи электрон ҳисоблаш машинaлари йўналиши ўқувчиси Нилуфар фанларни ўзлаштиришдан ташқари кулолчилик билан ҳам шуғулланади. Ёш ҳунарманд ўзининг юздан ортиқ санъат асарлари билан нуфузли танловлар ғолибасига айланган. Жорий йилда “Юксак маънавиятли авлод” ёшлар фестивалининг “Амалий санъат” йўналишида муносиб ўринни эгаллагани, айниқса, диққатга сазовордир.
Ўз истеъдоди ҳамда қобилиятини намоён этиш мақсадида Нилуфар Йўлдошева “Камолот” лойиҳаларида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Бўстонлиқ туманидаги “Камолот” оромгоҳида ташкил этилган “Менинг бизнес ғоям”, “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” республика кўрик-танловларидаги муносиб иштироки, шунингдек, Наманган шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси томонидан ўтказилган “Ишбилармон талаба-2015” стипендияси ғолибига айлангани унинг ўз соҳасига бўлган қизиқиш ва иштиёқини янада оширди.
– Кулолчилик соҳасида сабр-тоқат, матонат ва зийраклик асосий ўринда туради. Сополдан санъат асарлари яратишнинг сир-асрорларини тажрибали устозларим Ҳамида Бозорова, Нозим Раҳмоновлардан қунт билан ўргандим. Изланишларим бесамар кетмади. Моҳир кулолсоз ҳамда ҳунарманд тадбиркор бўлиб етишдим. Бешга яқин шогирдлар тайёрладим. Энг кичик шогирдим, укажоним Севинч ҳам эндигина тўрт ёшни тўлдирди, – дейди 18 ёшли суҳбатдошимиз.
Мураббийларининг ибратомуз ўгитлари ҳамда насиҳатларини олган Нилуфар:
- Шундай санъат асари ясагинки, у кўп йиллар давомида инсонларга хизмат қилсин. Меҳнатингни кўрганларида, ҳақиқатдан ҳам бу иш менинг қўлимдан келмайди, дея ҳайрат ила эътироф этишсин, – дейди яна сўзида давом этиб.
Қўл меҳнатига асосланган кулолчилик, ундаги ҳар бир буюмнинг яралиш жараёни барчани ўйлантирмасдан қўймайди. Битта кулолчилик маҳсулотининг тайёр ҳолга келгунига қадар қандай босқичлардан ўтиши билан қизиқдик.
– Асосан, гил тупроққа лой қориб, унга ишлов бериш йўли билан жараённи бошлайман,-дейди қаҳрамонимиз, – сўнг уч кун давомида қуёшда очиқ ҳавода қуритиб, махсус хумдонларда пишираман. Узоғи билан битта буюмга беш кунгача вақт сарфланиши мумкин.
Уйида мўъжазгина цех очиб, соҳа ривожини кенг йўлга қўя олган Нилуфарнинг маҳсулотлари Арк музейи ҳамда Лаби Ҳовуз ансамбли ёнидаги дўконлардан жой олган. Нилуфар Йўлдошева яратаётган сопол буюмлар бугун ҳар бир хорижлик меҳмоннинг севимли совғасига айланиб улгурган.
Ўз ҳунари, балки касбий фаолияти билан ҳам жаҳон кезишни орзу қилаётган ёш истеъдод соҳиби буюк иқтисодчи бўлишни ўз олдига мақсад қилган. Касб ва ҳунарни биргаликда мукаммал ўзлаштираётган орзулари осмон Нилуфарга орзулари ёр бўлсин, деб қоламиз.
Шавкат БОБОЖОНОВ