Танқид
Ҳар бир миллатнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва нуфузи нафақат унинг иқтисодиёти, ер ости ва ер усти бойликлари, балки миллий маънавиятининг муҳим негизи ҳисобланган шонли ўтмиши, тарихий ва маданий обидалари ҳамда уларга қаратилаётган эътибор билан белгиланади.
Дунёда шундай мамлакатлар борки, уларнинг тарихидан дарак берувчи бирор бир иншоот ёки моддий маданият ашёлари топилмайди. Шунга қарамай, мазкур давлатлар ўтмишидан бир из топсада, уни ўз ўрнида қайта тиклашга, янада бойитишга, туристик зонага айлантиришга ҳаракат қилади. Жаҳон цивилизацияси бешикларидан бири бўлган Бухоро гарчанд “очиқ осмон остидаги музей шаҳар”, “тарихий қўриқхона” дея эътироф этилган бўлсада, ҳали эътибор қаратилиши лозим жиҳатлар анчагина.
Шариф Шаҳарнинг энг кўҳна манзилларидан бирида жойлашган, қадимий масжидлардан бири ҳисобланган Мағоки Атторон ёдгорлиги олдидаги ҳолатни кўриб, таъбингиз хира тортади. Обиданинг икки томони доимий равишда машиналар “стоянка”сига айланиб қолгани, ачинарли. Қадимшунос ҳамда археологларнинг маълумотларига қараганда, тарихий объектлар жойлашган ҳудудларда фақат пиёдаларгина ҳаракатланиши керак. Чунки, машина ёки бошқа техника воситаларининг овози, тезлик тўлқин кучи, ердаги босими обида деворларининг дарз кетишига, пойдеворининг емирилишига, айтиш жоизки, қаттиқ шикастланишига олиб келади.
Иншоотдан унча узоқ бўлмаган масофада машиналар тўхташ жойи ташкил этилганлигига қарамай, айрим маънавияти саёз автомашина эгалари у ерни ўз “улов”лари учун “махсус жой”га айлантирган кўринишади. Ҳайдовчиларнинг тарихдан бехабар эканликлари-ку майли, аммо улуғ аждодлару, улар бунёд этган табаррак қадамжоларга нисбатан лоқайдлиги ҳамда беҳурматлигини кўриб, ўйга толасиз. Эски шаҳар ҳудуди бўйлаб сайр қилаётган сайёҳларнинг мазкур ҳолатни кузатиб, “бош чайқаб” ўтаётганлигидан хижолат тортади, киши. Сайёҳлар кўнглидан Имом ал – Бухорий, Абу Али Ибн Сино, Баҳоуддин Нақшбанд, Абдулхолиқ Ғиждувоний каби буюк зотларни етиштирган муқаддас шаҳарга нисбатан Бухоро аҳлининг муносабати наҳотки шундай бўлса, деган ўй ўтмаслигига ким кафолат беради.
Мағоки Атторон масжиди ёнида машиналар тураргоҳи пайдо бўлиб қолганига қарамай, бу ҳолат Бухоро вилоят Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, “Ўзбектуризм” миллий компаниясининг вилоят бўлими ва бошқа мутассадиларни ташвишлантирмаётгани ажабланарли. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 49-моддасида Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб-асрашга мажбурдирлар. Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир, деб белгилаб қўйилган.
Барчамиз ҳар гал тарихни қиёсий таҳлил қилиб, Чингизхон босқинида бунча обида, Чор Россияси ҳужуми даврида эса шунча иншоот вайрон этилган, десаку, аммо ўзимиз ҳам катта зарар етказаётганлигимизга эътибор бермасак, бу буюк ўтмишимизга нисбатан ҳурматсизлик бўлмасмикин?!
Тарих миллат келажагини, тақдирини белгилар экан, барчамиз маданий меросимизни асраш, уни келгуси авлодларга бус-бутун етказишдек фуқаролик ҳамда конституцион бурчимизни унутмайлик.
Шавкат БОБОЖОНОВ