БУХОРОДА ЗИЁРАТ ТУРИЗМИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Бухоро вилояти ҳокимияти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмитаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Вақф” ҳайрия жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда UNESCO ва UNWTO кўмагида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ҳамкорлигида ташкил этилган биринчи зиёрат туризми форумида 25 та давлатдан 103 нафар вакиллар ташриф буюрди.

Улар Бухоро халқаро аэропорти ҳамда “Бухоротемирйўл” вокзалида кутиб олинди.

Халқаро зиёрат туризм иштирокчилари Бухоронинг туристик салоҳиятлари билан танишиш имконига эга бўлишди. Жумладан, улар ҳудуддаги зиёрат-туризми объектлари, хусусан, Ғиждувон, Когон, Шофиркон, Ромитан, Вобкент туманларида жойлашган етти пир қадамжоларини зиёрат қилишга мушарраф бўлишди.

“Форумнинг Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган, Шарқу Ғарбни боғлаб турувчи кўҳна ва боқий Бухорода ташкил этилгани Ўзбекистоннинг кўп асрлик маданий мерос объектларини зиёрат қилишимизга туртки бўлди. 11 йилдан буён турли давлатлар туристик марказлари билан ҳамкорликда фаолият юритаман. Бухорога эса иккинчи маротаба келаяпман. Улкан ўзгаришларни кўриб, ҳайратда қолдим. Тўғриси, ўшанда туристик ташкилотлари жуда оз, меҳмонхоналари ҳам саноқлигина эди. Бугун эса уларнинг саноғи йўқ. Сайёҳлар учун яратилган имконияту эътибор, эҳтиром миллатнинг энг катта бойлиги эканлигини намоён эта олишяпти”,-деди Ўзбекистон туристик ахборот маркази вакили Muhammad Tausif Akhtar (Покистон).

Марказий Осиёдаги энг қадимий ва навқирон шаҳарлардан бири ҳисобланган Бухоронинг 1993 йилда UNESCOнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилиши унинг ҳимоя қўрғонини янада мустаҳкамлади. Дунё тадқиқотчилари ва археологик олимлар эътиборини ўзига жалб этиб келган шариф шаҳарни янада ривожлантириш, бу ишларга маҳаллий ва халқаро экспертларни жалб этиш, UNESCO, UWTO сингари халқаро ташкилотлар билан маданий ва илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш ўзининг ижобий самарасини кўрсатмоқда. Ушбу жараён Бухорони жаҳон миқёсидаги туристик марказга айлантириш борасида ҳар  томонлама кўмак бўлмоқда. Шунингдек, вилоятнинг савдо ва туризм маркази сифатида дунё ҳамжамияти қизиқишига сазовор бўлаётгани, айниқса, 2020 йилда Бухоронинг Ислом маданияти маркази сифатида эътироф этилиши кўзда тутилаётгани эътиборга молик.

Форум доирасида Бухоро ёшлар марказида ўтказилган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз борди.

“Маълумки, зиёрат туризмини ривожлантиришда илмий туризм салоҳиятини ошириш муҳим. Бунинг учун халқаро илмий-тадқиқот маркази олимлари билан бирга ишлаш, турли сабаблар билан қатор давлатларга тарқалиб кетган бой меросимиз – кўплаб улуғ алломаларимизнинг китобларини қайтариб олиб келиш чораларини кўриш даври аллақачон етиб келган. Демак, зиёрат туризми баробарида илмий туризмни ривожлантириш бугунги кун талабидир”,-деди эркин иштирокчи Сайфиддин Асадов.

Матбуот анжуманида туризм соҳасининг ҳали тадқиқ этилмаган саҳифаларини очиш, мусулмон давлатларида ислом маданияти цивилизациясини янада ривожлантириш, давлатлараро ёшлар туризмини кучайтириш, шунингдек, туризм соҳасидаги тадбиркорликни ошириш борасида таклифлар берилди.

“Халқингизнинг ноёб маданияти, бой тарихий мероси, қадимий ва ўрта асрларга оид ёдгорликлари қатори унинг маданияти ва санъатини асраб-авайлашга, уларни муносиб тарзда келгуси авлодга қолдиришга бефарқ эмаслиги дунё аҳлини ҳайратга солиб келган. Масжиду мадрасалар, мемориал мажмуаларнинг сайқал топгани беқиёс. Айниқса, исломга бўлган муносабатдаги кескин ўзгариш бизни қувонтирди. Фақат мусулмонлар идоралари ёхуд дин уламолари вакилларигина эмас, балки улуғ давлатингиз томонидан ислом маданияти ривожи учун олиб борилаётган сайъ-ҳаракатларга кўз тегмасин. Ушбу Форум Ўзбекистонда зиёрат туризмининг келгусидаги истиқболига замин бўла олади”,- деди Малайзия Республикаси муфтийси, профессор жаноб Mohd Asri Bin Zainul Abidin.

Лайло Ҳайитова