Кеча Ўзбекистон Республикаси Туризимни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Бухоро вилояти ҳокимияти, Ўзбекистон Руспубликаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмитаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Вақф” ҳайрия жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда ISESCO ва UNWTO кўмагида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ҳамкорлигида Бухорода ўтказилаётган Биринчи зиёрат туризмига 25 та давлатдан иштирокчилар келганини хабар берган эдик. Бугун шундай давлатлар сони 35тага яқинлашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот котиби Шерзод Султанов маълум қилди.
Маълумки, Ўзбекистон Президенти 2017 йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридан туриб, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини бутун жаҳон жамоатчилигига етказиш, эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлаш ҳақида сўзлаб, мусулмон олами ва жаҳон жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотган эди.
Шунга кўра, Ислом ҳамкорлиги ташкилоти томонидан Бухоро 2020 йилда Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилингани катта тарихий воқеа бўлди.
Ўтган икки йил ичида туризм соҳасида туб ўзгаришлар кузатилди. Айниқса, 45 та мамлакат аҳолисининг 30 кунгача визасиз бўлиши, 76 та давлат фуқаролари енгиллаштирилган тартибда электрон виза олиши, 101 та мамлакат аҳолиси учунчи давлатга боришда Ўзбекистонда 5 кунгача визасиз кириши каби қатор имтиёзларнинг жорий этилгани миллий туризм салоҳиятини юксалтириш имконини яратди.
Форум доирасида халқаро мусулмон идоралари вакиллари билан ўтган конференцияда шулар хусусида сўз борди.
“Ўтган йилда 2018 йилда сайёҳлар сони 2,5 миллионга етди. Хорижий сайёҳлар сони эса 301 мингдан ортди. Истиқболда Бухорога сайёҳлар оқими кескин ортишини ҳисобга олиб, жорий йилда 60 га яқин меҳмонхоналар, 20 дан ортиқ ресторанлар, бир қатор истироҳат боғлари, сайлгоҳлар қурилмоқда. Бу борада Германия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Корея, Туркия каби мамлакатларнинг салоҳиятли инвесторлари билан ҳамкорлигимиз натижасида яқин орада Бухорога бир кунда 10 мингдан кўпроқ сайёҳни қабул қилиш бўйича меҳмонхона фондлари яратилади.Бундан ташқари, сайёҳлар учун Экотуризм, Гострономик туризм, Агротуризм, Спорт туризми каби янги туризм йўналишлари ўзлаштирилиб, анъанавий маданий-маърифий тадбирлар, фестиваль ва кўрик-танловлар ташкил этилиши йўлга қўйилмоқда,-деди конференцияда сўз олган Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Миср ижтимоий бирдамлик оилалар ва ногиронлар Вакиллари палатаси қўмитаси раиси, APE чўфилар орденлари Юқори Кенгаши раиси Абдулҳади аль-Касаби ва бошқалар Ўзбекистоннинг мусулмон оламидаги ўрни ва нуфузи, ислом маданиятини ривожлантириш истиқболлари, катта йўл бўйларида масжидлар сонини кўпайтириш, халқаро туризм салоҳиятини ривожлантириш кабилар хусусида сўз юритишди.
Билдирилишича, Ўзбекистондан 7мингдан ортиқ тарихий обидалар мавжуд бўлиб, 200 дан ортиғи ЮНЕСКО рўйхатида. Ислом маданияти обидаларини асраб-авайлаш ва тарихий обидаларга бой давлат сифатида Ўзбекистон 9 ўринни эгаллаб турибди.
Биринчи зиёрат форуми давом этмоқда.
Лайло Ҳайитова