ҲУДУДИЙ БОСМА НАШРЛАР АҲВОЛИ ҚАНДАЙ?

Бухорода бўлиб ўтган семинар-тренинг босма нашрларнинг бугунги аҳволи ҳамда уларнинг самарадорлигини оширишга бағишланди.

Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро вилоят Ахборот-кутубхона маркази мажлислар залида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон мустақил матбуот ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди билан ҳамкорликда “Ҳудудий босма нашрларнинг ҳолатини яхшилаш бўйича таклиф ва тавсиялар” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди. Бунда вилоятдаги ОАВ ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, шунингдек, соҳа мутахассислари иштирок этди.

Семинар-тренингни Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди вакили Сарвар Хуррамов кириш сўзи билан очиб, унда босма нашрларнинг мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларни ҳар томонлама таҳлилий ва тезкор етказиб беришда янги босқичга ўтиши кераклигини билдирди.

Бугун Бухоро вилоятида оммавий ахборот воситаларидан 33 та газета 3 та журнал, 1 та илмий ахборотнома, 2 та телевидение, 2 та радио хизмати фаолияти йўлга қўйилган. Мавжуд нашрларнинг қизиқарли чиқаётгани билан бир қаторда, аянчли аҳволда эканлиги ҳам таҳлил қилинди. Хусусан, туман нашрлари обунаси қамрови ҳудуд аҳолисининг жиллақурса, 10 фоизини  ҳам ташкил этмаётгани, сифатдорлигини ошириш, ўқимишлилигини таъминлаш кун талаби эканлиги муҳокама этилди. Ўз ўрнида, бош муҳаррирлар ҳам таҳририятлар ҳамда газета етказиб берувчи ташкилотлар ўртасидаги муаммолар мавжудлиги, айниқса, газета етказиб берувчи ташкилотлар томонидан қонунга зид равишда газеталар маблағларининг “қотириб” қолдирилаётгани ҳолатларини ўртага ташлашди.

“Ҳар бир ҳудудда туман  газеталаридан бошлаб, вилоят нашрларигача ривожлантириш, бозор иқтисодиёти даврида ўз-ўзини таъминлаш мақсадида маркетинг ва менежмент йўналишларини жорий этиш, саҳифалар дизайнини тубдан ўзгартириш муҳим. Бугунги давр 70-80-йиллардаги газетачиликнинг мумтоз тарихидан чекинишимизни тақозо қилаяпти. Ўзбекистон журналистикаси ҳам бугун дунё журналистикасига дадил кириб келаяпти. Айниқса, босма нашрларда фаолият бошлаган мутахассисларнинг 90 фоизи газета ёки нашриётлар технологиясини билмаслиги, дизайн бўйича етарлича тасаввурга эга эмаслиги ачинарли ҳол. Замонавий услуб ва стандартларга мослашиш керак.  Шу нуқтайи назардан семинар теминар иштирокчиларига кўмак бера олди, деб ўйлайман”, – деди   ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультети доценти Беруний Алимов.

Семинарда ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультети доценти Беруний Алимов ҳамда Назира Тошпўлатова “Ҳудудий нашрларнинг бугунги ҳолати: менежмент ва маркетинг йўналишларидаги муаммолар ва яхшилаш бўйича таклифлар”, “Олиб борилаётган ислоҳотлар устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда журналистнинг роли ва бунда касбий этика тамойили”, “Журналист текширувини олиб бориш босқичлари ва тамойиллари” мавзусида маъруза қилди. Нашрларнинг бугунги ҳолати, йўл қўйилаётган қонунбузилиш ҳолатлари, менежмент ва маркетинг борасидаги муаммолар хусусида сўз юритилди.