“Бухоро ёшлари”: ТАРИХ ВА БУГУН
“Бухоро ёшлари” газетаси республикамизнинг кўплаб турдош ва тенгдошлари қатори миллий истиқлол ғоясини байроқ қилиб, ёшлар орасига ўз ўрни ва мавқеига эга, ёшларнинг минбари, севимли нашрига айланган.
“Камолот” ЁИҲ вилоят Кенгаши муассислигидаги мазкур газета 2001 йилда таъсис этилган.
2010 йилга қадар журналист Саидбурҳон Қодиров газета бош муҳаррири лавозимида фаолият кўрсатган. Газета истиқболи учун Раъно Саидмуродова, Лайло Ҳайитова, Моҳигул Назарова, Шоира Холова, Эркин Содиқов, Ҳамза Турдиев, Дилноза Ўринова каби ижодий гуруҳ самарали меҳнат қилишган.
Мустақилликнинг илк йилларида бозор муносабатларига ўтишнинг қийин даврлари таҳририятни ҳам четлаб ўтмаган. Молиявий ночор аҳволни бошдан кечирган Таҳририят узоқ йиллар давомида ўз офисига эга бўлмай, турли ташкилот, идоралар биноларида ижара шаклида фаолият кўрсатиб келган. Ўз жиҳоз ҳамда техник воситаларига эга бўлмаган. Аксарият ҳолларда ходимлар уйда ўтириб, келиб-кетиб ишлашга мажбур бўлишган. Факс, электрон почта, модем ва интернетдан фойдаланиш имкони бўлмаган. Шу каби омиллар газета сифати ва даврийлигига таъсир кўрсатмай қўймаган. Бироқ, шундай етарлича бўлмаган иқтисодий танг шароитларга қарамасдан, ижодий жамоанинг ҳамжиҳат ва ҳамфикрлиги, тажрибали журналистларнинг фаоллиги газета мазмун-моҳиятининг замон билан ҳамнафаслиги йўқотмаган. Даврон Баҳронов, Илҳом Сафаров (марҳум), Дилмурод Жабборов, Сафар Аҳмедов, Маннон Отабой, Баҳром Насимов, Ҳамро Акиев каби соҳа мутахассислари газетанинг ижодий салоҳиятини юксалтиришда доимий кўмакдош бўлиб келишган.
2010 йилда “Бухоро ёшлари” газетаси таҳририятига “Камолот” ЁИҲ Бухоро вилояти Кенгаши биносидан алоҳида хона ажратилиб, ижодий ходимларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун имконият даражасида қулай шароитлар яратиб берилган. Шу йили газета бош муҳаррирининг бошқа лавозимга ўтганлиги сабабли Муассис Ижроия қўмита қарори билан газета бош муҳаррири вазифасини вақтинча бажарувчиси этиб, вилоят “Камалак” болалар ташкилоти раиси Адолат Акрамова тайинланган.
Таҳририят фаолиятини янги сифат босқичига олиб чиқиш, унинг ўқувчиларга сифатли ва замон талабига мос равишда етказиш мақсадида газета 2011 йил декабрь ойидан бошлаб, (Бухоро вилоятида рангли нашрга мўлжаллаган босмахона фаолиятининг йўлга қўйилмагани боис) Навоий вилоят “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталари таҳририяти давлат корхонаси матбаа бўлимида саҳифаланиб, офсет усулида, А-3 форматда рангли чоп этиш ишлари йўлга қўйилган.
2013 йилда Муассис Ижроия қўмитасининг “Бухоро ёшлари” газетаси бош муҳарририни ўзгартириш тўғрисида”ги қарори билан газета бош муҳаррири лавозимига “Камолот” ЁИҲ вилоят Кенгаши раиси Жамол Носиров номзоди тавсия этилади. Бу даврда “Бухоро ёшлари” газетаси ниҳоятда тезкор ахборот оқими шароитида ёшларга миллий маънавият, асрий қадриятларга оид ахборотларни тақдим этишда янада фаоллик кўрсатади. Унинг таъсирчан ва ўқимишлилиги ортади.
Газетанинг ёшларбоп бўлишида журналистикага қизиқиши баланд ижодкор талаба ва ўқувчилар маҳоратидан кенг фойдаланилади. Булар жумласига Мукаррам Отамуродова, Шавкат Бобожонов, Гўзал Рўзиева, Зарина Каримова, Диляйра Бозорова, Рушана Набиева, Зулфизар Мавлонова кабилар киради.
Таҳририят мустаҳкам замонавий техник воситаларга:
– ўз хизмат телефони ва факс аппаратига, компьютер ва ноутбук, рангли принтер ҳамда 3/1-принтерга;
– Электрон почта: buxoroyoshlari@umail.uz ва интернетдан фойдаланиш;
– ижодий ходимлар ҳамда жамоатчи мухбирлар сонини ошириш;
– Таҳририят буюртмаси асосида тайёрланган мақолалар учун жамоатчи мухбирларга қалам ҳақи тўлаш;
Шунингдек,
– таҳририят лойиҳаси асосида Муассис билан ҳамкорликда турли тадбир ва танловлар эълон қилиш, ўтказиш ва бошқа имкониятларга эга бўлади.
2014 йилда газета бош муҳаррирининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланганлиги муносабати билан Муассис Ижроия қўмитаси қарорига асосан, бош муҳаррир лавозимига Лайло Ҳайитова тайинланади.
Бугунги кунда Таҳририятда 2 нафар ижодий ходим, 2 нафар техник ходим ҳамда 1 нафар ҳисобчи фаолият кўрсатади. Ишчи-ходимларга қулай иш шароити яратиш мақсадида Таҳририят хонаси янада замонавий техник анжомлар билан таъминланди.
Ҳудудларда Ҳаракатнинг туман, шаҳар кенгашлари, шунингдек, ёшлар ҳаёти ва фаолияти ҳақида газетани тезкор ва сифатли мақолалар билан бойитиш мақсадида Таҳририят қошида “Парвоз” ёш журналистлар маҳорат маркази ҳамда фаол жамоатчи ёшлар тарғибот гуруҳи шакллантирилган. Нодавлат оммавий ахборот воситаларини тараққий топтириш, соҳадаги изчил тараққиётни ёш журналистлар орқали янги сифат босқичига олиб чиқиш, соҳадаги демократик ўзгаришларни чуқурлаштириш, ахборот бозорини кучайтириш, босма ОАВ, интернет нашрлар ва эфирга узатиладиган телерадиомаҳсулотлар сифатини яхшилаш мақсадида журналистикага иқтидори ва ҳаваси бор ёшларни жалб этиш мақсадида ташкил этилган “Парвоз”нинг ўз Низоми ва чора-тадбирлари белгиланган. Ёш журналистлар маҳорат маркази Устоз-шогирд анъаналари асосида олти йўналишда:
– босма ОАВ;
– телевидение;
– радио;
– фото;
– интернет журналистика;
– бошловчилик маҳорати дарслари олиб борилади.
Газета формати А-2 шаклда.
Газета шиори: “Билиб қўйки, сени Ватан кутади!”
Газетада ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий, адабий-бадиий, маданият ва спорт, ҳуқуқ, ҳарбий ватанпарварлик, таълимий-ахлоқий, экология ва саломатлик, муаммоли-танқидий-таҳлилий материаллар бериб борилади.
Муассис томонидан ўтказиладиган тантанали тадбирлар ва вилоятда ташкил этиладиган турли республика кўрик-танловлари муносабати билан газетанинг махсус сонлари чиқарилади.
“Бухоро ёшлари” газетаси ижодий ходимлари томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа ва иқтисодий ҳамжиҳатлиги асосида Ҳаракатнинг вилоят Кенгаши, вилоят Маданият ва спорт ишлари бошқармаси ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида “Болаларга беринг дунёни!” ҳамда “Соғлом авлод” болалар санъати фестивали, “Ўзбек тилим-фахрим, ғурурим!”, “Кексалари эъзозда – ёшлари эътиборда бўлган юрт”, “Бухоро ёшлари” куни” тадбирлари, матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни муносабати билан ҳар йили “Бухоро ёшлари” соврини учун “Стол тенниси” мусобақалари, бундан ташқари, газетхонлар учун Таҳририят ҳамда вилоят “Камалак” болалар ташкилоти Сардорлар кенгаши ҳамкорлигида “Қувноқ болажон” фотосуратлар, “Зеҳнингни сина!” қизиқарли ўйин ҳамда вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда “Нурафшон сатрлар” ижодий ишлар танловлари, бундан ташқари, “Парвоз” тарғибот гуруҳи аъзолари иштирокида “Биз чекишга қаршимиз”, “Соғлом турмуш тарафдоримиз” каби тадбирлар уюштирилиб, материаллар газета саҳифаларида чоп этиб борилади. Ғолиблар рағбатлантирилади.
Шунингдек:
– Газетхонлар қизиқишини орттириш учун интеллектуал тестлар, сканвордлар, викториналар бериб борилади;
-Журналистик текширувлар, шикоятлар изидан берилган танқидий мақолалар натижаси ёритилади;
-Замонамиз қаҳрамонлари, ёш, изланувчан, шуҳрат қозонган, мустақиллик йилларида етишиб чиққан ибратли шахслар ҳақида;
– Ҳаракатнинг вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари фаолиятини кенг ёритувчи материаллар мунтазам чоп этилади.
Фаолиятга доир:
– барча ҳужжатлар тартибга солинган;
– таҳрир ҳайъати шакллантирилган.
– ўз веб-сайтига эга;
-таҳририятга почта ҳамда электрон почта манзил орқали келадиган хатларга жавоб ёзилади.
Муассис кўмаги:
– “Камолот” ЁИҲ вилоят Кенгаши биносидан Таҳририят учун 1 та хона беғараз ажратилган;
– хона жиҳозлари ҳамда 1 та hp laserjet 1010 – принтер билан таъминлаган;
– коммунал хизматлардан бепул фойдаланилади;
– интернет тармоғи узлуксизлиги бепул таъминланган;
– обунага кўмакдош.
“БУХОРО ЁШЛАРИ” ГАЗЕТАСИ ТАҲРИРИЯТИ Н И З О М И
УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1.1. “Бухоро ёшлари” газетаси (бундан буён матнда “Газета” деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонун ҳужжатларига мувофиқ, “Камолот” ёшлар ижтимоий Ҳаракати Бухоро вилояти Кенгаши (бундан буён матнда “Муассис” деб юритилади) томонидан таъсис этилмоқда.
1.2. Газетанинг Муассиси — унинг ношири ҳисобланади.
1.3. Ихтисослашуви — ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ёшлар газетаси.
1.4. Газета ҳар ойда икки марта ўзбек ва рус тилида, А-3 бичимда 4 саҳифада (кейинчалик А-2 бичимда 8-16) рангли чоп этилади.
1.5. Газетанинг тарқатилиш усули — обуна орқали, шартнома асосида иш юритувчи жисмоний шахслар ва юридик шахслар. Тарқатиладиган ҳудуди — Бухоро вилояти.
1.6. Таҳририят фаолиятида ўз Низоми, “Камолот” ёшлар ижтимоий Ҳаракати Низоми, Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар асосида юритади.
1.7. Муассис Газетани нашр этиш, уни тарқатиш ҳамда ушбу Низомда кўрсатиб ўтилган фаолиятни бажариш учун Газета (бундан буён матнда “Таҳририят” деб юритилади) билан ўзаро шартнома тузади.
1.8. Таҳририятнинг почта манзили: Бухоро шаҳри, Абдуҳолиқ Ғиждувоний, 20 “А” –уй. Тел.-факс: 770-00-56.
1.9. Таҳририятнинг электрон манзили: buxoroyoshlari@umail.uz ҳамда buxoroyoshlari@mail.ru
1.10. Таҳририят юридик шахс ҳисобланади ва банк муассасасида ҳисоб рақамига, ўз думалоқ муҳр ва бурчак штампига эга.
- ТАҲРИРИЯТНИНГ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ
2.1. Таҳририят мақсадлари:
– вилоят ёшларини миллий истиқлол ғояси руҳида тарбиялашга ҳисса қўшиш, уларнинг маънавий дунёқарашини бойитиш, ёшларнинг ҳуқуқий демократик жамият қуришда тутган ўрни, уларнинг орзу-умидлари, ютуқ ҳамда бунёдкорлик ишларини тарғиб қилиш, ёшлар ва болалар ижодини кенг ёритиш, ёш ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижодий имкониятларини кенгайтириш, адабий маслаҳатлар бериш, бундан ташқари, улар фаолиятини оммалаштириш, долзарб муаммолар ечимини топишда кўмаклашиш, мазкур соҳани кенг ва атрофлича ёритиш, мамлакат ва жаҳон ёшлари ҳаёти билан таништириш;
– Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий, маърифий, маънавий, адабий ҳаётида содир бўлаётган янгилик ва ўзгаришларни ҳамда дунёда рўё бераётган воқеа ва ҳодисаларни холисона ёритиш;
– миллий ва маънавий қадриятлар, анъаналарни изчил тарғиб қилиш, улар фаолиятини такомиллаштириш орқали ижтимоий ва маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга кўмаклашишга қаратилган изчил чора- тадбирларни газета саҳифаларида кенг ёритиш;
– Ўзбекистон Республикасининг ёшлар сиёсатига оид қонунлари матнларини, Муассис ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари фаолиятига доир материалларни эълон қилиш;
– интернет, хорижий ва Республика оммавий ахборот воситаларида ёшлар масаласи ва ташаббусларига оид чоп этилган қизиқарли, долзарб материалларни, чет эл нашрларида чоп этилган ва миллий мафкурага зид бўлмаган материалларни таржима қилиб, белгиланган тартибда бериб боришдан иборат.
2.2. Таҳририят вазифалари:
– мақола ва маълумотларнинг юксак профессионал даражада тайёрланишини, уларнинг холислиги ва тўғрилигини таъминлайди;
– тарихий, умуминсоний, маънавий маданий қадриятларни, миллий анъаналарни тарғиб қилади, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, ёшлар масаласига оид сиёсатнинг мақсад ва йўналишларини кенг ёритиб боради;
– мулкчилик шаклидан қатъий назар, ижтимоий ва иқтисодий хўжалик субъектлари тўғрисида мақолалар уюштиради;
– тижорат ва нотижорат асосида рекламалар ва бошқа эълон туридаги хабарларни қабул қилади, ахборот фаолиятини юритади ҳамда газета саҳифаларига жойлаштиради;
– адабий-бадиий иловалар, альбомлар чиқаради;
– матн териш, макетлаштириш ҳамда турли матбаа маҳсулотларини белгиланган тартибда чоп этиш ва сотиш билан шуғулланади;
– ёш ижодкорлар, қаламкашлар учун адабий-бадиий тўгараклар ташкил этиб, улар фаолиятини юритади;
– ижодий жамоада қулай иш шароити яратади, ходимларнинг ўз хизмат вазифаларини бажариши учун зарур бўлган техника воситалари ва бошқа жиҳозлар билан таъминлайди;
– меҳнат ва ишлаб чиқариш интизомини мустаҳкамлайди;
– ходимларнинг ижодий муваффақиятларини маънавий ва моддий жиҳатдан рағбатлантириб боради, уларнинг касбий маҳоратини оширишга кўмаклашади, турмуш шароитларини яхшилаш тўғрисида ғамхўрлик қилади;
– Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланади;
- МУАССИСНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ
Муассис — бошқарувнинг олий органи ҳисобланади. У Таҳририят фаолиятининг ҳар қандай масалалари бўйича қарор қабул қилиш ваколатига эгадир.
3.1. Муассис ҳуқуқлари:
– Таҳририятнинг таъсис ҳужжаларини ишлаб чиқилишида иштирок этиш;
– Таҳририятнинг Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;
– Таҳририятнинг ташкилий-ҳуқуқий тузилмасини тасдиқлаш;
– Таҳририятни тартибга солиб турувчи бошқа ҳужжатларни тасдиқлаш ва ўзгартириш киритиш;
-Газета Бош муҳарририни лавозимига тасдиқлаш ва уни лавозимидан озод этиш;
– Таҳририятга Муассиснинг фаолиятини холисона ёритишда яқиндан кўмак бериш;
– Таҳрир ҳайъати таркибини тасдиқлаш;
– Газета саҳифасида қонун ҳужжатларида белгиланган ҳажмдаги, реклама тусида бўлмаган хабар ёки материални ўз номидан бепул жойлаштириш;
– оммавий ахборот воситасининг рўйхатда қайд этилган номидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш;
– Таҳририятнинг бошқарув органларини шакллантиришда таъсис шартномаси, Таҳририят Устави (Низоми) ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иштирок этиш;
– Газета Бош муҳаррири, таҳририят ходимларини, таҳрир ҳайъати аъзоларини рағбатлантириш, лавозимга тайинлаш ва вазифадан озод этиш;
– Таҳририят фаолиятини тўхтатиб туриш ва тугатиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;
– шунингдек, Муассиснинг зиммасига қонун ҳужжатларига мувофиқ, бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
3.2. Муассис мажбуриятлари:
– Муассис Таҳририятни ташкил этади, Таҳририят Низомини тасдиқлайди;
– Таҳририят билан шартнома тузади;
– ОАВ чиқарилишини ҳамда ОАВ тўғрисидаги Қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлайди;
– Таҳририят ходимлари ўз иш фаолиятини юритишлари учун хона ва жиҳозлар, шунингдек, техника воситалари билан таъминлайди;
– Газета рекламаси ва обунасини ташкил этиш, тарқатиш ва сотишда кўмаклашади;
– Муассиснинг зиммасида Қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
3.3. Муассис оммавий ахборот воситасининг фаолиятини цензура қилмайди ва Таҳририятнинг ижодий фаолиятига аралашмайди.
ТАҲРИРИЯТНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ
4.1. Таҳририят ҳуқуқлари:
– мустақил ижодий фаолият юритиш;
– амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ахборотни излаш, олиш, тўплаш ва чоп этишга бериш;
– Газетани тайёрлаш, чоп этиш;
– ўз маҳсулотини ва хизматларини ўзаро келишилган нархларда ва тарифларда реализация қилиш;
-тақдим этилган материаллар, реклама ва эълонларнинг чоп этилишини белгилаш ёки уларни чоп эттиришни рад этиш;
– белгиланган тартибда иловалар чиқариш, босмахона ташкил қилиш ва бошқа матбаа маҳсулотларни чоп этиш, юридик ва жисмоний шахслар билан, шу жумладан, ҳомийлар билан шартнома асосида иш юритиш:
– Муассиснинг транспорт воситаларидан, биноларидан, қурилмалари ва бошқа техника воситаларидан, мол-мулкидан фойдаланиш;
– ходимларни муайян ишларни бажаришлари учун шартнома асосида вақтинча ишга қабул қилиш;
– Таҳририят ишига жалб этилган юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкидан фойдаланганлик учун уларнинг эгаларига ҳақ тўлаш;
– Муассис томонидан ОАВнинг чиқарилишини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, Муассиснинг рухсати билан айни шу номдаги оммавий ахборот воситасини белгиланган тартибда таъсис этиш;
– Таҳририят қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши мумкин.
4.2. Таҳририят мажбуриятлари:
– ахборот олиш, материалларни тайёрлаш ва журналистика фаолиятига оид ҳаракатларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуни ҳамда соҳага доир бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилиш;
– Таҳририят ходимлари (шунингдек, Таҳририят буюртмаси асосида материал тақдим этган жамоатчи мухбирлар)нинг ижодий фаолият кўрсатиши учун гонарар (қалам ҳақи) тизимини жорий этиш;
-штатлар жадвалини ишлаб чиқиш, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, уни тақсимлаш ҳамда Муассисга келишиш учун тақдим этиш;
-ходимларнинг самарали фаолият кўрсатишлари учун уларни моддий қўллаб- қувватлаш, қулай шароит ва имкониятлар яратиб бериш;
– фаолиятга доир маълумотлар ошкор қилинмаслиги чораларини кўриш;
– оммавий ахборот воситаси давлат рўйхатидан ўтказилмасдан туриб, ўз фаолиятини бошламаслик;
– фавқулодда вазиятлар тўғрисидаги шошилинч хабарлар ёки давлатнинг ваколатли органлари томонидан жамоатчиликка тезкорлик билан етказилиши лозим бўлган хабарларни газетада бепул эълон қилиш;
-материалларни тайёрлашда ишлатиладиган маълумотлар ишончлилиги, ахборот холислигини текшириш ҳамда эълонлар ҳаққонийлигини таъминлаш чораларини кўриб бориш;
– Газета сонларидаги мақолаларнинг маъно-мазмуни тушунарли ҳамда долзарблигини таъминлаш, уни белгиланган талаб даражасида бўлишига эришиш.
4.3. Таҳририят ўз фаолиятини тўлиқ хўжалик асосида амалга оширади, ўз хўжалик фаолиятининг натижаси бўйича Муассис олдида масъул бўлади, жисмоний ва юридик шахслар олдида улар билан тузилган шартномалар доирасида жавобгар бўлади.
4.4. Таҳририят ўз мажбуриятлари бўйича жаримага тортилиши мумкин бўлган ҳолда ўз мол-мулки билан жавоб беради.
4.5. Таҳририят юридик ва жисмоний шахслар билан ҳисоб-китобларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширади.
4.6. Таҳририят бухгалтерлик ва статистик ҳисоб-китобларни юритади.
4.7. Таҳририят ўз маҳсулотларининг истеъмолчилари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя этади.
4.8. Газетанинг молиявий фаолиятини Таҳририят олиб боради. Жисмоний ва юридик шахслар улар билан Газета фаолиятига доир шартномалар тузади.
4.9. Таҳририят Газетани чоп этиш билан боғлиқ фаолиятни амалга оширади, ўз фаолиятининг натижаси бўйича Муассис олдида масъул бўлади.
4.10. Муаллифнинг мақолалари ҳамда хатлардан фойдаланаётганда уларни таҳрир қилиш, қисқартириш таҳририятнинг ҳуқуқи ҳисобланиб, уларнинг мазмуни сақлаб қолинишини қонунда белгиланган тартибда амалга оширади.
4.11. Таҳририятга рағбатлантириш асосида жамоатчи мухбирлар ва ёш журналистларни жалб этади.
4.12. Муассиснинг мақолалари, мурожаатлари, реклама ва эълонлари Таҳририят томонидан биринчи навбатда эълон қилинади.
4.13. Газета саҳифаларида:
– Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилиш;
– уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ҳояларини тарғиб қилиш;
– давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларни ошкор этиш;
– миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ахборот тарқатиш;
– агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилиш;
– порнографияни тарғиб этиш;
-фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини таҳқирлашга йўл қўйилмайди;
– шунингдек, муайян иш бўйича суд ҳукми, қарори чиқмасдан туриб ёки суднинг ҳукми, қарори қонуний кучга кирмай туриб, суриштирув ёки тергов материалларини эълон қилиш таъқиқланади.
4.14. Таҳририят қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларга эга бўлиши мумкин.
4.15. Таҳририят Муассиснинг, Муассис Таҳририятнинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.
- ТАҲРИРИЯТНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ МАНБААЛАРИ
5.1. Таҳририят ўз фаолиятини иқтисодий мустақиллик асосида ва хўжалик ҳисобида амалга оширади. Зарур бўлганда Муассис маблағи Таҳририят иқтисодини мустаҳкамлашга жалб этилади.
5.2. Таҳририятнинг мол-мулки ўз фаолияти давомида орттирилган маблағ ҳамда мол-мулкдан таркиб топади. Уларнинг қиймати Таҳририят балансида қайд этиб қўйилади.
Таҳририят қуйидаги манбаалардан молиялаштирилади:
– Газета обунаси ва эркин савдода сотилганидан тушадиган даромад;
-Муассис ажратадиган маблағлар;
– реклама ва эълонлар хизматларидан тушган тушумлар;
-қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбаалар ҳисобидан шакллантирилади.
5.3. Таҳририят хўжалик фаолиятининг молиявий кўрсаткичи унинг фойдаси ҳисобланади. Таҳририят олган фойдадан солиқларни ва бюджетга бошқа мажбурий тўловларни тўлаб боради. Шунингдек, жарималар, неустойкалар тўланади, қолган қисмидан эса истеъмол фонди ва жамғарма фонди ҳосил қилинади.
5.4. Истеъмол фондидан Таҳририят ходимларининг меҳнат ҳақи ва шунингдек, қалам ҳақи (гонарар) тўланади. Таҳририят ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва миқдори Таҳририят умумий йиғилиши қарори билан тасдиқланади. Таҳририят ходимлари иш ҳақининг энг кам миқдори Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақидан оз бўлиши мумкин эмас.
5.5. Таҳририят меҳнат жамоасига хизмат кўрсатаётган, лекин Таҳририят таркибига кирмаган тиббий, болалар, маданий-маиший, ўқув ва спорт муассасалари ва бошқа ташкилот ходимларини моддий рағбатлантириш ва уларга қалам ҳақи тўлаб бориш учун Муассисга таклифлар тайёрлайди.
5.6. Таҳририят Газетанинг нархини мустақил белгилайди, бошқа хизматларнинг ҳақини ҳам ўзи белгилайди.
5.7. Таҳририят молиявий-хўжалик фаолияти Муассис ташаббусига биноан комплекс тафтиш қилиниши мумкин.
- ТАҲРИРИЯТНИНГ БОШҚАРУВ ОРГАНЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ
6.1. Таҳририятга “Камолот” ЁИҲ вилоят Кенгаши томонидан тайинланадиган Бош муҳаррир раҳбарлик қилади.
Таҳририят ўз касб фаолиятига мустақилдир.
6.2. Таҳририят Бош муҳаррир ва таҳририят ходимлари жамоасидан иборатдир.
6.3. Таҳририят Газета рўйхатдан ўтказилгандан кейин ўз фаолиятини бошлайди.
6.4. Бош муҳаррир:
– Муассис томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.
– Таҳририятга раҳбарлик қилади, оммавий ахборот воситасининг чиқарилиши тўғрисида қарор қабул қилади ва унинг фаолияти учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар ҳисобланади.
– Қонун ҳужжатлари ва таъсис ҳужжатларига мувофиқ оммавий ахборот воситасининг Муассиси, тарқатувчиси, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ҳамда бошқа юридик ва жимсмоний шахслар билан муносабатларда, шунингдек, судда Таҳририят номидан иш юритади;
-Таҳририят жамоасининг фаолияти учун нашрни сақлаб туришига мўлжалланган моддий ва пул маблағларининг тўғри сарфланиши учун Муассис олдида жавобгар бўлади;
– ички тартиб-қоидаларни белгилайди, қонунчиликда ўрнатилган тартибда ички хўжалик юритиш, газетада реклама жойлаштириш тартибларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
– ходимларни моддий рағбатлантириш ҳамда уларга интизомий чораларни қўллаш, меҳнат таътиллари бериш, хизмат сафарларига жўнатиш, ижтимоий ҳимоялаш бўйича қарорлар қабул қилади.
6.5. Таҳрир ҳайъати:
– Бош муҳаррир Таҳрир ҳайъати аъзоларини тасдиқлаш учун Муассисга номзодлар тақдим этади;
– Таҳрир ҳайъати Газетанинг ижодий истиқболи масалалари билан шуғулланади;
– Таҳрир ҳайъатининг чиқарган қарорлари бажариш учун мажбурий кучга эга;
– Таҳрир ҳайъатига улар орасидан сайланган раис раҳбарлик қилади;
– Таҳрир ҳайъати жамоатчилик асосида иш юритади.
6.6. Таҳририят ходимлари:
-Таҳририят штатида турган, материалларни тўплаш, таҳрир, таҳлил қилиш, тайёрлаш билан шуғулланувчи шахслар, шунингдек, техник хизмат кўрсатувчи ходимлар жамоаси ҳисобланади;
– ягона намунадаги гувоҳнома берилади;
– Газета саҳифаларига жойлаштиришда маълумотлар, ахборот ва эълонлар ҳаққонийлиги, ишончлилиги ва холислигини таъминлайди, текширади;
– Газетанинг бадиий савияси, унда берилаётган материалларнинг қонунчиликка мослиги, Газетанинг дизайни ва ўқимишлилигини ўрганади, муҳокама қилади.
6.7. Тафтиш комиссияси:
– Таҳририят фаолиятини ҳамда унинг бўлимлари ишини текшириш учун Муассис томонидан тафтиш комиссияси тузилади. Тафтиш комиссияси жамоатчилик асосида ишловчи уч кишидан иборат бўлади ва уч йил фаолият кўрсатади;
– Муайян фаолиятни тафтиш қилиш, молиявий фаолиятни таҳлил қилиш ҳамда уни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлайди;
– Газета манфаатлари учун хавф туғилса ёки мансабдор шахслар томонидан суистеъмолчиликка йўл қўйилгани аниқланса, буни Муассисга маълум қилади.
- 7. БОШ МУҲАРРИР ВА ХОДИМЛАР ЎРТАСИДАГИ МУНОСАБАТЛАР
7.1. Бош муҳаррир Муассис томонидан ишга қабул қилинади ва вазифасидан озод этилади. Бош муҳаррир ўз ваколатлари доирасида Таҳрир ҳайъатига, Таҳририят жамоасига раҳбарлик қилади. Газетанинг ҳар бир сонини босиш учун рухсат бериб, саҳифаларни имзолайди.
7.2. Муассиснинг қарорлари бажарилишини ташкил этади ҳамда ушбу Низомга асосан иш юритади.
7.3. Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига қатъий асосланган ҳолда оммавий ахборот воситаларидан ғаразли мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилмаслиги учун Бош муҳаррир қонунда белгиланган тартибда жавобгар ҳисобланади.
7.4. Газетанинг ҳар бир сонининг мазмунли тайёрланиши ҳамда матералларнинг босмахонага ўз вақтида топширилиши учун Бош муҳаррир масъул ҳисобланади.
7.5. Таҳририят ходимлари қонунда белгиланган барча ҳуқуқлардан фойдаланадилар, Газетанинг ўқимишли бўлиши ҳамда вилоят ёшлари ва аҳолиси ўртасида ҳурмат қозонишига ҳаракат қиладилар, меҳнат шартномасига қатъий риоя қиладилар.
7.6. Таҳририят ходимлари ўзлари тайёрлаган ва матералларнинг ҳаққонийлиги учун белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
7.7. Бош муҳаррир Таҳририят ходимларининг ўз вазифаларини бажариши, ички меҳнат тартиб қоидаларига амал қилиниши учун масъул бўлади. Ходимлар томонидан меҳнат қонунчилиги бузилган тақдирда белгиланган тартибда интизомий жазо чораларини қўллайди.
- УЧИНЧИ ШАХСЛАР БИЛАН МУНОСАБАТЛАР
8.1. Таҳририят Газета фаолияти билан боғлиқ учинчи шахслар билан муносабатларни тўғридан-тўғри ўзи амалга оширади.
8.2. Таҳририят жисмоний ва юридик шахслар (обуначилар, нашриётлар, матбуот тарқатувчи корхоналар, реклама берувчилар) билан шартномалар тузади, тузилган шартномаларнинг қонунчиликка мослиги ва бажарилиши юзасидан жавобгарликни ўз зиммасига олади.
8.3. Бош муҳаррир ва Таҳририят учинчи шахслар билан Таҳририят Муассис берган ваколат доирасида Муассис номидан иш кўриши мумкин.
- ФОЙДАНИ ТАҚСИМЛАШ ВА ЗАРАРЛАРНИНГ ЎРНИНИ ҚОПЛАШ ТАРТИБИ
9.1. Таҳририят фаолияти натижасида олинган фойда ҳар бир молия чораги ва йилининг сўнгида аниқланиб, хўжалик фаолиятидан келган тушумлардан, модддий ва унга муқобил харажатлар ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари тўлангандан сўнг ортган қийматдан ташкил топади.
9.2. Таҳририят фаолиятининг натижасида олинган даромаднинг асосий қисми Таҳририят ишларини ривожлантириш, янги техникалар харид қилиш, Газета фаолиятини реклама қилишга, муаллифлар аудиториясини кенгайтиришга сарфланади.
9.3. Зарарлар ўрнини қоплаш учун Таҳририят томонидан қонунчиликда ўрнатилган тартибда захира фонди ташкил этилади. Захира фонди Таҳририят фаолияти натижасида олинган фойда ҳисобига кўпайтирилиши мумкин.
9.4. Таҳририятнинг даромадларини тақсимлаш ва зарарларини қоплаш тартиби, Таҳририят фаолиятига даҳлдор бўлган ҳар қандай масалани ҳал этиш ёки кўриб чиқиш масаласи Таҳририят жамоаси умумий йиғилишида муҳокама қилинади ва баённома билан расмийлаштирилади.
- ГАЗЕТА ЧИҚАРИЛИШИНИ ТЎХТАТИБ ТУРИШ ЁКИ ТУГАТИШ АСОСЛАРИ ВА ТАРТИБИ
10.1. Оммавий ахборот воситасининг чиқарилиши тўхтатиб туриш ёки тугатиш рўйхатдан ўтказувчи органнинг даъво аризаси асосида суд қарорига биноан амалга оширилади.
10.2. Муассис Газетанинг чиқарилишини Таҳририят Низоми ва Муассиснинг қарори асосида тўхтатиб туриш ва тугатишга ҳақлидир.
10.3. Муассис Газетанинг чиқарилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилгандан кейин ўз қарори ҳақида рўйхатдан ўтказувчи органни уч кун ичида ёзма шаклда хабардор этади. Мазкур хабарнома ушбу оммавий ахборот воситаси чиқарилишининг тўхтатиб турилиши ёки тугатилишидан олдинги, сўнгги чиқарилишларидан бирида жойлаштирилади.
10.4. Ўзбекистон Республикаси “Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун”нинг 24-моддаси талабларига кўра, ОАВнинг чиқарилишини суд қарорига кўра, тўхтатиб туриш рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан Таҳририятга нисбатан чиқарилган огоҳлантиришга сабаб бўлган қонун ҳужжатлари бузилиши такрорий ёзма огоҳлантиришдан кейин бир ой ичида бартараф этилмаган тақдирда амалга оширилади.
10.5. Газета чиқарилишини қайта бошлаш рўйхатдан ўтказувчи орган аниқланган қонун ҳужжатлари бузилиши бартараф этилганлигини тасдиқловчи маълумотлар Муассис ёки Таҳририят томонидан судга тақдим этилгандан кейин суд қарорига асосан амалга оширилади.
10.6. Газетанинг чиқарилишини тугатиш тўғрисида суд томонидан қарор қабул қилиш учун қуйидагилар асос бўлиши мумкин:
– “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун ҳужжатлари Таҳририят томонидан мунтазам равишда бузиб келинганлиги, бу ҳақда рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан Муассис ва Таҳририят номига ёзма огоҳлантиришлар юборилганлиги;
– суднинг ОАВни чиқаришни тўхтатиб туриш ҳақидаги қарори бажарилмаганлиги;
– ОАВнинг олти ойдан зиёд вақт мобайнида чиқарилмаганлиги;
– қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳоллар.
10.7. Газетанинг чиқарилишини тугатиш унинг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг ҳақиқий эмас, деб топилишига сабаб бўлади.
10.8. Муассис томонидан Газетани тугатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган тақдирда Таҳририят Муассиснинг рухсати билан айни номдаги ОАВни белгиланган тартибда таъсис этишга ҳақлидир. Бундай ҳолларда ОАВни қайта рўйхатдан ўтказиш талаб қилинади.
10.9. Таҳририят фаолияти тугатилаётган тақдирда Муассис томонидан тузилган тугатиш комиссияси Таҳририят раҳбарлигини зиммасига олади ва белгиланган муддат ичида Таҳририят фаолиятининг тугатилишига доир барча ишларни амалга оширади.
- ТАҲРИРИЯТНИ ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ
11.1. Таҳририятнинг фаолияти Муассис томонидан ёки қарорга кўра тўхтатилиши ёки тугатилиши мумкин.
11.2. Таҳририят тугатилиши таъсисчилар Умумий йиғилиши томонидан тузиладиган тугатиш комиссияси орқали амалга оширилади. Уни ўтказиш тартиби ва муддати ҳамда даъво қилиш муддатлари қонунларга асосан таъсисчилар Умумий йиғилиши томонидан белигиланади.
11.3. Таҳририят фаолияти Муассис ёки суднинг қарорига кўра тўхтатилган ёки тугатилган тақдирда Бош муҳаррир ёки лойиҳа муаллифи тегишли қонунларга мувофиқ қайтадан худди шу номда ОАВни таъсис этиш масаласини қўйиши мумкин.
11.4. Таҳририятни қайта ташкил этиш учун ушбу ташаббусни билдирган тараф ўзига Муассис танлаш ёки мустақил равишда чора-тадбирлар кўриш белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳолда юридик шахс мақомига ҳамда банк ҳисоб-рақамига муҳр ва тамғасига эга бўлиши мумкин.
11.5. Таҳририятни қайта ташкил этиш, яъни қўшиб юбориш, қўшиб олиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш тартиби Муассис қарори билан ёки суд қарорига кўра қонунда кўрсатилган бошқа ҳолларда амалга оширилади.
11.6. Ўзбекистон Республикаси “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуннинг 24-моддаси талабаларига кўра, Газетанинг чиқарилишини қайта бошлаш рўйхатдан ўтказувчи орган аниқлаган аниқлаган қонун ҳужжатлари бузилишлари бартараф этилганлигини тасдиқловчи маълумотлар Муассис ва Таҳририят томонидан судга тақдим этилганидан сўнг суд қарорига асосан, амалга оширилади.
11.7. Қайта ташкил этилган Газета Ўзбекистон Республикаси “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун талабларига биноан, давлат рўйхатидан қайта ўтказилгандан сўнг фаолият бошлайди.
- НИЗОМНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА УНГА ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИШ ТАРТИБИ
12.1. Низом Таҳририят бошқарувининг юқори органи бўлган Муассис иштирокидаги Таҳририят Умумий йиғилишида, уларнинг учдан икки қисми кам бўлмаган таркиби иштирокида қабул қилинади ва Муассис томонидан тасдиқланади. Умумий йиғилишда қабул қилиниб, тасдиқланган Низом талабларига риоя қилиш Таҳририятнинг барча ходимлари учун қандай лавозимда ишлашидан қатъи-назар мажбурийдир.
12.2. Таҳририят Низомига ўзгартириш киритиш тартиби Низомни қабул қилишдаги тартиб аосида амалга оширилади.
12.3. “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 20-моддаси, 1-қисмининг 2-5-хатбошларида, шунингдек, 2-қисмида кўрсатилган маълумотлар ва ҳужжатларга мувофиқ, Газета рўйхатдан ўтказилган сўнг ўзгартиришлар киритилган тақдирда Низомга ўзгартиришлар киритилади. Бундай ҳолда Газета қайта рўйхатдан ўтказилади.
- НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ
13.1. Таҳририят Муассиси, Бош муҳаррири, Таҳририят ходимлари ва Таҳрир ҳайъати аъзолари ўртасида юзага келган келишмовчиликлар ва тортишувлар ўзаро келишув асосида, келишиш имкони бўлмаганда суд орқали ҳал этилади.
- МАЖБУРИЙ НАЗОРАТ НУСХАЛАР
14.1. Таҳририят матбаа корхонаси билан тузилган шартномаларда даврий босма нашрнинг мажбурий назорат нусхалари Таҳририятга, Муассисга, рўйхатдан ўтказувчи органга, шунингдек, ҳукумат томонидан белгиланган рўйхатга мувофиқ бошқа ташкилотлар ва муассасаларга бепул юборилишини назарда тутади ва юборилиши назоратини таъминлаб боради.
ЯКУНЛОВЧИ ХУЛОСАЛАР
15.1. Таҳририят ва унинг ходимлари Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган барча ҳуқуқлардан фойдаланади ва мажбуриятларни бажаради. Газета давлат нашрлари билан тенг ҳуқуқларга ва мажбуриятларга эга бўлади.
15.2. Таҳририятда иш юритиш давлат тилида олиб борилади. Газета ўзбек ва рус тилида чиқарилади.
15.3.Таҳририятнинг ижодий фаолиятига ўзга шахсларнинг аралашишига йўл қўйилмайди. Муассиснинг ўз ваколатини бошқа шахсга бериши таъқиқланади.
15.4. Таҳририят раҳбарияти ва ходимлари Таҳририятнинг хизмат ва тижорат сири бўлган ахборотларни сир сақлашга мажбурдирлар. Бундай сирларни ошкор этганлик учун улар қонунларда белгиланган татибда жавобгар ҳисобланадилар.
15.5. Ушбу Низом давлат рўйхатига олинган кундан эътиборан кучга киради.
15.6. Низомга киритиладиган барча ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам давлат рўйхатидан ўтгач, кучга киради.
15.7. Ушбу Низом 4 (тўрт) нусхада тузилган бўлиб, уларнинг барчаси бир хил кучга эгадир.
Буни ёдда тут!
ЖУРНАЛИСТ ҚАСАМЁДИ
“ Мен журналист, деган юксак унвонни олиб, журналистика соҳасида
ўз фаолиятини олиб борар эканман:
— ўзимнинг бор билим ва маҳоратимни элу-юрт фаровонлиги ва тинчлигини сақлашга бағишлашга;
— ҳақиқат йўлида куч-ғайратим ва шижоатимни аямай, халқимга ёрдам кўрсатишга;
— халқ манфаатини шахсий манфаатимдан юқори қўйишга, камтар ва ҳалол бўлишга, ўз тажриба ва истеъдодимни ошириб боришга;
— кишиларга ҳамиша самимият, меҳр-мурувватли бўлиб, ҳақиқатга эришишлари учун уларга ишонч ҳадя этишга;
— Ватан, халқ, элу-юрт истиқболи ва равнақи учун шонли тимсол яратган улуғ мутафаккир ва қалам аҳлининг изидан боришга;
— журналистика сирини сақлашга
қасамёд қиламан,
қасамёд қиламан,
қасамёд қиламан!”