БЕЗОРИЛИКЛАР БЕГОНА БЎЛСИН

Мамлакатимизда ёшлар тарбияси ва камолотига ҳамиша устивор вазифа сифатида қаралади. Билимдон, зукко, ташаббускор ёшлар ҳар доим пешқадам, илғор.  Лекин билимда оқсоқ, ишда нўноқ, тарбияси оғир, ҳар доим ким биландир ёқалашиб юрадиган ўсмирлар ҳам эътибордан четда эмас.  Айниқса, ИИБ профилактик ҳисобида турувчи ўғил-қизларни ҳимоялаш, уларга эътибор қаратиш борасида тарбия ва спорт-соғломлаштириш оромгоҳларида олиб борилаётган ишлар диққатга молик.

– Назоратда турувчи болаларнинг энг кичик ташаббусларини ҳам қўллаб туриш керак. Шундагина улар ҳамиша жиддий ҳаракатлар атрофида бўлишади. Хато, нуқсонлардан узоқлашишга ҳаракат қилишади. Вилоят бўйича ИИБ профилактик ҳисобида турувчи жами вояга етмаганлар 347 нафарни ташкил этади. 330 нафари Ромитан туманининг “Оромитан” ҳамда Вобкентнинг “Порлоқ келажак” оромгоҳларига  жалб этилди.  Улар орасида диний экстремистик оқим таъсирида қолган 13 нафар оила фарзандлари ҳамда 12 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оила фарзандлари ҳам бор, – дейди ёшлар иттифоқи вилоят  Кенгаши раиси Зариф Комилов, – бунда ёшларни жисмонан  ва руҳан тарбиялаш, улар ўртасида келажакка умид, маънавий-маърифий ҳисларни уйғотиш, шунингдек, жамият тақдири учун керакли инсон бўлиб камолга етишлари мақсадини кўзлаган қизғин лойиҳалар ўтказилмоқда.

Дарҳақиқат, ушбу мавсумда ҳар йилги анъаналардан андаза олинмади. Тарбия ва спорт соғломлаштириш масканларига режани тўлдириш учун исталган болани оромгоҳга жалб этиб, сохта ҳужжат тайёрлашларга чек қўйилди. Айтиш мумкинки, мазкур оромгоҳга келган боланинг қайсидири тенгқури билан ёқалашган, кимдир дарсларни сабабсиз қолдирган, бирови қочоқ, яна бири оилавий муҳитдан безиккани учун майда безориликлар йўлига кириб кетган… Шундай бўлса-да, уларнинг ҳам келажакдаги мақсадлари улкан, бирови рассом, бири муҳандис, бири қурувчи, яна бири банкир бўлишни орзу қилади. Мазкур оромгоҳнинг ташкил этилгани эса улар учун айни муддаодир.

  • Машина йўлини кесиб ўтганим учун бегона бир ҳайдовчининг ҳақоратлаб сўкингани алам қилдими, жаҳл билан тош ирғитиб, светафорни синдирдим. Устига-устак, синфдошим билан ҳам дўппослашдим. Етмагандек билиб-билмай, ўқитувчимни ҳам ҳақорат қилдим. Мактабдошларим олдида эса “венчи”, “безори” деган номни орттирдим-қўйдим. Ушбу оромгоҳда эса ҳеч ким бир-бирига бегона кўз билан қарамайди. Шахсан мен билан психолог опа шуғулланди. Расм чизишга бўлган иқтидоримни юзага чиқара олди. “Юртим кўрки” мавзусида ўтказилган танловда ғолиб бўлдим. Келажакда ўзимдан яхшигина рассом чиқишига ишончимни орттирди. Энди безориликлар бизга бегона бўлди,-дейди Ғиждувон туманидаги 39-умумий ўрта таълим мактаб ўқувчиси Жавоҳир Шокиров.

Болаларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва бу орқали жиноятлар ва нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ташкил этилган мазкур 10 кунлик таътил болаларнинг қалбида узоқ вақт сақланиб қолишига шубҳа йўқ.

Жаҳонгир сингари  Самойдин Нарзиев, Асилбек Норов, Дилноза Сожидова каби кўплаб болалар оромгоҳда ўз иқтидор ва истеъдоди билан рағбатга муносиб эканлигини намоён этишди.

– Ота-онамиздан эрта ажралганмиз. Мен ва укам аммамнинг қарамоғида яшаймиз. Тўғриси, аммам фарзандларидан кам кўрмай, бизни оқ ювиб, оқ тараса-да, ўзим қайсарлик қилдимми, билганимдан қолмадим. Дарсга, деб чиқиб, ўғил болалар ва дугоналарим билан кўча-кўйларда юрардик. Шу кунлар ичида эса мен ўзлигимни англагандек бўлдим. Айниқса, “Оромгоҳ гўзали”га айланганим менинг учун катта қувонч бўлди. Бундан кейин ҳечам дарсларни сабабсиз қолдирмайман. Ақлли, уқувли қиз бўламан. Аммажонимнинг яхши кўрган қизига айланаман,- дейди Когон шаҳрилик 16 ёшли Амира Тожиева.

Мактаб ва оиладаги носоғлом хулқи, жамоат жойларидаги турли тартиббузарликлари сабаб ички ишлар идоралари томонидан рўйхатга олинган ўқувчи-ёшлар тарбиясини яхшилаш, маънавиятини бойитиш орқали уларни ёмон йўлдан қайтаришни мақсад қилган тарбия ва спорт-соғломлаштириш оромгоҳида ўтказилаётган тадбирлар, албатта, вояга етмаганлар ўртасида турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатларининг олдини олишда муҳим рол ўйнайди.

Лайло ҲАЙИТОВА