ИПАКЛАРИ ЖИЛОЛИ, ЗИРАЛАРИ ШИФОЛИ…

Cunstiel Martina, Германия:

— “Ипак ва зираворлар” халқаро туристик фестивали ўн еттинчи бор ўтказилаётган экан. Тантананинг юқори савияда ташкил этилганию, павильонларнинг бетакрор савдо маҳсулотлари билан тўлалиги киши эътиборини тортмай қўймайди. Ҳар бири ўзига хос. Ипак толалар қуёш нурларидек зар, тиллоли, жилоли бўлса, зираворлари инсон танаси учун шифо сифатида сувдек зарурат бўлиб хизмат қилар экан.

Дарҳақиқат, ипак ва зираворлар хориж меҳмонлари эътиборини тортмай қўймади.

Кўҳна ва боқий шаҳарга ташриф буюрган хорижлик меҳмонлар марғилонлик адрас тўқиш ҳунари устаси Муҳаммадзоҳир Тошпўлатов, миллий матолардан замонавий ипак шарфлар тўқиш маҳоратини эгаллаган самарқандлик Маҳмуд Ҳожиев, хивалик дўппидўз Моҳлар Қиличева, қашқадарёлик кандакор уста Мўмин Шерматовларнинг маҳсулотларини харид қилишмоқда.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, 50 дан ортиқ зираворлари билан фестивалда қатнашаётган самарқандлик Абдунаби Камолов асабни тинчлантирувчи “Тоғ чойи”, жигар ва ўт касалликларига даво “Ўлмас ўти”ю, ошқозонга малҳам “Наъматак”и билан фестиваль “юлдузи”га айланди. Ургут зиралари билан келган донгдор зираворчи Баҳриддин Ғаффоровнинг  шифобахш ўсимликлари ҳам павильонларда анча “чаққон” чиқиб қолди.