БУХОРОЧА  ХИРОМОН АЙЛАБ…

Муҳтарам Юртбошимизнинг 2017 йил 15 февралдаги “Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони рақс ва хареография санъатини янада  ривожлантиришга мустаҳкам асос бўлди. 

                        

-Коллежимиз ўқувчилари томонидан сўнгги йилларда қўлга киритилаётган ютуқлар диққатга сазовор. Яқинда 2-босқич ўқувчиси, дугонам Гулчиройнинг “Зулфия” номидаги давлат мукофотига муносиб топилганини эшитиб, тўғриси, ҳавас қилдим. Келажакда мен ҳам ўз йўналишим бўйича Гулчирой сингари мукофотни қўлга киритишни, қолаверса, Тамарахоним, Мукарама Турғунбоевалар сингари халқ ардоғидаги раққоса бўлишни дилимга тугганман, – дейди Мухтор Ашрафий номидаги Бухоро Санъат коллежи ўқувчиси, ёш раққоса Залина Исломова.

Бухоро рақс санъати унинг тарихи каби ранг- баранг. Халқимизнинг жон томиридан пайдо бўлган бу санъат тирик бир вужуд каби доимо ривожланишда.

Бугунги кунда миллий рақс ва хареография санъатини ривожлантириш мақсадида Бухорода янгидан-янги  ўрта-махсус билим юртлари ва санъат мактаблари барпо этилмоқда. Тарихий анъаналарни тиклаш, бойитиш, миллатимизга хос шарқона фазилатлар, бой маънавиятга монанд рақсларни тарғиб этиш учун барча имкониятлар мавжуд. Миллий рақс ва хареография санъатининг энг яхши асарларини оммалаштириш ва эстетик дидни ўстириш мақсадида 1973 йил Мухтор Ашрафий номидаги Бухоро Санъат коллежида устоз хареограф Ким Клара Николаевна томонидан “Халқ рақси” бўлими ташкил этилди. Унда ўзбек рақси, классик рақс, халқ рақси йўналишлари бўйича машғулотлар  олиб борилди. Бўлимнинг дастлабки жонкуярлари Маҳфуза Орифхўжаева, Гулноз Раҳимова, Ботир Рустамов, Зарбуви Нормуродовалар бугунги кунда ёшларга рақс санъатидан сабоқ бериб келишмоқда. Мазкур коллежда “Бухоро мавжлари” номли гуруҳ ташкил этилгани диққатга сазовор. Мазкур рақс гуруҳи раҳбари Саломат Раҳмонованинг хизматлари инобатга олиниб, у 2016 йил Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими фахрий унвони билан тақдирланди.

Ёшлар маънавиятини ўстириш, уларда эстетик дид ва эстетик маданият элементларини шакллантиришда миллий санъат ва қадриятларимиз қаторида рақс санъатининг ҳам ўрни беқиёс. Шариф шаҳримиз аҳолиси табиатига хос рақс намуналаридан баҳраманд бўлиш, уларни дунёга кўз-кўз этиш ва келажак авлодларга етказиш – барчамизнинг вазифамиз бўлмоғи лозим.

Мадина АҲМЕДОВА,

Бухоро Санъат коллежи ўқитувчиси.