ФАОЛИЯТГА ТЎСИҚ: ҚОНУННИ БИЛМАСЛИК


Бухоро вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш ва шу орқали солиққа тортиладиган базани кенгайтириш юзасидан вилоят ҳокимлиги бошчилигида вилоят прокуратураси, ички ишлар бошқармаси ҳамда давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига, давлатнинг мақсадли жамғармаларига ва бюджетдан ташқари жамғармаларга тўлиқ миқдорда тушишини таъминлаш мақсадида жойларда улар томонидан белгиланган тартибда профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.

Тадбирларда хўжалик юритувчи субъектларнинг кунлик савдо айланмаси, ҳақиқатда ишлаётган ишчилар сони, тўланаётган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар миқдори каби барча даромад ва харажатлари ўрганилмоқда. Айниқса, асосий эътибор бугунги кунда тадбиркорлик фаолиятини қонуний юритишга тўсиқ бўлаётган муаммо ва камчиликларни ўрганишга қаратилмоқда.

Куни-кеча Ғиждувон туманида туман ҳокимлиги, туман прокуратураси, ички ишлар бўлими ҳамда туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан ҳудудда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган фуқароларнинг муаммоларини ўрганиш ва солиқ қонунчилиги бузилишларининг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлари амалга оширилди.

Профилактика тадбир кунида ишчи гуруҳи аъзолари дастлаб, 4-сектор ҳудудидаги Ғиждувон тумани “Зарангари” ҚФЙ “Зарангари” қишлоғида темир дарвозалар ясаб, сотиш билан шуғулланаётган тадбиркор Садриддин Тойиров билан учрашишди. Суҳбат жараёнида у ҳукуматимизнинг тадбиркорларга яратиб бераётган имкониятларидан кенг фойдаланиб, даромад орттираётганини, шунингдек, тайёрлаган маҳсулотларига харидорларнинг талаби ортиб бораётгани учун 2 нафар фуқарони ҳам ишга жалб қилганини таъкидлади. Аммо, аниқланишича, тадбиркор ишга жалб қилган ушбу фуқароларни ўзига ёлланма ишчи сифатида расмийлаштирмаган. Шу боис, профилактика тадбири иштирокчилари ушбу шахсларнинг қонуний манфаатларига эътибор қаратдилар.

– Ғиждувон туман ДСИ раҳбарияти бошчилигида олиб ўтказилган профилактика тадбири кунида ишчи гуруҳи аъзолари тадбиркорлик фаолиятим билан яқиндан танишдилар, – дейди  Садриддин Тойиров. – Тўғрисини айтишим керак, шу кунгача корхонамиздаги 2 нафар ишчига “конверт” усулида ҳақ тўлаб келаётган эдим. Давлат солиқ хизмати органлари ходимлари менга ушбу икки нафар фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлаётганини тушунтириб, банк кредитлари асосида фаолиятини янада кенгайтиришимга ҳам ёрдам беришди. Бундан хурсанд бўлиб, шу куннинг ўзида  “конверт” усулида ҳақ тўлаб келаётган ишчиларимни ёлланма ишчи сифатида давлат рўйхатидан ўтказиб келдим. Бу билан уларнинг қонуний манфаатлари тикланди, деб ўйлайман.

Ишчи гуруҳи аъзолари шу куни ушбу ҳудудда қўли гул уста номи билан танилган тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиб, самарали фаолият олиб бораётган Илёс Ражабовнинг ҳам устахонасида бўлиб, унинг муаммо ва келгусидаги режалари билан ҳам танишдилар. Суҳбат жараёнида давлат бошқаруви органлари масъул ходимлари томонидан унга керакли маслаҳатлар берилди.

Тадбиркор Ўктам Тошев “Стандарт альюминий профил” номли корхонасини ташкил қилганига кўп бўлгани йўқ. Эътиборлиси, давлат органлари раҳбарларининг маслаҳатлари ва кўмаги натижасида яқинда ушбу корхона учун чет элдан темир буюмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий ускуна харид қилинди.    Пировардида ушбу корхона фаолиятининг барқарорлиги таъминлаши билан бирга бу ерда қўшимча 10 га яқин ишчиларнинг доимий иш билан бандлиги таъминланди.

Хулоса қилиб айтганда, Ғиждувон туманида олиб борилаётган профилактика тадбирлари натижасида ҳудудда тадбиркорлик фаолиятлари билан боғлиқ қонунбузилишлари камайишига эришилмоқда.

Рақамларга таяниб айтадиган бўлсак, давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан олиб борилган профилактик тадбирлар ва суҳбатлар орқали 2018 йилнинг ўтган даври мобайнида туманда жами 920 дан ортиқ фуқаролар якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган. Жумладан, янгидан тадбиркор сифатида 470 нафар ҳамда ҳамда фаолиятини вақтинча тўхтатган 448 нафар тадбиркорларга кўмаклашиш эвазига уларнинг фаолияти қайта тикланди. Натижада маҳаллий бюджетга жорий йилнинг ўтган даврида қўшимча равишда 260 миллион сўмдан ортиқ маблағ келиб тушиши таъминланди.

Шунингдек, 2018 йилнинг март ойида эса туманда 307 нафарга яқин фуқаролар якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган. Жумладан, янгидан тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган 111 нафар фуқаронинг иш билан бандлиги таъминланди ҳамда фаолиятини вақтинча тўхтатган 190 нафар тадбиркорларга кўмаклашиш эвазига уларнинг фаолияти қайта тикланди. Натижада маҳаллий бюджетга жорий йилнинг март ойида қўшимча равишда 50 миллион сўмдан ортиқ маблағ келиб тушиши таъминланди.

Тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг муаммо ва камчиликларини ўрганиш ва шу орқали солиққа тортиладиган базани кенгайтиришга қаратилган профилактик тадбирлар вилоятнинг бошқа туманларида ҳам олиб борилмоқда.

Баҳодир ФАЙЗИЕВ,

Бухоро вилояти ДСБ

Жамоатчилик билан алоқалар ва

ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи.