Айтиш ўринлики, тўртлик секторлари томонидан вилоят миқёсида биргина уюшмаган ёшларни аниқлаб, уларни ишга жойлаштириш ва ҳар томонлама ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолиятлари назарга олинадиган бўлса, жорий йилнинг шу кунига қадар 3829 нафар ёшлар иш сўраб, мурожаат қилган бўлса, шундан 1785 нафарини ёшлар ташкил этади. Ишга жойлаштирилган сони 1944 нафар бўлиб, уларнинг 1014 нафари ёшлардан иборат. 90 нафар ёшлар касбга ўқитишга юборилган бўлса, 82 нафар ишсиз ёшлар ҳунармандчилик сир-асрорларига ўқитилмоқда. 3 нафар ишсиз ёшлар Тошкент шаҳридаги касб-ҳунарга ўқитиш марказига жўнатилди.
Президентимизнинг 2017 йилнинг 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Бухоро вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ишни ташкил этишнинг янги тизими асосида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати ҳудудий раҳбарлари бошчилик қилаётган комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича секторлар фаолияти ўз самарасини бермоқда.
Эътиборимизни Вобкент туманида амалга оширилаётган ишлар, ечимини кутаётган муаммоларга қаратдик.
Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини таъминлашга кўмаклашишга хизмат қиладиган тизим бугун 132 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган Вобкент туманида ҳам ўзининг самарадорлиги билан алоҳида аҳамият касб этаяпти. Ўтган давр мобайнида ташкил этилган тўртта секторлар томонидан аҳолининг барча қатламлари билан доимий мулоқот қилиш орқали аҳволни ўрганиш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, бандлик, коммунал, моддий ёрдам, уй-жой масалалари билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар ўз ечимини топди. Турмуш сифати ҳамда даражасини юксалтириш, одамларни рози қилиш устуворлик касб этди. Бу борадаги таҳлилий қарашларимизни аниқ мисолларга қаратамиз.
Бугунги кундаги энг устувор вазифалардан бири, бу банд бўлмаган аҳоли қатламлари ҳамда ишсиз кишиларни вақтинчалик меҳнат даромади билан таъминлаш, касбга эга бўлмаган шахсларни меҳнат фаолиятига жалб этиш масаласидир. Бу борада фуқароларни жамоат ишларига жалб этиш учун ҳокимлик сектори томонидан биргина “Мирбоши” маҳалла фуқаролар йиғинининг ўзида 80 нафар аёллар бандлиги таъминланди. Ҳудудларни ободонлаштириш, маданий объектлар, зиёратгоҳлар, ариқ ва зовурларни тозалаш, қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинишди.
“Розмоз” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган фуқаро Келдиёр Комилов кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож йигит. Шунга қарамасдан, у ўз хонадонида парранда боқиш имконияти борлигини ва уни уддалай олишини билдириб, тадбиркорликни йўлга қўйиш учун бошланғич сармоя сўраб мурожаат қилди. Сектор аъзолари унинг муаммоларини ўрганиб, ҳал этишди. Ўшанда унга 100 бош товуқ олиб беришга кўмаклашилган эди. Айни пайтда Келдиёр 1000дан ортиқ товуқларига эга.
Секторлар томонидан аҳолининг барча қатламлари билан доимий мулоқотлар ўтказилмоқда. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, ногирон ва боқувчисини йўқотган, моддий ёрдамга муҳтож оилаларга манзилли ёрдам кўрсатиш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. “Кўлхатиб” қишлоғида яшовчи Нурзода Нажимова ёш бўлишига қарамай, боқувчисини йўқотган. Уч гўдаги билан яшайди. Уй-жойи таъмирланишга муҳтож, ўзи ишсиз. Аҳоли турмуш тарзи ва муаммоларини ўрганиш жараёнида Нурзода кам таъминланганлар рўйхатида турса-да, эътибордан четда қолиб кетгани аниқланди. Секторлар томонидан олиб борилган сайъ-ҳаракатлар натижасида уй-жойида таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, ўзи тумандаги 29-сонли мактабгача таълим муассасасида ишга жойлаштирилди.
Тўртлик секторлари томонидан тузилган “Йўл харитаси” асосида олиб борилаётган амаллар натижасида йиллар давомида тўпланиб келган жуда кўплаб муаммолар бартараф қилинмоқда. Эътиборимизни туман прокурори секторига қаратадиган бўлсак, белгиланган 12 та маҳалла фуқаролар йиғинида 34 минг аҳоли истиқомат қилади. Ўтган давр мобайнида сектор аъзолари томонидан минглаб аҳолининг турмуш шароитлари яқиндан ўрганилди. Оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи билан танишиш давомида аҳолининг томорқадан фойдаланиши, ҳовли-жойларнинг санитария ҳолати, аҳолининг бандлиги масалалари билан боғлиқ мурожаатлар ижобий ҳал этиб берилди.
Туман ички ишлар сектори эса “Пахтакор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежида жойлашган. Ҳудудни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш тарзи ва ижтимоий муҳофазасини яхшилаш, ҳуқуқбузарлик профилактикаси ва бошқа йўналишларда турли муаммоларни ҳал этиш бўйича 34 нафардан иборат ишчи гуруҳ фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан 31 минг нафар аҳолининг ижтимоий аҳволи ўрганилди. Мурожаатларни ҳал этиш бўйича мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилди. Карим Ғайбуллаев миграция масаласида жабр кўрганлардан бири. Кўрсатилган амалий ёрдам натижасида ушбу фуқаро тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди. Уй шароитида иссиқхона ташкил этиб, ўзининг муқим даромад манбаига эга бўлди.
– 2003 йилдан буён Россия давлатига қатнаб ишлардим. Бизнинг ҳудудимиз ички ишлар секторига қарашли бўлиб, 15 миллион кредит олишимда кўмаклашди. Кредит асосида ўзим яшаб турган ҳовлининг 4,5 сотх жойида иссиқхона ташкил этдим. 18-20 миллион даромад олишни ният қилганман. Давлатимизга раҳмат, хорижда ишлайман, деб адашиб, қийналиб пул топишим ўрнини шу юртга, элга хизмат қилиб, даромад топиш имкони билан тўлдирди.
Туман ички ишлар сектори томонидан шу каби кўплаб муаммоларга барҳам берилди. Ижтимоий-иқтисодий жараёнларда фуқроларнинг дахлдорлик ҳиссини оширишга қаратилган тадбирлар давомийлик касб этаяпти. Ҳудуддаги 178 нафар ногиронларнинг барчасига ногиронлик аравачалари олиб берилди. Иқтисодий кам таъминланган 112 та оилага иссиқхона ва товуқ боқиш учун имтиёзли кредитлар берилди. 11 та маҳалладаги 130 минг аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилди. Бунда асосан, ёшлар иттифоқи аъзоларидан фойдаланилди.
Давлат солиқ хизмати ҳудудий раҳбарлари томонидан амалга оширилган ишлар борасида эса эътиборимизни Жондор туманига қаратдик. Улар ҳудудда ишсиз фуқролар ва ёшларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг томорқадан фойдаланиб, даромад топиш фаолиятини ривожлантириш, имтиёзли микрокредитлар олиш йўлдаги қийинчиликларни бартараф этиш каби муаммоларини ўрганиш бўйича тизимли ишларни амалга оширишмоқда.
“Ушшот” қишлоғида яшовчи Хуршида бир неча йилдан ўз тадбиркорлигини бошлашида муаммоларга дуч келарди. Давлат солиқ хизмати ҳудудий раҳбари кўмаги билан у ўзини қийнаб келаётган муаммодан қутилди.
– Онам билан иккаламиз ҳовлимиздаги томорқамизда иссиқхона ташкил қилишда кўмак сўраб, тўртинчи сектор раҳбарига мурожаат қилдик, – дейди Хуршида Йўлдошева, – мурожаатимиз ўз вақтида ўрганилиб, ҳомийлар томонидан ташкил қилинган иссиқхонамизда помидор етиштиришни бошлаб юбордик. Эндиликда биз иссиқхонамизда бир йилда уч марта ҳосил олишни кўзламоқдамиз.
Шу қишлоқлик Дилдора Шукурова ҳам Хуршида сингари иссиқхона қурилишига ёрдам сўраб, мурожаат этган эди. Эътиборлиси, унинг ҳам мурожаати ўз вақтида ўрганилиб, қисқа фурсатда амалий ёрдам кўрсатилди.
Умуман олганда, секторлар фаолияти ҳудуднинг бой имкониятларидан самарали фойдаланиш ва бу орқали ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этаяпти. Халқ ичига кириб борган давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг масъулиятини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Лайло Ҳайитова