“ШАШМАҚОМ” ОҲАНГЛАРИ ҚАЛБИМГА ЖО

Мукофот соҳибаси

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги 1999 йил 10 июндаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 2 февралдаги ПФ-5325-Фармонларига асосан, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги Зулфия номидаги давлат мукофоти комиссиясининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан икки нафардан қиз Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.

Мамлакатимиз тарихида илк бор Халқаро хотин-қизлар куни арафасида бир нечта истеъдод соҳибаси кўксига Президентимизнинг шахсан ўзлари ана шу юксак мукофотни қадаб қўйдилар.

Ромитаннинг чекка “Атфор” қишлоғида туғилганман. Болалигимдан кенг далаларда, яйловларда қўшиқ хиргойи қилиб юрардим.  Отам Бахтиёр Нуруллаев санъатга даҳлдор бўлгани учун ҳам менинг истеъдодимни эътибордан четда қолдирмади. Ромитан туманидаги 12- болалар мусиқа ва санъат мактабида таҳсил олиб, ўз истеъдод ва маҳоратимни ошириб бордим. Ҳар доим турли кичик-кичик тадбиру байрамларда қатнашиб, ўзимни намойиш этишга интилардим.

14 ёшимда Бухоро вилояти ҳокимлиги, ёшлар ташкилоти ҳамда “Бухоро ёшлари” газетаси ташаббуси билан ўтказилган “Болаларга беринг дунёни!” болалар санъати фестивали мени катта саҳна ва бетакрор санъат йўлига чиқишимга катта туртки бўлди. Муносиб ютуққа эга бўлдим. Бу менинг илк ютуғим эди.

Ўшанда истеъдодимнинг минглаб ёшлар томонидан илиқ қарши олингани бугунги ютуқларимга пиллапоя бўла олди. Устоз санъаткорлар назарига тушдим. Турли танлов ҳамда санъат байрамларида ютуқларга эриша бошладим.

Ижроларимни, асосан, халқ мероси бўлган Бухоро “Шашмақом” шўъбаларию, миллий ашулаларимиз, халқ достонларига қаратганим санъатсевар халқимиз қалбидан жой олишимга сабаб бўлди, дея оламан.  Ҳар сафар саҳнага чиққанимда отажоним айтганидек, устозлар дуосини ёдлайман, уларнинг соҳир овозлари менга мадад бўлишини ич-ичдан ўтинаман. Ҳаяжонларимни йўқотиш учун бутун вужудим-ла оҳангларни қалбимга жо этаман. Бугун изланишларим, интилишларим жонажон Юртбошим томонидан қўллаб-қувватланди. “Зулфия” номидаги давлат мукофотига муносиб, деб топилганлар қаторидан жой олдим. Бир қишлоқ қизи кўксига бу нишонни давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзлари тақиб қўйганлари менга янада масъулият юклади.

Шу ўринда  айтиб ўтишим муҳимки, мен илк мусиқий таълимни Ромитан туманидаги 12-болалар мусиқа ва санъат мактабида анъанавий хонандалик бўлимида оддийгина ўқитувчи бўлиб ишлаётган отамдан олдим. Ота-онам ўз иқтидоримни намоён этишим учун барча шароитларни яратиб берди. Бу имкониятлардан мақсадли фойдаландим. 2011-2014 йилларда ўтказилган болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчиларининг Муҳиддин Қори Ёқубов номидаги республика танловида, “Камалак юлдузлари” ва “Истиқлол ғунчалари” санъат фестивалларида ғолиб бўлдим.

Мусиқа мактабини тугатгач, Бухоро Санъат коллежига ўқишга кирдим. Мақомдон устоз Толиб Темировдан анъанавий хонандалик сирларини чуқур ўргандим. Кейинчалик “Истеъдод” Халқаро танловида 3-ўринни эгаллаган бўлсам, Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида болалар ўртасида ташкил этилган “Муғам олами” фестивалининг Дипломи билан тақдирландим. Бу, албатта, устозлар кўмагида олиб борган ижодий изланишларимнинг самарасидир. Шунингдек, “Ягонасан, муқаддас Ватан”, “Замонамиз куйчиси” каби Республика танловларида ҳам совриндорлар қаторидан ўрин олдим. Кичиккина сайъ-ҳаракатларимни юксак баҳолаган, санъатсевар қизини болалигидан қўллаб-қувватлаган онажон халқимга доимо таъзимдаман.

Гулчирой БАХШУЛЛОЕВА,

Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреати.