БУХОРОГА ТАЪЗИМ АЙЛАГАН ҲУКМДОР

Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 679 йиллиги

Бухоро қадим замонлардан буён маданият ва маърифат, илмли ва донишманд кишилар жамланган шаҳар сифатида шуҳрат қозонган. Қай бир салтанат ёхуд империя бўлмасин, шаҳар маъмурий марказ ва пойтахт бўлиб хизмат қилган.  Турк хоқонлиги, Сомонийлар сулоласи даври ва бошқалар шулар жумласидандир. Айниқса, Темурийлар даврида Бухорога алоҳида эътибор қаратилган. Давлатимиз раҳбари Бухоронинг 2500 йиллик юбилейи тантанасида сўзлаган нутқида, “Бухоро Темурийлар даврида гуллаб яшади. Жаҳон майдонида энг мўътабар шаҳарлардан бири даражасига кўтарилган Бухоро ҳам диний, ҳам дунёвий илмлар маркази сифатида ном қозонди”, деган фикрларни билдирганди.

Темурийлар салтанатининг пойтахти Самарқандга ҳам масофа ҳамда маънавий жиҳатдан яқин бўлган Бухорога Темур ҳар гал ташриф буюрганида, дарвоза олдида отдан тушиб, Арккача пиёда борган. Бу унинг азиз авлиёларга ва волидайи муҳтарамаси Тегинабегим Моҳни дунёга келтирган шаҳарга нисбатан юксак ҳурмати ифодасидир. Бухорога Самарқанддан кейинги иккинчи марказ, деб қаралиб, у ерда шахсан Темурнинг амру-фармони билан саройлар, масжидлар, хонақоҳлар, савдо расталари ва бошқа иморатлар барпо этилган. Шарқ ва Ғарбни боғлаб турувчи Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган Бухоро катта савдо ҳунармандчилик марказига айланади.

Темур ва ундан кейинги темурий ҳукмдорлар даврида Бухорода илмий ва адабий ҳаёт равнақ топиб, бухоролик олиму фузалолар салтанат маънавий муҳитида катта аҳамият касб этишган. XIV аср охири XV бошларида Бухорода Носир Бухорий, Муҳаммад ал-Бухорий, Хўжа Исмат Бухорий, Саъдуддин Тафтазоний, Муҳаммад Порсо каби алломалар яшаб  ижод этганлар.

Амир Темурнинг Бухоройи Шариф ҳақида ғамхўрлик қилганини XIV асрдан то ҳозирга қадар авлоддан авлодга ўтиб келаётган бир ривоятдан англаш мумкин. Соҳибқирон 1387 йили Шероз шаҳрини эгаллагандан сўнг, бу шаҳарнинг энг забардаст шоири ҳисобланмиш Ҳофиз Шерозийни ўз ҳузурига чақиртириб, қуйидаги машҳур матлаи билан бошланадиган ғазални эслатади:

Агар он турки шерози ба даст орад дили моро,                                                 Ба холи ҳиндуяш бахшам Самарқанду Бухороро.

Яъни:

Агар кўнглимни олсайди ўшал Шероз жонони,                                               Қора холига бергумдир Самарқанду Бухорони.

“Ҳофиз” лақаби билан машҳур шоир Шерозий ўз ғазалининг шу байтида Амир Темур бутун умри давомида куч-ғайратини ишга солиб обод қилган Самарқанд ва Бухоро шаҳарларини ўзи яхши кўрган жононнинг бир дона қора холига бериб юбормоқчи бўлган эди. Ғазални ёзган шоирнинг бундай тантилиги, сахийлигидан дарғазаб бўлган Соҳибқирон дарҳол уни топиб келишларини буюради. Бу вақтда ёши олтмишлардан ошган, устига эски жанди кийган, аҳволи ночор шоирни Амир Темур ҳузурига олиб келишганида у шоирга норози оҳангда:

– Мен Самарқанд билан Бухоронинг донғини кўтариш учун қанча мамлакат ва халқларни забт этсаму, сен уларни қандайдир бир жононнинг битта холига туҳфа қилиб юборсанг! Бунга қандай ботиндинг? – дейди.

– Эй, соҳибқирон! – дебди бунга жавобан шоир. – Эгнимдаги жандамга, аҳволимга қара! Шундай исрофгарчилигим мени охири шу аҳволга солиб қўйди-да!

Шоирнинг Соҳибқирон олдида ўзини йўқотмай, ҳазил билан шундай чиройли, ҳаққоний жавоб қилгани Амир Темурга хуш келиб, шоирга инъом-иноятлар қилган ва у яна ўз уйига қайтиб кетган экан. Бу мисолда ҳақиқат парчаси шундан ибоатки, Темур Самарқанд билан баробар Бухоро обрўйи, мавқеи, шуҳратини кўтариш учун катта хизматлар қилган.

UM

Амир Темур даврида Бухорода кўплаб обидалар барпо этилган. Намозгоҳ масжиди, Чашмаи Аюб, карвонсарой, работлар ва бошқалар. Аҳамиятлиси,  Темур вафотидан кейин ҳам Бухорога эътибор сусаймаган. Айниқса, Соҳибқироннинг суюкли невараси Мирзо Улуғбек шариф шаҳарнинг илмий-маърифий қимматини янада юксалтириш мақсадида қатор ишларни амалга оширган. Бу ўлкада ўз номи билан иккита мадраса бунёд эттирган. Булар, 1417 йилда Бухоро шаҳрида қурилган Улуғбек мадрасаси ҳамда 1433 йилда Ғиждувонда барпо этилган Улуғбек мадрасаларидир.

Амир Темур ўз давлатини жаҳоннинг буюк салтанатлари қаторига қўшган экан, Бухорони ҳам бу жаҳоний шуҳратга эришувида ўзининг бор куч ва имкониятларини сафарбар этган.

Шавкат БОБОЖОНОВ