МАДАНИЙ МЕРОСГА ЭЪТИБОР – ЖАМОАТЧИЛИК ДИҚҚАТ МАРКАЗИДА

Халқимиз хилма-хил тарихий ёдгорликларга, миллий қадриятларимиз акс этган урф-одатларимизга бой. Ҳозирги кунда ҳам ммиллий анъаналаримизга садоқат, маънавиятимизни юксалтириш руҳидаги ишларимиз оз эмас.

Бухоро шаҳри тарихий обидалар, бой ўтмишимиздан хабар берувчи ёдгорликларга бой. Шу ўринда уларни ҳамиша зиёрат этиш борасида бир мулоҳазани билдирмоқчимиз. “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ” дегандай юртдошларимиз мазкур ёдгорликларга баъзан эътиборсизлик билан лоқайд муносабатда бўладилар. Аксинча, дунёнинг турли бурчакларидан минглаб доллар сарфлаб келаётган чет эллик сайёҳларни Бухоро зиёратгоҳларида тез-тез учратиш мумкин.

Бухоронинг ҳар қарич ери, олтинга тенг тупроғини муқаддас билиб, қадим ёдгорликларни асраб-авайлаш ва муҳофаза қилиш ҳар биримизнинг фарзандлик бурчимиз эканлигини унутмайлик.

 

Шайх Сайфиддин Боҳарзий улуғ уламо бўлиб, у кишининг шарофатлари билан минглаб инсонлар ҳақ йўлига кирган ҳамда ислом дини тараққий этиб, ўзининг юксак чўққисига эришган. Шу туфайли ул зотнинг буюк хизматлари эътироф этилиб, “Шайх-ул-олам”, шаҳримизга эса “Бухоройи шариф” унвони берилади. Ҳозирда Ҳазратнинг зиёратгоҳлари Бухоронинг шимоли-шарқий қисмидаги сўлим ва мўътабар гўша Фатхобод даҳасида жойлашган.

Сайфиддин Боҳарзий XII асрнинг иккинчи ярмида, яъни 1190 йилда  Хуросон вилоятининг  Боҳарз (Эроннинг шимолий шарқи) мавзеида туғилган. Кубравийлик диний сўфистик таълимотларни тарғиб қилиш учун Шайх Нажмиддин Кубро маслаҳати билан тахминан 1218-1219 йилларда Бухорога келади. Абдураҳмон Жомийнинг ёзишича, Боҳарзий диний илмларда ноёб муваффақиятларга эришгандан сўнг у бироз Хоразмда яшаб, сўнг Бухорога ноиб қилиб юборилади. Бу давр Бухоронинг энг мураккаб, ўлкамиз тарихининг  аянчли пайтларига тўғри келади. Чингизхон босқинидан сўнг шаҳар аёвсиз таланган, ярим аср давомида Бухоро харобага айланади. Сайфиддин Боҳарзий мўғуллар зулми даврида Бухорода қарийб 40 йил яшайди ва юқори даражали лавозимда ишлайди. Бу инсоннинг шарофати билан Бухоро қайта тикланади. Шаҳарнинг кўркам миноралари яна карвонлар учун маёқ бўлиб хизмат қила бошлайди.

Сайфиддин Боҳарзий мўғулларга қарши чиқиб, уларни мусулмончиликни қабул қилишлари ва исломни улкан давлат динига айлантиришларига даъват этади. Бунга қарши чиққан мўғул ҳукмдорларидан бири Сайфиддин Боҳарзий томон 170 минг нафар қўшин тортиб келади. Шайх душманга қарата бир олмани отганларида қўшин лашкарбошисининг боши худди олмадек ерга думалаб тушади. Бунинг шоҳиди бўлган  мўғуллар бу улуғ зотнинг кароматпешаликларига тан бериб, исломни қабул қилган. Маълумотларга кўра, Сайфиддин Боҳарзий Олтин Ўрда хонига мактуб йўллаб, агар улкан салтанатни осойишталик билан бошқаришни истаса, мўғуллар исломни қабул қилишлари, бошқа ўлкаларда ҳам мусулмонликни жорий қилишни маслаҳат берган. Мўғул ҳукмдори Беркахон Шайх ҳазратлари ҳузурига совға-салом билан ташриф буюриб, муридликни қабул қилади. Шайх ҳазратлари шарафига хонақо, масжид ва мадраса барпо этилишига фармон беради. Шундай қилиб, Сайфиддин Боҳарзийнинг буюк хизматлари билан бир томчи ҳам қон тўкмай, миллионлаб инсонлар ҳақ йўлига етиши, ислом улкан бир давлат фуқароларининг расмий динига айланишига эришилади. Бундан хабар топган Араб халифаси Сайфиддин Боҳарзий ҳазратларига “Шайх-ул-олам” (Олам шайхи) унвонини, Бухорога эса “Шариф” (“Муқаддас шаҳар”) мақомини бериш тўғрисида ёрлиқ юборади ва Бухоро “шариф” унвонига сазовор бўлган учинчи шаҳар бўлиб қолади. Ўша пайтда мусулмон дунёсида ислом вужудга келган Қуддус бундай сифатлашга муносиб топилган эди, холос. Мана шу муқаддас ном Бухоройи шарифни минг йиллардан буён бало-қазолардан асраб, ҳар қандай офатдан кейин қайта тикланишига кафолат бўлмоқда.

Ҳазрат 1261 йилда Фатхобод қишлоғида (кейинчалик шаҳарга қўшилган) вафот этадилар. Шайхулоламнинг вафотларидан кейин ҳам мўғул ҳукмдорлари ҳазратнинг муриди бўлиб қолаверадилар. Кейинчалик, ҳатто Бухоро амирлари ҳам тахтга ўтиришдан олдин биринчи навбатда Шайх Сайфиддин Боҳарзий қабрини зиёрат қилишган.

XII-XIV асрларда мўътабар авлиё қабри устига мақбара қурилган. Бизгача сақланиб қолган Боҳарзий мақбараси эса XIV асрнинг иккинчи ярмида, унинг улкан портали анча кейинроқ қурилган. Мақбара ўз шаклининг улканлиги билан, тузилишининг маҳобати, меъморий ғоясининг аниқлиги билан кишини ўзига жалб қилади. Дунёда ҳали бунақа жозибадор мақбарани учратмадим, деб ёзади сайёҳ олим Ибн Баттута ўз эсдаликларида.  Уни X асрдаги ёдгорликлар билан таққослаганда меъморчилигимиз тараққиёти ривожини кузатамиз. Бу Сомоний мақбарасига ўхшаган бир камерали мақбара эмас, балки мураккаб режали мақбарадир. Зиёратгоҳда дарчалар бўлиб, улардан бинога текис, ёқимли ёруғлик таралиб туради. Мақбара қабр тошидаги безаклар, араб ёзувлари ўрта асрларда ёғоч  ўймакорлигининг нодир нусхасидир. Зиёратгоҳнинг ўрнашган жойи ҳозирда Фатхобод, деб аталади. Бунда ҳам рамзий мано мужассам. “Фатх”- босиб олинган, яъни босиб олинган ерларни қайта обод этган Боҳарзийга ишорадир.

Шўролар даврида бу жойлар большевикларга қаршилик ҳаракати марказларининг бири сифатида вайрон қилинган.

XIII асрда Ҳазратнинг қабрлари устига қўйилган ёғоч ўймакор­лик намунаси саналмиш бебаҳо лавҳа ўғирланган. Шунингдек, нодир ашёлар билан бир қаторда XX аср бошларида Шайх Сайфиддин Боҳарзийнинг бошлари (яъни калла суяги) ҳам Рус ҳукуматининг марказига олиб кетилган.

Устига-устак вақт ҳам мақбарани аямади. Йиллар синоати ўз таъсирини кўрсатиб, деворларнинг ғиштлари аста-секин нурай бошлайди. XX асрнинг олтмишинчи йилларида бу ерда бироз таъмирлаш ишлари олиб борилган. Том мустаҳкамланиб, ёдгорлик деворлари янгиланган. Аммо 1976 йилда Бухорода бўлган кучли ер силкиниши оқибатида гумбаз батамом харобага айланади.

Мустақилликка эришганимиздан сўнг шаҳардаги барча муқаддас ёдгорликлари реставрация қилиниб, асл ҳолига қайтарилади. Шу қаторида Сайфиддин Боҳарзий меъморий мажмуасида ҳам  1995 йилдан таъмирлаш ишлари бошлаб юборилади. Гумбаз қайта ўрнатилди. Қум остида қолган қабрлар очиб, тозаланди. Зиёратгоҳ ёнида минора барпо этилди. Икки йил мобайнида (2007-2009)  таниқли меъмор уста Музаффар томонидан қуриб битказилди. Мажмуа атрофига плиткалар ётқизилди. Бухоро шаҳар ҳокимлигининг саъй-ҳаракатлари билан асфалт ишлаб чиқариш заводи ёпилади, темир йўллари олинди.  Атрофидаги шу пайтгача сақланиб қолган қабрлар Ҳазрати Имом қабристонига кўчирилди.  Мақбара ҳудуди катта боғга айлантирилди. Боғ марказидан ўрин олган мақбаранинг умумий майдони 195 кв.м ни  ташкил этади.

Мақбара ичида жами 11 та қабр мавжуд бўлиб, икки ўғил Жамолиддин Муҳаммад ва Мазҳариддин Мутаҳҳир, невараси Абу Муфахир Яхъё ва эваралари Хованд Бурғониддин, Руҳиддин шайх Довуд ва бошқаларнинг қабрларидан иборат.

Ушбу қадимий маскан вилоят ҳокимлиги назаридан четда қолмади. 2000-2001 йилларда тарихий Таъмирлаш, созлаш ишлари амалга оширилди. Мақбарани ўрганиш чоғида бир тош бехосдан қабрнинг ичига думалаб тушиб кетади. У ердан эшитилган овоз орқали қабрларнинг ичи сувдан тўлганлиги аён бўлади. Қабрларнинг барчасини зах ва намдан муҳофазалаш мақсадида салмоқли ишлар амалга оширилди. Энг катта хайрли ишлардан бири 2000 йилда вилоят ҳокимлиги  ташаббуси билан Ҳазратнинг Санкт-Петербургга олиб кетилган бошининг келтирилиб, ўз жойига қўйилиши ва руҳининг тинч ором олиши учун хайрли ишларнинг амалга оширилишидир, – дейди масжид имоми Равшан Камолов ҳамда зиёратгоҳ мутаввалиси Соҳиб Сафаров.

Халқ ижодининг нодир асарларидан бўлган мақбарани Бухоролик усталар ва Ўзбекистон ёдгорликларни таъмирлаш ва консервациялаш махсус илмий-тадқиқот институти олимлари бузилишдан қутқаришга киришдилар. Ёдгорликни мустаҳкамлаш ва қайта тиклаш лойиҳаси тузилди.

Бухоро махсус илмий ишлаб чиқариш устахонаси бу муҳим ишни таъмирловчилар авлодидан бўлган уста Азим Ҳайитов бошлиқ бригадага топширди. Бригада аъзоларидан Камол Отаев, Ҳусайн Нажмиддинов, Умид Ҳабибов ва бошқа қадимги ёдгорликларни таьмирловчилар, бинонинг деворларини мустаҳкамладилар. Бухоронинг 2500 йиллиги муносабати билан бу зиёратгоҳ таъмирланди, атрофи янада ободонлаштирилди. Зиёратгоҳ хонақоси ва масжиди учун нафис биллур қандиллар инъом этилди.

Бугунги кунда масжидда 300 га яқин киши намоз ўқиш имкониятига эга. Жума кунлари 600 дан ортиқ, байрамларда эса 1000 га яқин инсонларни ўз бағрига олади.

Бироқ, зиёратгоҳнинг бугунги ҳолатида камчилик ва муаммолар ҳам йўқ эмас. Асосий масала зиёратгоҳ  атрофини ўраб олиш ва бундан беш йил олдин ковлаб қўйилган ҳовуз  таъмирланишини бошлашдир.  Ўйлаймизки, мутасадди раҳбарлар эътибори ва назаридан четда қолмайди ва муносиб ўз амалий ечимини топади.

Сайфиддин Боҳарзий мақбараси ҳашаматлиги ва улуғворлиги билан шаҳримиздаги бошқа обидалардан алоҳида ажралиб туради. Ўйлаймизки, мажмуада кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилиб, халқимизнинг маънавий меросига айлантирилади.

Шавкат БОБОЖОНОВ,                                                                                          “Бухоро ёшлари” мухбири.