АБАДИЯТГА МУҲРЛАНГАН СИЙМО

        Бобур уйғониш даврининг типик ҳукмдори, мард ва тадбиркор ҳамда дилбар шахс. У санъат ва адабиётга ошноманд инсондир.

 Жаваҳарлаъл Неру

Ўзбек халқининг атоқли фарзанди, олим ва давлат арбоби  Заҳириддин Муҳаммад Бобур серқирра ижодкор сифатида дунё тамаддунида ўчмас из қолдирган. Бу улуғ ватандошимиз мумтоз шоир, буюк олим, кучли саркарда бўлибгина қолмай, ўз даври меъморчилик санъатининг янада равнақ топишига салмоқли ҳисса қўшган моҳир меъмор ҳамдир.

Шонли тарихимизнинг зарҳал саҳифаларидан бири, башарият тамаддунида улкан салтанат яратиб, беназир шахс сифатида тарихда қолган Бобур  Ҳиндистонда уч асрдан зиёд ҳукм сурган улкан империяга асос солиб, ўз ҳукмронлигини ўрнатган. Лекин ҳукмронлигининг ҳар бир онида, ҳар бир дақиқасида  она юртини қўмсаб Ватан ҳисси, юрт соғинчи билан яшайди. Унга Ватан соғинчи қанчалик кучли бўлганини Андижондан олиб борилган қовунни Хиндистонда татиб кўрганида “Бу мен туғилиб ўсган юртнинг қовуни” дея фарёд чеккан кўз ёшларидан билиш мумкин. Бобур  буни қуйидаги сатрларида ифодалайди:

Қовун бирлан узумнинг ҳажрида кўнглимда ғам ҳам сув Оқар сувнинг фироқидин  кўзимдан оқар дам сув 

   Гарчанд Бобур Мирзо Ҳинд юртида яшаган бўлса-да, у ижодининг юксак маҳсули бўлмиш  рубоийлару  ва асарларини ўз она тилида ёзади ва маълум бир маънода шу орқали ўз Ватанига қайтгандай бўлади.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур умр бўйи ҳаётий ва ижодий фаолияти давомида бизга жуда катта ва бой адабий, тарихий мерос қолдирди. Унинг “Бобурнома”, “Мухтасар” (“Аруз Рисоласи”) асари, “Рисолаи Волидийа” нинг туркий таржимаси, 300 га яқин фалсафий рубоийси, солиқ, вақф ҳуқуқига оид “Мубаййин”, “Муфассал”, “Ҳарб иши” ва “Хатти Бобурий” ва бошқа асарлари жаҳон маданияти хазинасининг дурдонасига айланган.

Бобур яна меъморчилик ва ободончиликка ҳам алоҳида эътибор қаратган. Бу фазилат унга улуғ бобокалони Амир Темурдан ўтган. Бобур кўп вақт истиқомат қилган Қобул ва унинг атрофларида барпо этган боғларни худди Амир Темур Самарқанд атрофларида яратган боғларга ўхшатиб 12 жойда ўстирган. Уларга ном беришда ўзининг шоирона тил бойликларидан фойдаланган.

Ҳинд олими М. Рандхаванинг хабар беришича, фақат Қобул шаҳрининг ўзида Бобур амри билан ўнта боғ барпо этилади. Боғи Шаҳараро (кейинчалик “Боғи Бобур” деб ном олган), Чорбоғ, Боғи Жалухона, Ўрта боғ, Суврат боғ, Боғи Маҳтоб, Боғи Охухо ва шулар жумласидандир. Бундан ташқари, Бобур томонидан Нингархорда Боғи Сафо, Қандахорда Чил Зина, Аграда Зуҳро боғ, Санбжалда Жоме масжиди, луддийлар қалъасидаги масжид, Ғазидаги Султон сув омбори ва бошқа обидалар барпо этилган. Аграда Мумтоз Маҳалбегим хотирасига атаб қурилган, Бобурийлар даврининг юксак меъморчилик архитектураси бўлмиш Тож Маҳал ҳам ҳозирги кунгача инсониятни ҳайратга солиб, дунё мўъжизаси, деб эътироф этилмоқда.

Бугунги кунга келиб, Бобур хотирасини абадийлаштириш, унинг бетакрор илмий меросини ўрганиш мақсадида жуда кўплаб ишлар амалга оширилаётир. Жумладан, Андижонда Бобур номидаги боғ яратилиб, унинг қошида “Бобур ва жаҳон маданияти” номли музей ташкил қилинган. Бобурнинг шу кунгача ўзбек ва форс тилларидаги шеърларидан таркиб топган Париж миллий кутубхонаси, Истамбул университети кутубхонаси, Тўпқопи сарой Реванд ҳамда Ҳиндистондаги Рампур навоби кутубхонасида сақланиб келаётган қўлёзма девонлари нусхалари асосида Бобур шеърларининг мукаммал матни яратилмоқда. Бобур меросини ўрганишни кучайтириш мақсадида Андижон шаҳрида Бобур номидаги халқаро жамғарма ташкил этилган.

Мухтасар қилиб  айтганда,  Бобурнинг жаҳон илму фанига қўшган ҳиссаси беназирдир.

     Шавкат БОБОЖОНОВ