ОСТОНАДАН ҚУВИЛГАН ОПА

Ҳикоя

Ҳосила ота-онасининг ўлимидан сўнг ёшгина боши билан ҳали ўзининг эплаб-эплолмаган икки синглисию, уч укасига бош-қош бўлди. Ҳали пишир-тушир, ҳали ҳовли, ҳали бозор-ўчар деганларидек, эҳ-ҳе-е… югур-югурлари кўп экан, бу рўзғорнинг. Мактабда фанларни “аъло” баҳоларда ўзлаштириб юрган қиз турмуш ташвишлари билан бўлиб, тез орада “ёмон” ўзлаштирувчилар сафига тушди-қолди. Буни муаллимлар ҳам ачиниш, ҳам афсус билан қабул қилишди. На чора, ўлимга чора йўқ экан. Ота-онасининг ўрнини билдирмай, кучи борича, жигарларининг кўнглини ўкситмай, ювиб-тараб юрди. Шунинг ўзи катта ҳаёт мактаби. Ҳосила эса шу мактабнинг “аъло баҳо”сига сазовор дея, унинг дилини оғритмай, битирув шаҳодатномасига сара баҳо қўйишди.

***

Ҳаёт! У шу қадар шиддат билан тўлиб-жўшиб ўтибдики, Ҳосила 25 ёшга тўлганини сезмай ҳам қолди. Умрининг энг гўзал, севгига лиммо-лим чоғларини ҳали у, ҳали бу қўшнисининг хизматида ўтади. Меҳнатни танламади. Тикиш-бичиш, ювиш-тараш,супир-сидир, деганларидек, қўли косов, сочи супирги бўлди Ҳосиланинг. Қиз бола боши билан дастурхон тугиб, яхши-ёрти билан қуда-анда тутинди. Укаларини уйлантириб, сингилларини турмушга узатди. Кўп ўтмай, унинг бағрини жиянларининг қийқириғию кулгиси тўлдирди. Улар “амма”ю “хола”лаб, худди бувисига эркалангандек Ҳосилага элакишди. Ҳосила эса уларнинг бахтидан энтикиб, кўз ёш тўкарди.

Икки ўғил, икки қизни уйли-жойли қилган Ҳосила сочларига оқ оралаганини кўриб, дили алланечук ўксиниб кетди. Турмуш қийинчиликлари баробарида “қари қиз” деган дашномни ҳам кўтарди. Тенгқурларининг болалари қарийб ўзи тенги бўлган. Ҳосила эса ҳали ҳам… Бегона, лекин ширин хаёллар оғушида кезинган Ҳосила ҳали яна бир суюкли 8 ёшли укаси Ҳабиббекнинг ҳам келажагини ўйлаб, бирдан сергак тортди. Қирқига чидаб, қирқ бирига чидолмайманми, дея ўз-ўзин овутди.

…Йўқ. Худойим ҳаммани жуфти билан яратган, деганларидек, Ҳосиланинг ҳам эшигини совчилар тинимсиз қоқишди. Кайвони хола ҳоли-жонига қўймай, уни қўшни қишлоқдаги хотини ўлган бир кишига никоҳлаб қўйди. Ҳартугул, куёв бўлмишнинг ҳали болалари ҳам йўқ экан.

***

Келину-куёвларнинг болалари ўртасида камсуқумгина ўсаётган Ҳабиббекни ҳар сафар кўргани келганида Ҳосиланинг дили вайрон бўларди. Тоза кийим-бошу, егуликлар билан сийлаб турарди уни.

Ойлар, йиллар бир-бирини қувалашиб ўтди. Шу йиллар ичида Барчинойдек кетма-кет икки қизга она бўлган Ҳосиланинг бир оёғи уйида, бир оёғи укаси Ҳабиббекнинг остонасида бўлди. Тўнғич укасининг уйида чиққан тўполон оқибатида 14 ёшли Ҳабиббек кўчада қолди. Бундан хабар топган Ҳосила укаси ва келинини инсофга чақирди. Барибир, камситишу силтовлардан хўрланган Ҳабиббек опаси билан кетиш истаги борлигини билдирди.

…Укасини илаштириб келгани учун бир томондан қайнонаю қайнотанинг сиқуви, бир оомондан эрининг инжиқликлари Ўосиланинг тинка-мадорини қуритди. “Ё бизни дейсан, ёки укангни!”-дея ўртага ташланган қатъий шарт Ҳосилани адойи тамом қилди. Укасини деса, икки гўдаги ўзидек меҳрга ташна ўсади, оиласини деса, томирларида ота-онасининг қони оқаётган жигари…Икки ўт орасида қолган Ҳосила ахийри икки қизалоғини етаклаб, укасининг ҳовлиси – ота уйига қайтди. Қариқиз номи билан кеч турмуш қурган аёл бева, деган юкни ҳам кўтаришга мажбур бўлди.

***

Сувдек тез оқиб ўтаётган йиллар остонасида Ҳабиббек ҳам улғайиб, уйланиш ёшига етди. Ҳосила фарзандларининг насибасидан тортиб-чертиб, укасига келин тушириш тараддудини кўрди. Кўп ўтмай, бировлардан кам қилмай, Ҳабиббекни уйлантирди ҳам.

…Келин сал қош-қовоқлик чиқиб қолгани боисми, Ҳосиланинг қизларига келин-уйга кириб-чиқиш чеклаб қўйилди. Ўтирса-ўпоқ, турса-сўпоқ, деганларидек Ҳосилага ҳам бора-бора келин-куёв рўйхушлик бермай қўйишди. Унинг маслаҳату-насиҳатларига писанда қилмай, ўз билганларидан қолишмади. Она ўрнида она, ота ўрнида ота бўлиб оқ ювиб, оқ тараган, ўз бахтию оиласидан кечган опасини Ҳабиббек турли хил можаролар кўтариб, бу ҳовлидан чиқиб кетишини талаб қилди. Икки қизи билан бошини қайси тошга уришни билмаган, 45-50 ёшларга етиб қолган Ҳосила дардини маҳалла оқсоқолига ёзди. Кўпчилик Ҳабиббекни ақл билан иш тутишга чорлади. Опалар ўртага тушишди. Оғайнилар эса ўзларини четга тортишди. Афсуски, ўз жигари бўлмиш опасининг чеккан азобларию меҳнатлари қадрини билмаган Ҳабиббек уни қизлари билан сарсон-саргардон бўлишига сабабчи бўлди. Онаю қизлар ўзга жойдан паноҳ излашга мажбур бўлишди.

***

Маҳалладошлари, сингилларию куёвларининг кўмаги билан наридан-бери тикланган ҳовлида икки қизи билан қўним топган Ҳосила опанинг дардини тинглар эканмиз, беихтиёр кўзларимиздан ёш қуйилди. “Шукрким, сингилларим, куёвларим бор экан. Ёмон кунларимда шулар яради… Укаларим эса… нима ҳам дердим, уларнинг ҳам ташвиши ўзига етарли…”-дейди униқиб у.

Ўзининг бахту иқболидан, дуркун ёшлигидан кечиб, умрини жигарларига бағишлаган бир мунис аёл, бир муштипар онанинг меҳнати, тортган заҳмату чеккан азобларининг меваси шумикан?! Йўқ,  дунё синовли! Яхши ҳам, ёмон ҳам Оллоҳнинг нигоҳида. Орадан йиллар ўтди. Мунис, дилбар аёл икки қизи билан бахту шодликка ҳам эришди… Аммо, ўз опасини, жиянларини ота уйига сиғдирмай, уларни остонадан қувиб солган беоқибат уканинг ҳам қилмиши жавобсиз қолмади…

САГНУРА