МОЗИЙНИНГ МАНГУ МАЁҒИ

Қадимдан минори бор юртнинг қадди ҳамиша сарбаланд бўлади, дейишади. Ана шундай мағрур, тарих синовларида тобланган, улуғвор миноралар шаҳри – Бухоро ўзининг минг йиллик обидалари билан дунё аҳлини мана неча асрларки, ҳайратга солиб келади.  Ўтмиши тоғларданда юксак, шонли тарихнинг жонли гувоҳи бўлган Бухорода кўплаб миноралар мавжудки, улар қарийб ўттиз асрни қаршилаган шариф шаҳар ҳуснига кўрк қўшиб келмоқда. Вобкент минораси,  Чорбакр, Қасри  Орифон,  Соктаредаги минора ва бошқалар шулар жумласидандир.  Аммо, Бухоро миноралари орасида Минораи Калон (Калон минораси) ўзининг маҳобати, нақшларининг мураккаблиги, бежиримлиги ҳамда не-не жангу жадаллар ва табиат синовларига дош бериб келаётганлиги билан алоҳида ажралиб туради. Бунинг сир-синоати нимада дейсизми? Унда диққат қилинг!

Шариф шаҳар тимсоли

Миноралар турли даврларда турли функцияларни бажаргани барчамизга яхши маълум. Қадимдан миноралар масжид ва мадрасалар ёнида уларга туташ қурилган. Албатта, ўшанда бундан кўзланган асосий мақсад ҳаммани намозга чорлашдан иборат бўлган. Аммо минора сўзининг луғавий таржимаси, арабчада “маёқ” маъносини билдириб, горизонтал ўлчамга нисбатан вертикал ўлчами ортиқ бўлган баланд иншоотни ифодалайди. Шу сабабдан муҳим савдо-сотиқ маркази, Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Бухорога кўплаб карвонлар, савдогарлар тандирдек қизиган қум барханли саҳролардан ошиб келишган. Бухоронинг ўша даврдаги ҳукмдори Арслонхон Қорахоний (1102-1130) шаҳар атрофидаги сувсиз саҳроларда карвонларнинг адашиб ҳалок бўлиши оқибатларини ўйлаб, шаҳарда энг баланд иншоот қуришни мўлжаллайди.

1124 йили энг машҳур ва сара уста-қурувчиларнинг лойиҳалари билан шахсан танишиб чиқади ва Уста Бақонинг лойиҳасини маъқуллайди. Шу асноида қирилиш ишларига рухсат берилиб, минорани тиклаш ишлари бошланади. Минорани кўтаришда тайёрланадиган махсус қоришмага юлғун кукуни, узум шираси, қора товуқ тухуми, туя жуни ва сутидан фойдаланишади. Бу эса миноранинг мустаҳкам бўлишига хизмат қилган бўлса, ажабмас.

Арслонхон номини абадиятга муҳрлаган Минораи Калон 1127 йилда қуриб битказилади. Баландлиги 47,5 метр бўлган (асоси 10 метри ер сатҳида чуқурликда)  минорага 105 та поғона орқали чиқилиб, энг юқори қисмидаги 16 та дарича орқали шаҳарни кузатиш мумкин. Миноранинг тепа қисмида шам фонуслари ёқилиб, даричалардан нур таралган. Натижада кечалари 50-60 чақирим масофадан ҳам чироқлар ёруғи маёқ сифатида карвонларни адашмай шаҳарга кириб келишида йўлчи юлдуз вазифасини бажарган.

Қарийб 900 йилдан буён барчанинг ҳайратига сабаб бўлиб келаётган Минораи Калонни янада жозибали ҳамда нафис қилиб безаш мақсадида унинг белбоғида ғиштларга шакл бериш йўли билан 20 дан ортиқ нақшинкор ҳалқалар ҳосил қилинган. Безаклар бир – бирини асло такрорламайди. Унда ҳар хил куфий, ҳандасий ёзувларни ҳам учратиш мумкин. Минорада нафақат ҳукмдор, балки иншоотни бунёд этган устанинг номини ҳам қолдириш мақсадида энг устки ҳалқалардан бирида нақшинкор ғиштин ёзувлар билан “Амали Усто Бақо, милодий 1127 йил, Минораи Арслонхон” деган сўзлар битилган. Неча асрлар ўтибдики, бу муборак номлар авлоддан авлодга ўтиб, тилларда достон бўлмоқда.

Тўққиз асрки, шариф шаҳримизнинг тимсоли бўлиб келган обида кўплаб вазифалар учун хизмат қилган. Минора шаҳарда қуриладиган бошқа иморатлар учун ражжа (ўлчов, белги) вазифасини ўтаган. Шунингдек, у орқали ёвнинг қай томондан кириб келиши назорат қилинган. Ва албатта, мардонавор қалқон бўла олган.

Чингизхонни лол этган минора

1220 йил мўғулларнинг шаҳримизга босқини даврида Чингизхон Минораи Калон олдига келиб, унга бир разм солганда бошидан сарпўшак (бош кийим)и тушиб кетади. Дунёнинг не-не юртларини ўзига бўйсундирган буюк хоқоннинг бош кийимини ҳали бирор кимса туширолмаган бўлсада, маҳобатли бу иншоот оламни ларзага солган саркардани лол қолдира олган. Буюк аждодларимизнинг ақл-у заковатига, билим тажрибасига ҳамда илоҳий меъморчилик қобилиятига тан бермасликнинг иложи йўқ. Бу албатта, улуғ меъмор Усто Бақонинг нечоғли қўлигуллиги билан изоҳланади.

Айтишларича, Усто Бақо умри поёнига етай, деб қолганда, шундай васият қилибди: “Менинг жанозамни Масжиди Калонда ўқинг, жасадимни эса мана шу Минораи Калон ёнидаги ҳовлига кўминг. Агар Минора қуласа, қабрим устига қуласин. Суякларимни майда-майда этсин! Лекин худо шоҳид! Қиёматгача Минораи Калон қуламайди”. Ҳақиқатдан ҳам, неча-неча замонлар ўтибдики, минора ўз жойида мангу қўним топиб, виқор билан салобат тўкиб келмоқда. Яна бир гап. Меъмор минорани бироз кўринмайдиган даражада қияроқ қилиб қурган. Минора қайси томонга оғган бўлса, устанинг қабри ҳам ўша ерда жойлашган экан. Бундан кўринадики, устанинг юқоридаги васияти ҳақиқатдан йироқ эмас. Ҳозирда ҳам Минораи Калон соясининг энг юқори нуқтаси тушган жойдаги Эски шаҳар ҳовлиларининг бирида Усто Бақонинг қабри мавжуд. Улуғвор маёқ эса замонлар оша ўз устаси устида соябон бўлиб, васиятни бекаму кўст адо этиб келмоқда.

Ўзбекистоннинг етти мўъжизасидан бири сифатида эътироф этиб келинаётган Минораи Калон ва унинг қурилиши ҳақида маҳаллий халқ орасида кўплаб ривоят ва афсоналар сақланиб қолинган. Ҳикоятларда маҳобатли санъат асарининг барпо этилиши тарихи, улуғворлиги ва буюклиги мадҳ этилганки, уни барча жон қулоғи билан тинглаб келади.

3333333333333

Бухоро подшоҳи Арслонхон келгуси авлодларга салтанатидан мангу бир нишона қолдириш ниятида ажиб бир иншоот бунёд этишга жазм этади. Бу хайрли ишга барча мунажжим, меъмор ва устазодаларни жалб этиб, улардан иморат лойиҳаларини бир ой муҳлат ичида топширини буюради. Муддат тугагач, меъмор ва муҳандислар турли шаклдаги масжид, мадраса, хонақоларнинг лойиҳа чизмаларини ҳукмдорга тақдим этишади. Лекин, унга бирортаси ҳам маъқул бўлмайди. Шу пайт майин кашмир ипагидан либос кийган, бежирим мўйловли, ўзига ярашиб турган қора қош йигит ўртага чиқиб, ҳукмдорга ўз чизмасини тортиқ қилади. Арслонхон қоғоз ўрамини очиб қараса, унда ер юзидан самога қадалган минора акс этган экан. Шоҳ йигитдан ушбу иншоотнинг мақсади ва эҳтиёжи недур, деб сўраганида, ёш уста Буюк аждодимиз Ҳазрати Одамнинг қадду қоматларини дунёга намойиш этмоқдур. Шунингдек, табаррук шаҳримизда азонни баралла ўқимоқ, минора чўққисида ўрнатилган машъала қоронғу тунда манзилгоҳ излаётган карвонларни адаштирмай, Бухорога олиб келиши ҳамда Минора тепасида туну кун сергак турган посбонлар салтанатингизга тажовуз қилмоқчи бўлган душманлар юришидан огоҳ этишдир, деб жавоб қайтарган экан. Бир иморатда шунча мақсад борлигини кўриб, ҳайратда қолган Арслонхон унинг қурилишга изн беради ҳамда хазинадан чекланмаган миқдорда маблағ ажратишни фармон қилади.

Дунё мўъжизаси

Минораи Калон Бухоронинг не-не яхши ва ёмон кунларини, тарих чархпалагининг кўплаб воқеа-ҳодисаларининг шоҳиди бўлиб, мўйсафид обида сифатида Шариф заминнинг рамзий тимсолига айланиб қолади. Лекин, минора бошидан қора булутлар сузган мудҳиш даврлар ҳам ўтди. Собиқ Иттифоқ даврида аттеизм, даҳрийлик сиёсати авж олиб, буюк санъат асарига “Ўлим Минораси”, “Ажал Минораси” деган туҳматлар ёғилган. 1920 йилда Фруньзе бошчилигидаги қизил аскарлар дунё мўъжизасини тўпдан ўққа тутиб, 11 та катта калибрли снарядлар билан Минорани қаттиқ шикастлайди. Ҳозир Минора тепасида қолган оқ доғлар шу шикастланишлардан гувоҳлик беради.

Халқимиз ўзининг содиқ Минорасини ўз ҳолича ташлаб қўймади. 1924 йилда танаси, 1960 йилда уста Очил Бобомуродов томонидан пойдевори очилиб қайта таъмирланди.

Бир сўз билан айтганда, истиқлол Минораи Калонга қайта жон бағишлади. Бухоронинг 2500 йиллик юбилейи арафасида тўлиқ ўз ҳолида таъмирланди. Очиқ осмон остидаги музей шаҳардаги мазкур обида БМТнинг таълим, фан ва маданият бўйича халқаро ташкилоти – ЮНЕСКОнинг бутун жаҳон меъморий дурдоналари рўйхатига киритилди.

Халқимизнинг фахру ифтихори рамзи бўлган Минора пойида 1997 йилда Бухоронинг 25 асрлик тўйи, 2010 йилдан буён  “Ипак ва зираворлар” халқаро фестивалининг тантанали  маросимлари  ўтказилиб келинмоқда.

Шарқ ва Ғарбда маълуму машҳур бўлган ушбу эртак монанд обида мозийнинг мангу маёғи сифатида ҳали минг йиллар давомида, нафақат, Бухоро, балки бутун дунё халқлари маънавий оламини ёритиб, мағрур яшайверади.

Шавкат БОБОЖОНОВ.