МИНИАТЮРА МАКТАБИНИНГ МУНОСИБ ДАВОМЧИЛАРИ

Бухоро шаҳрининг эски шаҳар массивида истиқомат қилувчи эгизак иқтидор эгалари ҳақида эшитганмисиз. А, лаббай?! Унда яқинроқ келинг!

Бу етук қобилият соҳибалари Моҳигул ва Маржона Сирожевалардир. Тасвирий санъатнинг миниатюра йўналиши бўйича 2007 йилдан буён шуғулланиб келаётган бу ораста қизларнинг фаолиятига назар ташлаб, тасанно айтгинг келади. Бухоро тасвирий ва амалий санъат лицейида таҳсил олаётган даврларида устозлари Ҳамро Зоиров, Наим Неъматов, Эркин Жўраев ва Завқиддин Ёдгоровлардан соҳанинг сир-асрорларини  пухта эгаллаган бу ёш рассом эгизаклар ўқишни Бухоро маданият коллежининг “Бадиий либосларни лойиҳалаш” йўналишида давом эттиришди.

– Бизда санъатнинг бу соҳасига ҳавас ва қизиқиш уйғонишида отамиз тажрибали рассом, устоз ҳунарманд Давлат ака Сафаровнинг   ўрни беқиёс. Миниатюра суратларига ранг танлаш, безак бериш, соя тушириш, асарнинг моҳиятини чуқур ҳис этган ҳолда ишга киришиш каби энг муҳим компонентларни отамиздан ўрганганмиз,  – дейди Моҳигул Сирожева. Қизларнинг Алишер Навоий, Хусрав Деҳлавий, Низомий Ганжавий асарларига ишланган суратларидаги оламга хаёлан саёҳат қиласиз. Кўзингизни бир зум узмай, қадим шарқнинг жўшқин ҳаётида бўлгингиз келади, гўё. Соатлаб турсангизда маънавий озуқа олиб, тафаккурнинг юксак чўққисига кўтарилаверасиз.

Тасвирий санъатни чуқур эгаллаш билан бирга икки хорижий тил, инглиз ва француз тилларини мукаммал ўзлаштирган қаҳрамонларимиз Лаби Ҳовуз ансамблида жойлашган музей ҳамда дўконларига сайёҳларни жалб қилиб, бой тарихимиз, миллий маданиятимиз, минг йиллардан буён авлоддан-авлодга мерос бўлиб келаётган, асрий қадриятларимиз саналган миллий ҳамда халқ ҳуранмандчилигини фахр ва ифтихор билан ҳикоя қилишдан чарчашмайди.

Йигирмага яқин асарлари билан санъат ихлосмандларининг қалбига кириб борган ёш ижодкорлар нуфузли танлов ва фестивалларда ҳам фаол иштирок этиб, қатор ютуқларни қўлга киритишган.  Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси томонидан ўтказилган “Келажагимиз бунёдкорлари” ёшлар форумида, “Юрт келажаги” иқтидорли ёшлар танловларида иштирок этиб, ўз иқтидорларини синовдан ўтказиб келишмоқда.

Эгизакларни бирини биридан устун қўйиб бўлмайди. Маржона Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилган “Ташаббус-2015” танловида фахрли натижага эришган бўлса, Моҳигул мазкур танловнинг “Энг яхш ҳунарманд” номинациясида юқори натижани қўлга киритган. Шунингдек, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят Кенгаши томонидан ўтказилган “Биз буюк юрт фарзандларимиз”, “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танловларида ҳам диплом ҳамда ташаккурнома билан тақдирланишган.

Бухоро миниатюра мактабини янада ривожлантириш ва равнақ топтиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган “сеҳрли қалам” соҳиблари бу йўлда бор куч ва салоҳиятларини сафарбар этиб, асарларида халқимизнинг минг йиллар давомида сайқалланиб келаётган миллий маданияти ҳамда турмуш тарзини тараннум этишларини алоҳида таъкидлашди. Улар сингари ўз тақдирини Ватан тақдири билан боғлаган ёшлар бор экан, юртимиз, айниқса, миллий ҳунармандчилигиимзнинг амалий ҳамда тасвирий санъати бундан-да юксалишига ҳеч қандай шубҳа йўқ.

Шавкат БОБОЖОНОВ.