ВАТАНГА ХИЗМАТ МЕҲНАТДАН БОШЛАНАДИ

Айни тун чўккалаётганда ишдан қайтаётган Зафар ғира-шира қоронғуликда ўриндиқда ўйчан ўтирганча бурқситиб сигарета тутаётган йигитга кўзи тушди. Беихтиёр йигитнинг ёнига чўққалади.

  • Ҳа, ошна, ташвишлига ўхшайсиз, ёрдам керакми?! – сўради Зафар йигитга синчков термулиб.

Сипо кийинган ўзи тенгқур йигитнинг ундан ҳол сўраши бирров ҳамиятига теккандек бўлдию, аммо ўзининг ҳам “ёрилгиси” келиб турган эканми, чуқур хўрсиниқ билан сўз бошлади:

  • Ээ, жўра, оила, рўзғор ташвиши-да… Икки ойча бурун Россия Федерациясидан депорт бўлиб қайтдим. Иш излаб тополмаяпман, – деди устма-уст сигарета тутатаверганданми, кўзлари қизариб кетган йигит.

Зафар ўриндиқ атрофида уюлиб ётган сигарета қолдиқларига қараб, бошини сарак-сарак қилганча:

  • Маълумотингиз қандай? –деб сўради.

Ўзини Ўрал Ғаффоров, деб таништирган йигит:

  • Ўрта мактабни тугатибоқ хорижга жўнаганман.., -деди чуқур ўйга толиб қисқа-қисқа йўтал аралаш.

Зафар бироз ўйланиб турди-да:

  • Яхши. Ташвишланишингизга ҳожат йўқ. Агар маъқул бўлса, сизга иш тавсия қилишим мумкин, -дея ўзининг “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят Кенгашида фаолият юритишини, шу кунларда “Бунёдкор” ёшлар меҳнат гуруҳларига ёшларни жалб этиш ишлари авжи паллада, қурилиш, таъмирлаш, ободончилик соҳасида ишлар талайлиги, шарт-шароит ва имкониятлар ҳам дурустгина эканлигини тушунтирди.

Ўрал сергак тортди. Эртагаёқ “Бунёдкор”га бориб ёзилишини айтиб, хурсандчиликданми, беихтиёр Зафар билан қўл ташлаб, бағирлашиб хайрлашди.

  • Ўша кундан буён сигарета тутатишга вақт ҳам тополмайман, эҳтиёж ҳам қолмади. Соғлигим ҳам, кайфиятим ҳам аъло, -дейди Ўрал биз билан суҳбатда, – Бухоро вилоят 20 – трест МЧЖга қарашли 17-вакиллик қурилиш корхонаси томонидан Бухоро шаҳар марказидаги “Дилкушо массив Берун” маҳалласида қад кўтараётган кўп қаватли уйлар қурилишига жалб этилдим. “Камолот”чи Зафар ошнамизнинг кўмаги билан маҳалламиздан яна 7 нафар йигит иш билан банд бўлди. Иброҳим Аслонов, Расул Нарзуллаев, Азизбек Рўзимуродов, Абдулла Пўлатов кабилар шулар жумласидандир. Ёшлар ташкилотига, унинг фидоий фаолларига раҳмат.

Ҳа, ҳаракатнинг вилоят кенгаши фаол ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Зафар Сафаров “Бунёдкор” ёшлар меҳнат гуруҳига ёшларни жалб этишда сидқидилдан фаоллик кўрсатмоқда. Ижтимоий аҳамиятга молик меҳнат орқали ёшлар қалбига юртга муносиблилик туйғуларини шакллантира олган  Зафар сингари “Бунёдкор” ёшлар меҳнат гуруҳи ташаббускорлари турли коллежларни битириб, иш излаб юрганларни, ташқи меҳнат миграциясида бўлиб қайтганлару ишсиз ёшларни биринчи қадамдаёқ бирлаштира олишди.

Ёшлар қалбида ватанпарварлик, мамлакатимизнинг бугунги куни ва келажагига, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига дахлдорлик ҳиссини ўстириш, улар онгига тинч ва фаровон ҳаёт, озод ва обод Ватан мустақиллигини қадрлаш мақсадида қилинаётган бундай ишлар вилоятда қизғин кечмоқда. Худди шундай меҳнат гуруҳлари сони ҳозирга қадар вилоят бўйича 151 тага етди. Унга жалб этилган ёшлар эса 2322 нафарни ташкил этади. Шундан қурилиш таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бўйича тузилган 44 та гуруҳда 674 нафар ишчи биркитилган. Бир нафар аъзонинг ўртача ойлик иш ҳақи 450000 сўмдан 500 000 сўмгача. Қишлоқ қурилиш банки кредитлари ҳисобига қурилаётган уй жой объектларига 481 нафар ишчилар жалб этилган бўлиб, улар 33 та гуруҳда иш олиб боришмоқда. Ишлаб чиқариш, маиший хизмат кўрсатиш йўналишида 25 та ёшлар меҳнат гуруҳлари тузилиб, 342 нафар йигит-қиз иш билан банд этилди.

  • Вобкент Маиший хизмат касб-ҳунар коллежини тугатишим арафасида “Бунёдкор” ёшлар меҳнат гуруҳларига ёшларнинг жалб этилаётгани ҳақида эшитиб қолдим. Вақтинчалик бўлса-да, иш билан банд бўлиб, ота-онамга кўмак бўлиш мақсадида гуруҳга аъзо бўлдим. Вобкент шаҳар марказида жойлашган “Чирой” гўзаллик салонига сартарошликка ёзишди. Шу йўналишга қизиқишим ва иқтидорим борлиги учун ҳам ишга жуда тез киришиб кетдим. Соч турмаклаш, сочни гиёҳлар ёрдамида ўстириш ва тўкилишининг олдини олиш борасидаги илмий тадқиқотларга асосланган маълумотларга таянган ҳолда тавсиялар ишлаб чиқдим. Мижозлар кундан-кун ошяпти. Бундан гўзаллик салони раҳбари Гулчеҳра Умидова ҳам хурсанд. Мени доимий ишга сақлаб қолишлари ҳақидаги қарорларини эшитиб, роса хурсанд бўлдим, -дейди Дилдора Шарипова.

Ҳа, “Бунёдкор”га ёзилиб, ишига унум, жамиятга фойда келтираётган қизлар ҳам талайгина. Улар ўз меҳнатлари орқали оила, рўзғор юритиш, келажакда бола парвариши каби гўзал адабларни янада мустаҳкамлаб борсалар, шубҳасиз.

Қоровулбозор туманида ҳам “Бунёдкор”  ёшлар меҳнат гуруҳи жадаллик билан фаолият юритмоқда. “Зумрад” МЧЖда қайта қуриш реконструкция ишларига 20 нафар уюшмаган ва иш билан банд бўлмаган ёшлар жалб этилган бўлса, “БухРЕМ қурилиш” МЧЖга 10 нафар бунёдкорчи олти ойлик меҳнат шартномаси асосида иш билан таъминланди. Бугунги кунда улар массивда намунали лойиҳалар асосида тикланиши режалаштирилган 25 та уй-жой қурилишида бош-қош. Қоровулбозор “Аберватория” МЧЖ эса худди шундай ишга 40 нафар бунёдкорчини жалб этди. Бундан ташқари, Олот туман “Соҳибжон Жумаев” қурилиш фирмасига 28 нафар, “Устоз Сафар омади” хусусий фирмасига 17 нафар уюшмаган ёшлар ва талабалар бириктирилди.

“Бунёдкор”чи ёшларнинг ҳормай-толмай ишлашларида далда бўлаётган жиҳатлар ҳам кам эмас. Ҳар куни уч маҳал бепул овқатланишу ҳар томонлама қулай шароитларга эга ётоқхоналардан беминнат фойдаланадилар. Бундан ташқари, турли тадбиру, қизиқарли танловларнинг ўтказилаётгани, шунингдек, маданий-маърифий дам олиш онлари уюшмаган ёшлар қалбида дўстлик ва ҳамжиҳатлик туйғуларини мустаҳкамламоқда. Илғор ва пешқадам бунёдкорчиларга ойлик маошдан ташқари, рағбатлантирувчи пул мукофотлари ҳам берилмоқда. Бекқул Сафаров, Тожиддин Амриддинов, Санжар Соҳибов, Шоҳруҳ Шуҳратов кабилар ўз меҳнатлари билан отряддошларига ўрнак бўлишди.

Ҳа, меҳнат қилган ҳеч қачон кам бўлмайди. Бунёдкорларга уч маҳал иссиқ овқат, ойлик маоши, рағбатлантирувчи мукофотлар берилмоқда. Муҳими, ёшлар шижоатида зерикиш, чарчаш, меҳнатдан қочиш, дангасалик ҳолатларини сезмадик. Ватанга хизмат меҳнатдан бошланади, дея бежизга айтишмаган.

Бир сўз билан айтганда, “Бунёдкор” ёшлар меҳнат гуруҳлари ёшларда меҳнат кўникмаларини шакллантириб, эзгу мақсадлар йўлида хизмат қилиш, улар қалбида дўстлик, биродарлик туйғуларини шакллантириш, юртни обод ва бунёд этишга чорлаш каби улуғ ғояларни  илгари сурмоқда.  “Бунёдкор”нинг, нафақат, таътил пайтлари, балки, йил давомида меҳнат ҳаракатида бўлиши, айниқса, диққатга сазовордир.

       Аббос Нуралиев, Бухоро шаҳри, 21 ёш:

– Жисмоний нуқсоним борлиги учун доим тенгқурларимдан четда юрардим. Аммо дўстим Мирзабобур ҳамда Сардорнинг қистови билан “Наврўз” маҳалласи биносида кечаётган қайта таъмирлаш ишларига кўмакка келдим. Оқартув ва бўёқлаш ишларини зиммамга юклашди. Сидқидилдан бажардим. 20 кунлик меҳнатим эвазига 270 минг сўм ойлик маош беришди. 21 ёшга кирдим. Бу менинг биринчи ойлик маошим. Хурсандчилигимни оиламдагилар билан бўлишдим. Ота-онам ҳам бирам хурсандки. Уюшмаган ёшларни бирлаштирганларга, уларнинг ҳам юртга, Ватанга керакли эканликларини англата олганларга самимий миннатдорчилигимни билдираман.

Ҳаракатнинг вилоят Кенгаши ташаббуси билан “Бунёдкор” меҳнат гуруҳларига ёшларни янада жалб этиш ва бирлаштириш доирасида янгича чора-тадбирларни оммалаштириш ишлари белгилаб олинмоқда.

Лайло ҲАЙИТОВА.