Cудья Илҳом Шомуратов ва адвокат Умрзоқ Тўхтаевнинг барбод бўлган режаси
Айтишларича, йиртқичлар бир марта гўшт мазасини тотганидан кейин ов қилишни бошлар экан. Бундай йиртқичлардан фақатгина уларни отиб ўлдириш орқали халос бўлиш мумкин. Порахўрларни ҳам гўшт ейдиган йиртқичларга қиёслаймиз. Порахўр ҳам осонгина келадиган мол-дунёнинг мазасини тотганидан сўнг унга кўнгил қўяр экан, одамлар унга пора бериши учун шундай шартлар ўйлаб топарканки, уларни адо этиш жуда мушкул, айримлари эса деярли имконсиз. Афсуски, йиртқичларга қўлланилган жазони порахўрларга нисбатан қўллаб бўлмайди.
Порахўрликка қарши курашиш мумкин. Аммо, порахўрликни, порахўрларни жамиятдан таг-туги билан қўпориб ташлаш жуда қийин. Айниқса, “порахўрлик” тамғаси бир пайтлар адолатпарвар, қонун ҳамда ўз ишончига асосланиб, инсонларнинг тақдирини ҳал қиладиган ҳуқуқ ҳимоячиси, тўғрироғи, судья жаноблари қисматига урилса, бу кечирилмас ҳолат.
Илҳом Шомуратов – 1983 йилда Шофиркон туманида туғилган. Олий маълумотли. Оилали, икки нафар фарзанди бор. Қоровулбозор туман суди раиси лавозимида ишлаган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми “а,б” банди билан айбланган.
Умрзоқ Тўхтаев – 1963 йилда Қоракўл туманида туғилган. Олий маълумотли. Оилали, уч нафар фарзанди бор. Бухоро шаҳридаги “Фемида-Фортуна” адвокатлик бюроси адвокати лавозимида ишлаган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 28.210-моддаси 2-қисми “а,б” банди билан айбланган.
Бир пайтлар суд раиси лавозимида ишлаб, бир-да билимдонлиги, бир-да нохолислиги билан донг таратган Илҳом Шомуратов ўз қисматига оғир тамға илди.
“Вобкентсантехстрой” масъулияти чекланган жамияти ўз фаолияти давомида қурилиш-таъмирлаш бўйича тендерларда ғолиб бўлиб, қатор бунёдкорлик ишларини амалга ошириб келган. Бироқ, ушбу қурилиш ташкилоти томонидан Қоровулбозор туманидаги “Зумрад” мактабгача таълим муассасасида мукаммал таъмирлаш ишларини амалга оширишда бажарилган ишлар юзасидан товламачиликка йўл қўйилади. Ва жиноят иши қўзғатилади. Унга кўра, “Вобкентсантехстрой” масъулияти чекланган жамияти Ё. Азимовга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 200 баравари миқдорида жарима ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 45-моддаси, шунингдек, Бухоро вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги ягона буюртмачи хизмати инженеринг компанияси етакчи мутахассиси А. Шариповга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 150 баравари миқдорида жарима ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 45-моддасига асосан жазо белгиланади. Ё. Азимов ва А. Шарипов қўзғатилган ушбу жиноят иши юзасидан Бухоро шаҳридаги “Фемида-Фортуна” адвокатлик бюроси адвокати Умрзоқ Тўхтаевни ҳимоячи сифатида “ёллашади”. Ё. Азимов ўзига нисбатан жиноят ишини мазмунан кўриб чиқар экан, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазосини қўлламаслик, қонунда назарда тутилган жазодан ҳам енгилроқ жазо тайинлаш чораларини кўришда ўз адвокати Умрзоқ Тўхтаевга ёрдам сўраб мурожаат этади.
Сув остида овчининг қармоғи хавфли бўлса ҳам ундан нон ушоғини илиб олишга тайёр турган оч балиқ сингари адвоватга бу таклиф мойдек ёқади. Ҳеч иккиланмасдан, ушбу жиноят иши бўйича Қоровулбозор туман суди раиси Илҳом Шомуратов билан “келишиш”га розилик беради. Фаолияти давомида бундай “буюртма”ларни бажаришда устаси фаранг бўлиб кетган адвокат ҳақиқатан ҳам Илҳом Шомуратов билан ишни “пишитади”.
– Ҳар бирингиз 1500 АҚШ долларига тушадиган бўлдингиз. Шунда сизларга қонунда назарда тутилган жазодан ҳам енгилроқ жазо қўлланилади,-дейди ови бароридан келгандек ишшайиб адвокат.
Бунча катта миқдорни “наҳанг” оғзига тутиш нечоғли мушкул бўлмасин, судланувчилар учун адвокат олиб чиққан 3000 АҚШ долларини бериш “шарт”ига кўнишдан бошқа чоралари қолмайди. Бироқ судланувчилар айни дамда моддий танг аҳволда қолаётганлари боис, 3000 АҚШ долларини пора тариқасида бериш мушкуллиги важи билан тегишли давлат идораларига мурожаат этишади…
Суд зали. Хамирдан қил суғиргандек судланувчиларга қўйилган муайян жазо ҳеч қийинчиликларсиз Қоровулбозор туман суди раиси Илҳом Шомуратов томонидан енгиллаштирилади: Ё. Азимовга етказилган зарарни қоплаш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари, А. Шариповга энг кам ойлик иш ҳақининг 70 баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 45-моддасида кўрсатилган қўшимча жазо қўлланилмай, суд мажлиси ёпиқ, деб эълон қилинади. …Бир неча дақиқа ўтар-ўтмас, суд залида шовқин-сурон бошланади. Айниқса, суд раиси Илҳом Шомуратов ўз хизмат хонасига кирар-кирмас, операция”га “чув” тушганини англаб етиб, гангиб қолади. Бу орада суд биноси ёнидан узоқлашишга шай турган товламачи адвокат Умрзоқ Тўхтаев ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан қўлга олинади. Судланувчилардан уларга қўлланилган муайян жазони енгиллаштириш важидан гўё суд раисининг “талаби” билан улардан 3000 АҚШ долларини бебурдларча олган адвокат берилган поранинг 2000 АҚШ долларини ўз нафси йўлида ўнг оёқ кийимига яшириб қўйганлиги ошкор бўлади.
Ўзини топ-тоза тутиб юрган одам гўё бехосдан поранинг таъмини татиб кўргандан кейин дарҳол унга мойил, ишқибоз бўлиб қолиб, ҳаётини хавф остига қолдиришдан чўчимай ҳам қўяр экан. Илҳом Шомуратов ҳам суд бошланишидан бир неча дақиқа олдин шайтон йўлдан оздирибми, мисқоллаб йиққан обрўйини, лавозимини суистеъмол қилиб, қўллари поранинг заҳарли “ниқоблари” билан булғанди.
Пора билан қўлга тушган судья жазога маҳкум этилди. Ачинарлиси, кечагина ундан қонунни бузиб, белгиланган муайян жазони енгиллаштиришни сўраб турган судланувчилар қаторини ўзи ҳам тўлдирди. Ўзгаларнинг жиноятини ёпиш, улар маблағи ҳисобига кун кечириш, судланувчиларни оғир аҳволда қолдириш, энг ёмони, ўз касбини, лавозимини суистеъмол қилиш, инсонийлик шаънини топташ кишига ҳеч қачон яхшилик келтирмайди.
Д. АТАМУРАТОВ,
Навоий вилоят суди раиси.