БОШ МАҚСАД: ХАЛҚ РОЗИЛИГИ

Давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинди. Ҳар бир давлат идораси фуқароларимиз учун хизмат қилиши шартлиги аниқ белгилаб берилди.

148722555933333Мамлакатимиз Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари фаолиятининг йўлга қўйилгани инсон манфаатларига хизмат қилибгина қолмай, ҳар бир раҳбарни ҳушёр торттира бошлади. Барча даражадаги  давлат органлари фаолиятида “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилни амалда қарор топтириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий  этиш мақсадида мазкур қабулхоналарнинг киравериш жойларида ёзиб қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхонасида фаолият олиб боришга жалб этилган тажрибали мутахассислар масъулият билан иш олиб бориб, қонунчиликда белгиланган тартибда оғзаки ва ёзма мурожаатларни ўз вақтида холис кўриб чиқилишини таъминлашмоқда. Нафақат, вилоят, туман, шаҳар халқ қабулхоналарида ҳам барча шарт-шароит, имкониятлар яратилди. Она ва бола, тиббиёт хоналари, кенг ва ёруғ кутиш зали. Бундан ташқари, замонавий ахборот-коммуникация технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда амалга оширилаётган тизимли фаолият ҳеч қандай мурожаатнинг четда қолиб кетмаслигини таъминлайди.

Жорий йилнинг апрель ойига қадар вилоят Халқ қабулхонасига 2088 та мурожаатлар келиб тушди. Мазкур мурожаатларни таҳлил қиладиган бўлсак, 1280 таси  ёзма ҳамда 806 таси оғзаки ҳамда 2 таси видеоконференц-алоқа шаклида қабул қилинган.  Шулардан, 1789 таси ариза, 254 таси шикоят ҳамда 45 таси таклифдан иборатдир. Мурожаатлар таҳлил қилинадиган бўлса, мазкур 2088 та мурожаатнинг 428 таси уй-жой ва ер масалалари, 227 таси иш билан таъминлаш, 125 таси моддий ёрдам, 110 таси пенсия ва нафақа, 119 таси коммунал тўловлар масаласида, 101 таси газ, электр, сув, исссиқлик манбаи масалалари, 79 таси ички ишлар, 74 таси суд масалалари, 72 таси кредит олиш, 753 таси бошқа масалаларда келиб тушган. Энди эътибор қаратадиган бўлсак, 2088 та мурожаатнинг 157 таси қаноатлантирилган. Ушбу мурожаатларнинг ўз вақтида кўриб чиқилиши ва қонуний ҳал этилишига масъул бўлган мутахассис томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, мурожаатларнинг 591 тасига тушунтириш берилган, 51 таси рад этилган, шунингдек, мурожаатларнинг 64 таси тегишли юқори ташкилотга ҳамда 1666 таси ҳудудлардаги ташкилотларга жўнатилган. Бу эса аҳоли мурожаатлари билан ишлашда туманларда ечимини кутаётган масалалар ҳали кўплигидан далолат беради. Ваҳоланки, бунга айрим маҳаллий раҳбарларнинг мурожаатларга эътиборсиз қараб, аҳоли муаммоларини бартараф этишни пайсалга солиб келишгани сабабдир. Масалан, Бухоро шаҳрилик фуқаро Жаҳонгир Сатторов 2015 йилда Ҳиндистон давлатида жигар имплантацияси амалиётини ўтаб келгач, у яна ҳар уч ойда Ҳиндистонда тиббий кўрикдан  ўтишга эҳтиёжи борлиги сабаб ушбу мамлакатга бориб-келиш ва дори-дармон учун сарфланадиган маблағнинг конвертация қилиниши масаласида Миллий банкнинг вилоят филиали ушбу масалада панжа ортидан қараб келади. Худди шунингдек, пешкўлик фуқаро Салом бобо Файзуллаевнинг саломатлиги билан боғлиқ масала туман марказий поликлиникаси масъуллари томонидан эътиборсиз қолдирилган. Бундан ташқари, мурожаатлар орасида айрим маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқ-тартибот ва ички ишлар органларидан норозилик мазмунидаги ариза ва шикоятлар ҳам борки,  бу, албатта, мутасаддиларнинг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашда номуносиб ёндошиб келганларини кўрсатади.

Бироқ, Халқ қабулхоналарида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича тажрибага эга, амалдаги қонунчиликдан яхши хабардор мутахассисларнинг фаолият кўрсатаётгани юқоридаги сансалорлик ҳолатларига тубдан чек қўйилишига туртки бўлмоқда. Халқ қабулхоналарида вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари, хўжалик бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган раҳбарлари қабулларини алоҳида жадвал асосида ташкил этиш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Халқ қабулхоналари томонидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари иштирокида 40 дан ортиқ учрашувлар ўтказилиб, 800 нафардан ортиқ фуқароларнинг мурожаатлари қонунда белгиланган тартибда ўрганилди. Иш фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида видео-конференц-алоқа тизимида олиб борилаётгани, эътиборга молик.

– Халқимизнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, шунингдек, бошқа давлат ташкилотлари ва хўжалик бошқарув органларига мурожаат қилишларига оид барча конституциявий  ҳуқуқларининг муаммо ва тўсиқсиз амалга оширилишини таъминлаш Халқ қабулхонасининг асосий вазифаси. Бугун ана шундай Халқ қабулхоналарида ҳар бир мурожаатнинг тўлиқ, холис ва ўз вақтида кўриб чиқилиши устидан тизимли мониторинг ва назорат амалга оширилаётир. Лозим бўлса, ҳар бир мурожаат ечими айнан ўша ҳудуддаги мансабдор шахслар иштирокида қабул қилинмоқда. Фуқароларга ишонч билан айтиш мумкинки, вилоят, туман ва шаҳар Халқ қабулхоналарида фаолият кўрсатаётган ходимлар Ўзбекистон Президенти девони ходими, деб ҳисобланади ва ана шундай маъсулиятни ҳис қилган ҳолда иш олиб боришмоқда,-дейди Бухоро вилоятидаги халқ қабулхонаси раҳбари Эркин Қудратов,- шунинг учун фуқаролар, ўз ҳудудларидаги Халқ қабулхоналарига ҳам мурожаат этишса, масала ўша ҳудуднинг ўзида ҳам тезкор ечим топиш имконига эга. Ҳар бир мурожаат ортида бир тақдир борлигини унутиб, мурожаатларга чап кўз билан қараган раҳбарга эса бугунги кунда жамиятда ҳеч қандай ўрин йўқ. Халқ қабулхоналарининг бош мақсади халқ розилиги экан, демак, бу йўлда тўсиқ бўлмаслигини шарт.

Ҳа, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис, коммунал соҳалар, таълим ва тиббиёт тизими, аҳоли бандлигини таъминлаш, қишлоқ инфратузилмасини такомиллаштириш, ер ажратиш, тадбиркорлик ва кредит олиш, суд-ҳуқуқ тизимига оид шикоятлар, уй-жой, мерос масаласи, ишга қайта тиклаш мазмунидаги аризалар, табиий газ ва электр энергиясидан қарздорлиги бўйича шикоят ва мурожаатларнинг вилоятда ошиб кетиши айрим раҳбарларнинг ана шундай камчиликларга йўл қўйиб келишгани оқибатидир.
Халқ қабулхонлари эса, айнан, халқимиз юрагининг туб-тубида ётган дардига  малҳам бўлди.

Жаҳонгир Жумаев, Қоракўл тумани фуқароси:

-Халқ қабулхоналарига мурожаатим кўпдан буён бизни овораю-сарсон қилиб юрган дилхираликларимизга малҳам бўлди. Туман электр тармоқлари корхонасига электр энергиясидан фойдаланганлик бўйича тўловларни ойма-ой амалга ошириб келган бўлсак-да, хонадонимизда нореал қарздорликлар ошиб кетаверди. Мурожаатларимиз пайсалга солиб келинаверди. Халқ қабулхонасига мурожаат этишга мажбур бўлдик. Шикоятимиз ўрганиб чиқилиб, электр энергиясидан ҳеч қандай қарзимиз мавжуд эмаслиги аниқланди.

Дарҳақиқат, бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Халқимиз ўта андишали. Ҳа, деганда дардини достон қилавермайди. Аммо, жонидан ўтса, сиртига чиқаради. Бу эса ҳар бир раҳбардан тўрачилик иллатидан воз кечишни, ўз ишига масъулият билан ёндошишни, ҳушёрликни оширишни талаб этади.

Халқ қабулхоналарида мурожаатлар билан ишлаш жойларда ташкил этилган сайёр қабулхоналар ҳам аҳоли эътиборини жалб этмоқда. Бунда аҳоли ва мутасадди раҳбарлар юзма-юз мулоқотга киришишмоқда. Бухоро шаҳри ва Шофиркон туманида ўтган сайёр қабулда электр энергиясидаги узилишлар, тоза ичимлик сув таъминоти, ҳудуддаги ички йўлларни таъмирлаш, деҳқончилик, чорвачиликни ривожлантириш ва бошқа масалаларда фуқаролар мурожаати қайд этилди.  Юзма-юз учрашувлар чоғида ҳокимлар ҳудудларда амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари, намунавий лойиҳадаги уй-жойлар, савдо дўконлари, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этиш, аҳолининг кам таъминланган оилалар фаровонлигини ошириш бўйича бажарилиши лозим бўлган  ишлар кўп эканлигини таъкидлашаётир.

Халқ қабулхонларида омма ўртасида сайёр қабулхоналар ва очиқ мулоқотларни янги босқичга кўтариш, аҳоли, умуман, ҳар бир фуқаронинг дардини тинглаш, фаровонлигини ошириш, жойларда ечимини кутаётган муаммоларга чек қўйиш сингари устувор вазифалар мужассамдир.

Лайло ҲАЙИТОВА