ОРЗУЛАРИ ДУНЁ БОЛАЛАР

Бугун ёшлар ташкилоти  билимдон ва зукко, иқтидорли ва салоҳиятли ўғил-қизлар билан мустаҳкам. Ва уларни ўз атрофига бирлаштирган. Хўш, билимда оқсоқ, доим кимлар биландир ёқалашиб юрадиган, безориликни хуш кўрадиган тарбияси оғир болалар-чи?! Уларнинг тақдирига панжа ортидан қараадими? Йўқ, албатта! “Камолот” ЁИҲ вилоят Кенгаши томонидан ИИБ профилактик ҳисобида турувчи ўғил-қизларга эътиборни янада кучайтириш, уларни жисмоний ва ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, жамият тақдири учун керакли инсон бўлиб вояга етишлари учун мустаҳкам замин яратиш мақсадида анъанавий тарзда ташкил этиб келинаётган ҳарбий спорт-соғломлаштириш оромгоҳларида жорий йилда 322 нафар болалар жалб этилди.

Ғиждувон туманида жойлашган “Коинот” оромгоҳига 35 нафар,  Жондор туманидаги “Ниҳол” оромгоҳига 20 нафар, Когон туманидаги “Гулхан” оромгоҳига 20 нафар, Бухоро туманидаги “Бунёдкор” оромгоҳига 18 нафар, Ромитан туманидаги “Ёш автомобилчи”га 20 нафар, Пешкў туманидаги “Ёшлик” оромгоҳига 24 нафар болалар жалб қилинди. Шунингдек, мазкур ҳарбий спорт-соғломлаштириш оромгоҳи ҳудудий манзилларда ҳам ташкил этилди. Вобкент туманида жойлашган “Ёш ирригаторчи”  оромгоҳига Вобкент ва Шофиркон туманларидан 50 нафар, Олот туманидаги “Роҳат” оромгоҳига олотлик ва қоракўллик 45 нафар,  “Ўзбектелеком” ОАЖ вилоят филиалига қарашли Бухоро шаҳридаги “Ёш алоқачи” оромгоҳига Бухоро ва Когон шаҳри, Қоровулбозор туманидан 90 нафар ўғил-қизлар ташриф буюришди.

“Ёш алоқачи”  каби сўлим оромгоҳлар бағрида ҳордиқ олишга жалб этилган ИИБ профилактик ҳисобида турувчи болалар етакчи ва фаол сардорларга биркитилган ҳолда ғоятда қизиқарли баҳсларда ўзларининг нималарга қодир эканликларини намойиш этишди. Дўстлик фазилатларига қаратилган “Ўзинг ҳақингда сўзла!” мавзуидаги танишув оқшоми ўғил-қизларнинг оромгоҳнинг илк кечасиниёқ хуш кайфият билан қарши олишларига туртки бўлди. Бирови рассом, бири муҳандис-қурувчи, яна бири банкир бўлишни орзулаган болаларнинг келажакдаги мақсадлари ҳавас қилгули. Бу борада уларни қўллаб-қувватлаш ва имконият яратишда ҳарбий спорт-соғломлаштириш оромгоҳининг ташкил этилгани айни ҳақиқат.

Оромгоҳнинг ҳар бир куни қизиқарли лойиҳа ва тадбирлар  билан кечгани болажонларнинг қизиқишларига сабаб бўлди. Вилоят ИИБ ҳамда вояга етмаганлар билан ишлаш комиссияси, соғликни сақлаш бошқармаси, прокуратура, маданият ва спорт соҳаси вакиллари билан ўтказилган “Сизни тинглаймиз, сизга кўмак берамиз” номли давра суҳбатлари болалар дунёсини ҳар томонлама бойитишда аҳамият касб этди. Суҳбат давомида қайсидир бола ёқалашгани, кимдир дарсларни сабабсиз қолдиргани, бирови қочоқлиги, ёки ўз оиласидаги муҳитдан безиб, майда безориликлар йўлига кириб кетганлиги ҳақида сўзлашар экан, ўтказилаётган тадбир ва учрашувлар уларни ноўрин ҳатти-ҳаракатлардан узоқлашишларига маънавий туртки бўлаётганини билдиришди.

Қизиқарли баҳс-мунозара спорт беллашувлари ва ҳарбий машқларга, шунингдек, маданий-маънавий-маърифий тадбирларга уланиб кетди.

Суннат Самандаров, Шаҳзод Қудратов, Аслбек Болтаев, Ситора Сафарова, Шахина Нутфуллаева, каби болалар спортнинг турли  йўналишларида “Спорт – ҳаётим!”, “Мен ҳам чемпион бўламан!” мусобақаларида ўзларини кўрсатишган бўлса, Аброр Усмонов, Сардор Исломов, Дилсора Қўшшаева,, Мамлакат Нуралиева, Муҳиддин Насимовлар “Китобим-офтобим”, “Шеърият-ҳамроҳим”, “Баҳру байт” мавзуидаги танловларда муносиб тақдирланишди. “Бетакроримсан, она Ватаним!” мавзуидаги иншолар танлови, айниқса, болажонларнинг мустақил диёримизга бўлган меҳр-муҳаббатлари нақадар беқиёс эканлигини яна бир карра исбот этди. Улар  ўз иқтидор ва истеъдодлари билан рағбатга муносиб кўрилди.

Ҳарбий спорт-соғломлаштириш оромгоҳининг диққатга сазовор яна бир жиҳати шуки, инглиз ва рус тили, рассомчилик  ва қўл ҳунари (мунчоқ ва қўғирчоқлар ясаш, кулолчилик, қуроқчилик) тўгараклари ҳамда  компьютер саводхонлиги тўгаракларининг мунтазам ташкил этилгани бўлди. Бунда улар меҳнатга ва ҳунар эгаллашга лаёқатли эканликларини кўрсатишди. Шунингдек, “Кўчма кутубхона”, “Театр томошалари” ҳам болаларга маънавий-руҳий озуқа берган бўлса, “Она табиатни ўрганамиз”, “Ўзингни намоён эт” экологик ҳаракат одимлари, “Жаннатмакон диёрим” мавзусидаги расмлар танлови,  “Мен сардор бўламан!”, “Сиз “Камолот” ва “Камалак”ни биласизми?”, “Камолот” экспресс” мавзуидаги семинар-тренинглар уларнинг фикрлаш қобилиятларини ва ўзлари суянишлари керак бўлган ташкилот ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишларига сабаб бўлди. “Оромгоҳ маликаси”, “Оромгоҳ қироли”, “Сув шоҳи”, “Энг ёқимтой қиз”, “Энг қобилиятли бола”, “Энг чиройли ҳуснихат эгаси”, “Энг ажойиб овоз соҳиби” каби қатор номинациялар бўйича ўтказилган танлов ва тадбирлар болаларнинг жамияда ўзларининг керакли эканликларини яна бир карра англашларида муҳим пойдевор бўлди.

Жуссаси нозик ва ёқимтой чеҳра Дилбар Баҳронова билан суҳбатлашар эканмиз, унинг ажойиб шеърлар машқ қилиб туришга қизиқиши борлигини кўрдик.

  • Мен оромгоҳга эмас, ўзимни эртаклар шаҳарчасига тушиб қолгандек ҳис қилдим. Жонажон диёримизда болалар шу қадар қадрланишларини янада чуқурроқ англадим. Қанийди, шу эрка фазилат нафаси бизнинг оиламизда ҳам уфурса. Аммо, оромгоҳдан олган маънавий озуқамни ўз оиламдагиларга ҳам сингдиришга ҳаракат қиламан. Меҳрибон ва жонкуяр ўқитувчиларимдан сўроқсиз дарс қолдирмайман, энди уйдан ҳам чиқиб кетмайман.

Дилбарнинг бу самимий сўзларига, негадир, ишонгимиз келди. Зеро, унинг нигоҳларида қатъият мужассам эди.

  • Бошқа тенгдошларимни билмадиму аммо оромгоҳда ҳордиқ кунларини янаям чўзишса, зўр бўларди. Бунда бассейнда истаганча чўмиласан, ўз иқтидорингни барча йўналишларда синаб кўриш имкони мавжуд, мазали таомларни айтмайсизми?! Аммо менда энг ажойиб таассурот қолдиргани “Оромгоҳ  радио”сидан мириқиб фойдалана олдим. Тенгдошларимга радио орқали  жонли ижрода қўшиқлар куйлаб бердим, шеърларни ёд айтдим. Ва келажакда радиожурналист бўлишга қарор қилдим.

Бухоро шаҳрилик 11 ёшли суҳбатдошимиз Азамат Шарипов жуда шўху шумтака бўлса-да, келажакда ундан “ялт” этган истеъдод соҳиби чиқишини англаш ҳам қийин эмасди. Дарҳақиқат, унинг жонли ижродаги  қўшиқларини ҳар куни мириқиб тинглашларини, доирадастликда ҳам иқтидори баланд эканлигини тенгдошлари яширишмади. Айниқса, Азаматнинг ёш радиорепортёрларга хос жўшқин овозга эгалигини очиб бера олган оромгоҳ унинг келажакда етук касб соҳиби бўлиб етишига ҳам сабаб бўлса, ажабмас.

Ҳа, ҳарбий спорт-соғломлаштириш оромгоҳи болалар ҳаётига туб бурилиш ясади. Улар оромгоҳда кечган қизғин ва ғоятда таассуротли дамларнинг сўнгги кунини ўзгача ҳаяжон билан қаршилашди. 10 кун давомида ўз қўллари билан ясалган сопол идишлару, мўъжазгина ёғоч буюмларни, мунчоқлар билан безанган тақинчоқ ва шодаларни бир-бирларига эсдалик сифатида тақдим этишди.

Улар “Хайрлашув гулхани” атрофида суҳбат уюштиришди. Шеър ва ғазаллар тараннум этишди. Кўргазмали чиқишлар ҳам хайрлашув оқшомига файз қўшди.

71 нафар ўғил-қиз ИИБ профилактик назоратдан чиқарилгани ҳақидаги тавсияномани қабул қилди. Бу, албатта, вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олишда аҳамиятини кўрсатади. Улар зукко,интилувчан ва ўз мақсади йўлида қатъиятли комил инсон бўлиб вояга етадилар.

Шаҳбоз СУВОНОВ, Саид ҚЎШШАЕВ,                                         Ҳаракатнинг вилоят Кенгаши “Ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий лойиҳалар” бўлими ходимлари