ЭКОЛОГИЯ ВА ОАВ

Ўзбекистон экологик ҳаракати Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси координатори Жаҳонгир Шарипов билан суҳбат

   – Аҳоли ўртасида экологик маданиятни юксалтиришда оммавий ахборот воситаларининг ўрни катта. Бу борада вилоятда ОАВ билан ҳамкорлик қандай йўлга қўйилган?

    – Республикамизда атроф-муҳит муҳофазаси ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасида мавжуд ҳамда қабул қилинаётган қонунлар ва қонуности меъёрий ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришда, ҳақиқатан ҳам,  ОАВларининг роли муҳим ўрин тутади.

Бухоро вилоятида экологик муаммоларни ҳал этиш ва бу борадаги қонунлар ижросини таъминлашда Ўзбекистон экологик ҳаракати вилоят ҳудудий бўлинмаси ва оммавий ахборот воситалари  ҳам ҳамкорлик ўтган йиллардагидан фарқли ўлароқ ижобий томонга ўзгарган. Ҳамкорликда олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида аҳолининг атроф-муҳитнинг тозалиги ва ободлигига, экологияни асраб-авайлашга нисбатан қарашлари ўзгарган. Яқинда Бухоро давлат университетида экоҳаракатнинг  вилоят ҳудудий бўлинмаси “Ёшлар қаноти” фаоллари,  вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси,   Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси, Саломатлик ва тиббий статистика  институти Бухоро филиали, вилоятдаги мавжуд ОАВ, жумладан, телевидение, “Маънавият сарчашмаси” газетаси таҳририяти ва бошқа оммавий ахборот воситалари ходимлари  иштирокида “Экологик муаммоларни ҳал этиш ва бу борадаги қонунлар ижросини таъминлашда Ўзбекистон экологик ҳаракати ва оммавий ахборот воситалари томонидан олиб борилаётган тарғибот”  мавзуида ўтказилган давра суҳбати ҳамкорликни янада кучайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилди.

– Бу, албатта, ўз-ўзидан кенг жамоатчилик, айниқса, ёшлар масъуллигини оширишда ҳам аҳамият касб этади.

 – Албатта. Оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик, тарғиботни кучайтириш ёшларнинг экологик маданияти, билими ва масъулиятини мунтазам ошириб боришга, уларнинг атроф-табиий муҳит ҳамда инсон саломатлиги муҳофазаси масалаларида иштирокини фаоллаштиришга, уларни табиатга меҳр-муҳаббат руҳида тарбия топишларини таъминлашга хизмат қилади.   Аҳолининг барча қатламларини дунёдаги ва минтақамиздаги  долзарб экологик муаммолар, унинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда бартараф этиш чораларидан хабардор бўладилар. Шунингдек, уларнинг экологик маданиятлари янада юксалиб, атроф-муҳитга эҳтиёткорона мунособатда бўлиш, табиат ресурсларидан оқилона фойдаланиш кўникмаларини шаклланади. Она Замин ва унинг  бағридаги ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёсининг ранг-баранглигига бўлган меҳр туйғуларини ошириш ёшларни Ватанга бўлган ишончларини яна бир карра уйғотиш, демак.

Мавзу Экология ва ОАВ ҳамкорлиги борасида экан, келинг, бу борада вилоятимиздаги рақам ва кўрсаткичларга бир назар ташласак…

– Экоҳаракат ҳудудий бўлинмаси ходимлари, эксперт ва фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларининг атроф-муҳит муҳофазаси борасида олиб борилган тарғибот-ташқиқот ишлари жараёнида газета ва журналларда 500 дан ортиқ, радио орқали 57 марта, республика ва маҳаллий телевидениялари орқали 238 дан ортиқ  чиқишлар кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилган. Биргина ўтган йилда бу кўрсатгич қўйидагича: газета ва журналларда 73 та, радио орқали 11 марта, республика ва маҳаллий телевидениялари орқали 46 марта чиқишлар бўлган. “Маҳалла”,”  “Бухоро” радиоси, “Экология хабарномаси” журнали, “Қишлоқ ҳаёти” газетаси “Бухоронома”, “Бухарский вестник”, “Маънавият сарчашмаси”, “Бухоро ёшлари”,  “Бухоро шифокори” каби вилоят газеталари, шунингдек, туман газеталарининг барчаси яқин ҳамкорларимиз сифатида тарғибот ишларида фаоллик кўрсатиб келмоқдалар. Албатта, юқорида айтиб ўтилган кўрсатгичлар мақсад ва вазифаларни тўлақонли амалга оширишда  кичик бир рақамлар, холос. Бу борада имкониятлардан янада самарали фойдаланиш, атроф-муҳит муҳофазаси ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасидаги кўрсатувлар ва мақолаларни кенгайтириш, шунингдек, журналистларнинг экология йўналишидаги чиқишларини кўрик-танловлар ўтказиш орқали рағбатлантириб бориш, Республика миқёсида ўтказиб борилаётган анъанавий экожурналистика танловида рағбатлантириш кўламини кенгайтириш, интернет тармоқларида Ўзбекистон табиати ҳақида маълумот бериб борувчи веб сайтларда ранг-барангликни  таъминлаш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.

– Қисқача суҳбатингиз учун раҳмат.

 “Бухоро ёшлари” жамоатчи мухбири Зулфизар Мавлонова      суҳбатлашди.