ЧЕГАРАДАН ЧИҚҚАН… ПАНД ЕЙДИ

Қулоғимизга ҳар қанча нохуш эшитилмасин, кейинги йилларда қизлар ўртасида содир этилаётган жиноятлар сони ошиб бормоқда.
Тўлиқсиз ўрта маълумотли Бухоро шаҳрилик Насиба Наврўзова ўз хомхаёллари қурбони бўлди. На бирор иш, на ўқиш этагидан тутган бу қиз кунора телефонлашиб турадиган, Россия Федерациясининг Москва шаҳрида мавсумий ишлаётган таниши Миршод исмли шахснинг олдига боришни мақсад қилди.

Оиласидагиларга бу ҳақда маълум қилса, қаршилик кўрсатилиши, табиий. Аксига олиб, ҳалигача фуқаролик паспортига ҳам эга эмас. Аммо, ўйлаб топган макру ҳийласи Насибанинг “муаммоси”га “ечим” топди. У ўз туғишган опаси Нияра Наврўзовага тегишли бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортини ўзининг уяли телефон аппаратига сим карта сотиб олиш баҳонасида қўлга киритди.Халқимиз азалдан қизларни фариштага менгзашади. Шоирлар уни “малак” дея тасвирлайдилар. Йигитлар севиб, “нозик” деб атайдилар. Ота-оналар эса фариштадек қизларининг кундан-кун дуркунлашиб бўй чўзаётганини кўриб, дам қувонсалар, дам хавотирга тушадилар. Негаки, қизнинг табиати, феъл-атворидаги ўзгаришлар ота-она зиммасига катта масъулият юклайди. Бироқ, қиз бола носоғлом оила муҳитида ўниб-ўсган, хулқ-атвори маҳалла-кўй эътиборидан четда бўлса-чи?! Табиийки, бундай қиз ўз хомхаёллари дунёсига ғарқ бўлади. У қирқ туяга юк бўлгули макрини ишга солса, иблисни ҳам йўлда қолдириши, кўпчиликни ақлдан оздириши, рост экан…

Илк режасини силлиққина амалга оширган Насибани энди, ҳатто, қасддан катта жиноят сари қадам ташлаётганда ҳам на ҳадик, на ҳаяжон чулғамасди. У Ўзбекистон-Қозоғистон-Россия Федерацияси йўналиши бўйича ҳаракатланиш учун Қорақалпоғистон Республикасининг Қозоғистон билан чегарадош ҳудуди “Довуд ота” чегара назорати ўтказиш масканига келади. Давлат чегара назорати хизмати ходимларига опаси Нияра Наврўзованинг фуқаролик паспортини тақдим этган ҳолда Қозоғистон Республикаси ҳудудига қонунга хилоф равишда ўтади.

Golden scales of justice, gavel and books wood brown backgroundМаълумки, чет элга чиқиш учун давлатимизда мавжуд бўлган қонунларни ва чегарадан ўтиш тартибини бузиш давлатимиз қонунларида жиноят ҳисобланади. Ҳикоямиз қаҳрамони ўзининг бу қалтис ҳатти-ҳаракатлари билан “Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси тўғрисида”ги қонуннинг 15-моддаси талабларини қўпол равишда бузган.

Хамирдан қил суғургандек Россия Федерацияси томон йўллари “очилиб” бораётган Насиба Ўзбекистон-Қозоғистон-Россия Федерацияси йўналиши бўйича ҳаракатланаётган нотаниш енгил автомашина эгаси билан Россия Федерациясигача бориш учун кира ҳақини “келишиб” манзил сари равона бўлади. Бироқ, Қозоғистон Республикасининг чегарадош ҳудудидан ҳали узоқлашиб улгурмаган Насибанинг ўзбошимча ҳатти-ҳаракатларидан хабар топган онаси Ҳакима Наврўзованинг қатъий талаби билан у ортга қайтишга мажбур бўлади. Ва Қозоғистон-Қорақалпоғистон йўналишидаги поездда Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудуд ҳисобланган “Каракалпакия” т/й чегара назорати ўтказиш масканига келиб, яна опаси Нияра Наврўзовага тегишли бўлган фуқаролик паспортини тақдим этади. Мамлакатимиз қонунчилигида белгиланган тартибни бузиб такроран, чегарадан ноқонуний йўл билан Ўзбекистонга Республикасига киради.

Мамлакатимизда давлат тинчлигини асраш, чегара сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган  саъй-ҳаракатларга қарамасдан, Насибага ўхшаган кимсаларнинг давлат чегараларини бузишга, макру ҳийла билан яширин ва айланма йўллар орқали  ҳудудлардан ноқонуний тарзда ўтишга уринаётгани содир бўлиши мумкин бўлган турли кўринишдаги глобал жиноятлар: одам савдоси, терроризм, диний экстремизм, наркобизнес каби совуқ иллатларга йўл очмай қўймайди.

Ҳар бир жиноятга жазо муқаррар, албатта. Чегара постларини ноқонуний йўллар билан четлаб ўтишга уринган Насиба Наврўзова томонидан содир этилган қинғир иш Жиноят ишлари бўйича Жондор туман суди томонидан кўриб чиқилди. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига кўра жазо чораси белгиланди. Суд жиноятчига қонуний асосда жазо тайинлади.

Бугун мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, эркинликлари ва тенгликларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар кўлами ниҳоятда кенг. Лекин бу имкониятлардан номуносиб тарзда фойдаланиб, ўзбошимчалик билан, чегарадан ошиб кетгудек хомхаёлларга берилиб, қонунларни назар-писанд қилмай, уни четлаб ўтишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Зеро, қонунни бузган панд ейди.

Ушбу мақолани эътиборингизга ҳавола қилишдан мақсад эса, менталитетимизга ёт саъй-ҳаракат ҳамда ноқонуний йўллар билан чет элга боришни хомхаёл қилиб юрган хотин-қизларимизни, фуқароларимизни яна бир карра огоҳлантириш.

Б. ЖАББОРОВ,

жиноят ишлари бўйича Жондор тумани суди раиси,

Лайло ҲАЙИТОВА,

журналист.