Фуқаролик жамияти:  КЕЧА ВА БУГУН

“Биз учун фуқаролик жамияти – ижтимоий макон. Бу маконда қонун устувор бўлиб, у инсоннинг ўз-ўзини камол топтиришга монелик қилмайди, аксинча, ёрдам беради. Шахс манфаатлари, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўла даражада рўёбга чиқишига кўмаклашади”

ИСЛОМ  КАРИМОВ

 “Фуқаролик жамияти” тушунчасининг илдизларига назар ташлайдиган бўлсак, у Аристотел ва Цитцерон сингари кўҳна дунё файласуфларининг изланишларига бориб тақалади.

11

Аристотел фуқаролик жамиятини “politike koinonia”, яъни “сиёсий бирлик – ҳамжамият” деб атаган эди. Мазкур тушунчанинг лотин тилидаги ифодаси “societas civilis”. Унинг замирида “zoon politikon” – “сиёсий мавжудот” сифатидаги инсон тушунилган. Шунингдек, бу даврда “фуқаролик жамияти” тушунчаси “сиёсий жамият”нинг муқобили сифатида ишлатилган. Зеро, қадим юнон ўлкасида оила, эътиқод, маърифат, маданият, санъат, умуман ҳаётнинг барча қирралари сиёсийлаштирилган эди.

Қадимда фуқаролик жамияти тушунчаси билан давлат тушунчаси ўртасида, деярли, фарқ бўлмаган. Масалан, Арастунинг фикрича, “Давлат – бу фуқароларнинг, фуқаролик жамиятининг умум уюшмасидан бўлак нарса эмас”. Бундан кўринадики, Арасту “давлат” тушунчаси билан “Фуқаролик жамияти” тушунчасини айнан бир хил нарса, деб талқин қилган.

Фуқаролик жамиятига доир юқоридаги каби илк қарашлар узоқ вақтгача яшаб келган. Шахс эркинлиги ғоясини тинмай тарғиб қилган Ж.Локк ва И.Кант сингари файласуфлар ҳам “фуқаролик жамияти” деганда, аввало, “давлат”ни тушунишга мойил бўлганлар. Аммо бора-бора фуқаролик жамияти билан мутлақ давлат маҳкамалари (институтлари) ўртасидаги тафовут кўзга яққолроқ ташланаверган.

Европада фуқаролик жамияти тўғрисидаги дастлабки ғоялар XVII аср ўрталарида, Томас Гобснинг “Табиий ва сиёсий қонун унсурлари” ва “Фуқаро ҳақида” шунингдек, бошқа давлат ва ҳокимият ҳақидаги асарларида ўз ифодасини топганидан кейин пайдо бўлган.

Фуқаролик жамияти ғояси, Европа уйғониш даврида Г.Горатций, Ш.Монтеские, Ж.Ж.Руссо ва бошқаларнинг асарларида ҳар томонлама жиддий тадқиқ этилади. Аммо “Фуқаролик жамияти” деган тушунча фақат XVIII асрнинг охирларидагина фанда барқарорлашган. Шу даврдан бошлаб фуқаролик жамияти долзарб ижтимоий-сиёсий тасаввур ва тушунча сифатида такомиллашиб борган.

Фуқаролик жамиятининг шаклланиши – бу умумжаҳон тараққиётининг ҳозирги ривожланиш босқичи бўлиб, анъанавий жамиятдан цивилизациялашган жамиятга ва аграр жамиятдан агроиндустриал жамиятга ўтиш босқичидир.

Шарқ мутафаккири Абу Наср Фаробий ҳам фозил жамоани вужудга келтиришга доир ўз илмий изланишлари билан фуқаролик жамияти назариясининг шаклланишига катта хисса қўшган. Аллома ўзининг бу асарида жамиятнинг келиб чиқиши ҳақида шундай ёзади: “Ҳар бир инсон ўз табиати билан шундай тузилганки, у яшаш ва олий даражадаги етукликка эришмоқ учун кўп нарсаларни қўлга кирита олмайди, уларга эга бўлиши учун кишилик жамоасига эҳтиёж туғилади, шу сабабли, яшаш учун зарур бўлган, кишиларни бир-бирига етказиб берувчи ва ўзаро ёрдамлашувчи кўп кишиларнинг бирлашуви орқалигина одам ўз табиати бўйича интилган етукликка эришуви мумкин”.

Дарҳақиқат, тарих ва бугун уйғунлаштирилганда, фуқаролик жамиятининг асосий белгиларининг сиёсий ҳаётнинг ва сиёсий институтларнинг мафкура ва фикрларнинг хилма-хиллиги, кўппартиявийлик, ўзини-ўзи бошқариш органлари мавқейининг баландлиги ҳамда жамиятни бошқаришда оммавий ахборот воситалари ролининг катталиги ва ҳокозолардан иборатлигини англаш мумкин.

Айтиш жоизки, фуқаролик жамиятининг энг муҳим белгиси фуқароларнинг давлат тузилмалари фаолияти устидан тўлиқ назоратни амалга оширишда намоён бўлади. Бунда фуқароларнинг давлат учун эмас, балки давлатнинг фуқаролар учун хизмат қилиш тамойили устувор аҳамият касб этади ва ҳар бир фуқаронинг жамият аъзоси сифатидаги имкониятлари тўлиқроқ юзага чиқади.

Фуқаролик жамиятида инсонларнинг интеллектуал салоҳияти ўсиб, жамият ижтимоий-иқтисодий имкониятлари кенгайиб боришига мос равишда мустаҳкамланади ва ривожланади.

Акмал ДАВЛАТОВ,

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмаси  катта мутахаcсиси.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди лойиҳаси асосида тайёрланди.