Шу шиор остида ёшларнинг ижтимоий кайфияти, уларни қийнаётган муаммолар, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий-маърифий ҳамда маданий масалалар бўйича уларнинг таклиф-истакларини ўрганиш мақсадида ўтказилаётган очиқ мулоқотлар мамлакатимиз ёшлари қатори кўпминг сонли вилоятимиз ёшлари учун ҳам қизғин минбарга айланди.
Маълумки, мазкур учрашувлар давомида ёшлар томонидан билдирилган барча муаммо ва таклифлар батафсил ёзиб олиниб, уларни умумлаштирган ҳолда таҳлил этиш орқали ҳал этилишига қараб, маҳаллий ва ҳудудий ҳокимликлар, вазирлик ва ташкилотлар ҳамда Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади.
Бухоро муҳандислик-технология институти, Жондор Саноат касб-ҳунар коллежи, Когон туман Маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи, Қоракўл Саноат ва Транспорт касб-ҳунар коллежи, Қоровулбозор тумани Нефтчилар маданият саройи каби барча туман (шаҳар)ларнинг турли муассасаларида бўлиб ўтган шундай учрашувларда Ҳаракатнинг раҳбар ходимлари, таниқли, ёшлар ўртасида ҳурмат қозонган адиблар, санъаткорлар ва спортчилардан иборат Республика ишчи гуруҳи аъзолари ташриф буюришди.
Очиқ мулоқотлар давомида ёшлар дадилликка, ўз фикр-ўйларини эркин баён этишга чорланди. Ва албатта, бу учрашувлар кўп сонли ёшлар контингентини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, орзу-интилишларини рўёбга чиқаришга кўмаклашишда сафарбар эканлиги баён этилди. Дарҳақиқат, фаол ёшлар бундай учрашувлардан оқилона фойдалана олишга ҳаракат қилишди.
Судоба Ибрагимова: Мамлакатимиз шарафи спорт орқали дунёга донг таратмоқда. Бу соҳада олиб борилаётган амаллар таҳсинга муносиб. Бироқ, айтиш жоизки, спортнинг турли соҳаларида ютуққа эришаётган кўпчилик ёшлар иқтисодий муаммо сабаб халқаро мусобақаларда иштирок эта олишмайди. Айтиш жоизки, спорт федерациялари ҳам ёш спортчиларни бу борада етарлича маблағ билан таъминлаш имконига эга эмас. Шу жиҳатларга эътибор зарур.
Хуршид Мансуров: Маълумки, бугунги кунда қарийб барча ижтимоий-иқтисодий амаллар пластик карталар орқали амалга оширилади. Худди шу тартиб йўналишли автобуслардан фойдаланишда ҳам жорий этилиши, ёки улардан фойдаланиш учун йўл чипталари харид қилиш имкони яратилиши таклифини билдираман.
Озода Жўраева: “Қизбиби” зиёратгоҳи Жондор туманининг қадим обидаларидан. Бугунги кунда унинг нураб бораётгани назаримиздан четда эмас. Ушбу зиёратгоҳни қайта реконструкция қилиш – муҳим. Бу, албатта, ўлмас тарихимизнинг бойитилишига улкан ҳиссадир.
Ислом Ҳикматов: Бугунги кунда туман марказлари ҳам бетакрор иншоотлар билан чирой очмоқда. Интернет клублар, замонавий кўринишдаги кафею чойхоналар, бозорлар расталари кишига завқ бағишлайди. Бироқ, айтиш жоизки, булар ёшларнинг маданий ҳордиқ олиши учун етарлича имконият эмас. Шу нуқтайи назардан, туманлар марказида маданият саройи ёҳуд кинотеатрлар барпо этилиши, ёхуд мавжудларининг фаолияти қайта жонлантирилиши таклифини билдираман.
Мадина Қурбонова: Академик лицей ёки касб-ҳунар коллежларини битириб, Олий таълим муассасаларига ўқишга киролмаган кўплаб тенгдошларимиз турли хорижий давлатларга иш излаб кетишмоқда. Ўз юртимизда уларнинг иш билан бандлигини таъминлаш учун зарур чора-тадбирлар белгилаш бугунги кун талабига айланиб бормоқда. Зеро, бу орқали ёшларимиз билан турли хориж давлатларида содир бўлиши мумкин бўлган салбий ҳолатлар олди ҳам олинишига, шубҳа йўқ.
Нодирабегим Тошева: Диёримизда барча миллат вакиллари қадр ва эъзозда. Биргина вилоятимизнинг ўзида ўттизга яқин Маданий марказлар мавжуд. Бухоро Маданият коллежи айнан маданият йўналишида жамиятимизга касб-кор эгаларини етказиб бермоқда. Демак, Маданият коллежи битирувчилари айнан Маданий марказлар билан фаолият олиб боришга даҳлдор. Шу нуқтайи назардан, албатта, бошқа миллатлар тилини камситмаган ҳолда, Маданият коллежида рус тили гуруҳи ташкил этилиши таклифини билдираман.
Шунингдек, ёшлар билан ўтказилган очиқ мулоқотлар давомида ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, спортни оммалаштириш, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, баркамол авлодни ҳар жиҳатдан соғлом қилиб тарбиялаш, ўзбек санъатини янада юқори даражага кўтариш масалаларига оид таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.