Жорий йилнинг 14 сентябрида янги таҳрирдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди ва ушбу Қонун 15 сентябрда матбуотда эълон қилинди ҳамда кучга кирди. У – ёшларнинг бугуни ва эртаси учун муҳим дастуриамалдир. Янги таҳрирдаги ушбу Қонунда барча йўналишларда қилинадиган ишлар аниқ-равшан кўрсатиб берилган. Бугунги кунда ёшлар мазкур Қонунни чуқур ўрганиб боришмоқда.
Бу борада ёшлар фикрини эътиборингизга ҳавола қиламиз:
Наргиза Остонова:
-Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2016 йил 9 февралдаги қарори билан тасдиқланган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури асосида ишлаб чиқилган ушбу Қонуннинг мақсади ва асосий принциплари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, амалдаги қонун ҳужжатлари ва халқаро ҳужжатлар нормаларига асосланганлиги билан диққатга молик. Мазкур ҳужжат биз, навқирон авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, жамият ҳаётида янада фаол иштирок этишимиз ва ҳеч кимдан кам бўлмаган инсон сифатида камол топишимизда муҳим дастуриламал бўла олади.
Нигора Жумаева:
– Ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги давлат бошқаруви жараёнида иштирок этадиган ҳар бир субъект ваколатлари мустаҳкамланган ҳолда такомиллаштирилган ушбу Қонунда ёшлар фаолиятини ҳар томонлама ривожлантиришни рағбатлантирадиган қўшимча давлат кафолатларини кенгайтириш ва ўрнатишга, шунингдек, ёшлар ўртасида тадбиркорликни янада ривожлантиришга кенг ўрин берилганлиги билан аҳамиятли. Мен ўрта махсус касб-ҳунар коллежини тугатиб, маиший хизмат шахобчасини ташкил этдим ва ўз тадбиркорлигимни бошладим. Энг қувончлиси, айни тадбиркорлик фаолиятимни бошлаган кунларим арафасида янги таҳрирдаги мазкур Қонун қабул қилинди ва ўйлайманки, ушбу Қонун тадбиркорлик соҳасидаги фаолиятим ривожида мустаҳкам ўрин тутади.
Жаҳонгир Ҳотамов:
– Қонунда ёшлар нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий мақоми, шунингдек, улар фаолиятининг кафолатлари белгиланганлиги муҳим. Ёшлар учун қўшимча кафолатлар, яъни бепул умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими олиш, таълим муассасаларида ўқишга имтиёзли кредитлар тақдим этиш, таълим муассасаларини битирганидан кейин ёшларнинг бандлигини таъминлаш масалалари Қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган. Бундан ташқари, ҳужжатда мукофотлар, стипендиялар белгилаш, таълим грантларини тақдим этиш, фан, маданият ва санъат соҳасида ижодий устахоналар ва мактабларни ташкил этишга кўмаклашиш, спорт секциялари фаолиятини ташкил этиш каби масалалар орқали истеъдодли ёшларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг кафолатланганлиги диққатга сазовор. Шунингдек, етим, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш ва бошқа муҳим аҳамиятга молик масалалар борки, бу албатта, халқимизнинг меҳр-оқибатли эканлигини, мамлакатимизда инсон қадру қиммати баланд эканлигини Қонунларда ҳам акс этганида ифодалайди.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, мазкур қонун ёшларнинг жамиятдаги ўрнини ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва уларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Ушбу Қонун Ўзбекистонда яшаётган, ўз тақдирини юрт тақдир билан боғлаган неча миллионлаб йигит-қизлар порлоқ истиқболининг ҳуқуқий кафолатига айланди. Демак, энди улар Ватан тараққиёти йўлида янаям кўпроқ меҳнат қилмоғи, шижоат кўрсатмоғи даркор.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди лойиҳаси асосида тайёрланди.