Қуйидаги воқеалардан шу нарса аён бўладики, ёшлар хулқ-атворига, айниқса, ота-оналар фарзанд тарбиясига жиддий ёндошишлари даркор. Болага қараб, унинг оиласига, шажарасига ҳамда унинг маданиятига баҳо беришади. Дунёда тўрт амални бажарган кишига савоблар ёғилар экан. Шулардан бир солиҳ фарзандни вояга етказишдир. Орзулари осмон болаларнинг туйғуларида чиркин ва зарарли ёт фикрлар бўлишига йўл қўймайлик, токи мурғак қалбларга ҳеч бир ёв раҳна солмасин.
“ШАЙТОН” МАЪЛУМОТЛАР
Яқинда салқин ичимлик олиш мақсадида дўконга кирдим. Унинг ёнида май ва шароб дўкони жойлашган. Беихтиёр у ерда харидорларга спиртли ичимликларни сотишда сотувчига ёрдамлашаётган мактаб боласига кўзим тушди. Бола дўкон хўжайинининг ўғли экан. Ҳайратланарлиси, бола дўкондаги юздан ортиқ спиртли ичимликларнинг номи, ишлаб чиқарилган жойи ва нархини ёддан билади. Энг ачинарлиси, сифатини ҳам баҳолай олади. Қизиқиб боладан уларнинг қайси яхшию қай бири ёмон эканлигини қайдан биласан?-деб сўраганимда, дадам ҳаммасидан ичиб кўрганлар, биладилар, деб жавоб берди.
Ҳақли бир савол туғилади. Нега, бола бунча маълумотни ўрганган. Албатта, отаси дўкон ишини ўргансин, менга кўмаклашсин дегандир-да! Ёки бу замонавий ҳунар турларими? Хаёлингиздан бир фикр ўтади. Қанийди, бола шу “шайтон маълумотлар” ўрнига бадиий асарларнинг номи, унинг муаллифи ҳамда мазмуни ва воқеаларини ёддан билса?
КИЧКИНА ЖАБДИЙДА
Кун бўйи ёмғир ёғди. Шаллабо кунда даласига бормаган Зафар уч-тўртта оғайниси билан нарда ўйнаб, кунни кеч қилди.
- Зафар, сеникида нима бор?-киноя аралаш сўради Ғанишер.
- Ҳамма нарса, “беш юлдузли”дан ташқари. Аммо ҳозир нозир қиламиз,-деди-да Зафар эшикдан бошини чиқариб-чиқармай бақирди:
- Ҳов, Шерзод!
- Лаббай, дада!
- Бор, дўконга чоп, ароқ билан сигарет олиб кел!
- Дада, ёмғир ёғяптику,-ҳадик билан сўради Шерзод!
- Ўлмайсан, ҳов тирранча, мани жўраларимнинг олдида шарманда қилма! Дўкондан ароқсиз қайтма!
Дўкон уларнинг ҳовлисидан анча узоқроқда. Аксига олиб, ёмғир тинмайди. Бирнави қилиб дўконгача етиб борган Шерзод эшикка қулф солинганини кўриб, ҳафсаласи пир бўлди. “Дўкондан ароқсиз қайтма!” дея ўдағайлаган дадасининг феълидан чўчиб, дўкон эгасини анча кутди.
Кеч кирди. Ёмғирдан уст-боши жиққа хўл болакай дадаси айтган нарсаларни олиб, уйга кирди.
- Ҳой, итнинг боласи, дўкон билан уйннг орасида тоғ битибдими,-дея ўшқирган дадасининг гапини ҳам эшитиб-эшитмай, ҳушдан кетди.
…Тонг отганда кўзини очган етти ёшли болакайнинг бошида онаси йиғлаб турарди.
МЕН ЕТИМ ЭМАСМАН…
Дарс кетаётганди. Синфхонага маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари ҳовлиқиб кирди:
- Розия опа, сизда нечта чин етим, нечта чала етим бор? Рўйхатини тезда туманга етказишимиз керак!
Ўзидан гапи совуқ “маънавиятчи” дарсда ўтирган ўттиз жуфт беғубор кўзнинг, митти нигоҳларнинг таънали қарашларини сезмади, ҳатто. Хонага ёқимсиз сукунат чўкди. Фалокат ортидан отасидан айрилган Дониёр, онаси вафот этган Сарвиноз, ота-онаси ажралишиб, тоғасининг қўлида қолган Муродилла…
Орадан ой ўтиб, байрамларнинг бирида болаларга кийим-кечак тарқатилди.
- Менга керакмас!!!-Дониёрнинг бақириб юборгани синф хонасини ларзага солди.
- Аъло ўқиганинг учун, ўғлим!-деди тўлиб-тўлиб йиғлаётган болакайнинг бошини силаб директори.
- Мен етим эмасман!
- Мен ҳам!!!
БОЗОРДАГИ “ХАМЕЛИОН”
Ойим билан бозорда юрганимизда тўсатдан бир сотувчининг харидорга бақираётганига кўзимиз тушди.
- Сотиб олмасангиз, нархини сўраб нима қиласиз?!-дея жеркиб гапирарди сотувчи. Бечора харидор, ростдан ҳам ундан нарса харид қилмади. Бироқ, қизиқиб нарх сўраганига минг пушаймон бўлганча, нари кета бошлади.
Воқеани кузатиб турган башанг кийинган аёл “жанжал”га аралашди.
- Бу қанақаси, синглим, харидор бўлгандан кейин молингнинг нархини сўрайди-да! Онанг тенги аёлга шундай муомала қилишга уялмайсанми?
- Мен сизга гапирмадимку, опажон, келинг, нима оласиз?-мулойимлик билан гапирди сотувчи бу харидорга…
Ҳа, ҳаётда ҳар хил ҳолатларга дуч келамиз. Баъзида менсимаган одамимиз биз учун энг керакли инсонга айланиши мумкинлигини ҳар доим ҳам ўйлайвермаймиз. Ҳалиги сотувчи одмигина кийинган харидорни жеркиб гапириши, башанг, чиройли кийинган аёлга эса мулойимлик қилганлиги унинг одамларнинг либосига қараб, муомала қилишга ўрганиб қолганлигини билдиради.
Инсон кўрки – либос, дейишади. Балки баъзилар учун шундайдир. Лекин инсонга зеб бериб турувчи унинг одоби, ақли ва ширинсуханлиги эмасмикан?
Соҳиба ДИЁРОВА